Ёзувчи фикри: 'Шарқ тароналари' чиройли конфет қоғози

Image caption 'Шарқ тароналари' ҳар икки йилда бир ўтказилади.

Самарқанд шаҳрида "Шарқ тароналари" мусиқа фестивали тантанали очилган.

Тантанали маросимни Ўзбекистон телевидениеси тўғридан-тўғри намойиш этган, телетомошабинлар Президент Ислом Каримов рақсга тушаётган пайти жонли эфир узилиб қолганини кўрганлар.

"Шарқ тароналари" 1997 йилдан буён ҳар икки йилда бир ўтказилади.

Ўзбекистон ҳукуматига кўра, фестивал Ўзбек маданияти ва тарихини дунёга ёйишда муҳим тадбир ҳисобланади ва йил сайин дунёда машҳур бўлиб бормоқда.

ЎзА ахборот агентлиги хабар қилишича, 1997 йилдаги илк фестивалда 31 мамлакатдан мусиқачилар қатнашганлар.

Бу йил эса Самарқандга 52 мамлакатдан санъаткорлар йиғилган.

Самарқанд шаҳридаги тантанали очилиш маросимида ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова ҳам нутқ сўзлаган.

"Шарқ тароналари" чиндан ҳам Ўзбекистонни машҳур қилаяптими?

Биз ушбу саволни ўзбекистонлик таниқли адиб Рифат Гумеровга бердик.

Рифат Гумеров: "Шарқ тароналари" ва Ўзбекистонда ўтказиладиган бундай тадбирларнинг ҳаммаси PR-кампанияларидир. Ва улар бугунги воқелигимиз кўзгусидир. Бу бинонинг ташқи кўринишига ўхшайди. Яъни, бинонинг ташқи томони ранг бериб бўяб, чиройли қилинади. Ҳамма мамлакатлардан меҳмонлар чақирилади. Одам қанча кўп бўлса, улар орасида машҳурлари қанча кўп бўлса, бу тадбир шунча муваффақиятли ўтди, деб кўрилади. Аммо бинонинг ташқи кўринишидан ташқари бинонинг ўзи ҳам мавжуд. Бу бинонинг ичи қандай? Ичкаридаги ёш, истеъдодли боланинг мусиқа билан шуғулланишга имконияти борми? У севимли мусиқасини ўрганаяптими ё тирикчилик учун пул топишга мажбурми? Мана асосий гап қаерда.

Би-би-си: Лекин мана охирги йилларда мусиқа мактаблари, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, моддий ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон президентининг бир неча фармони, ҳукуматнинг бир неча қарори эълон қилинди. Яъни ҳукумат бу масалага ҳам эътибор бераяпти.

Рифат Гумеров: Мен шу пайтгача бирорта ёмон қарор ёки фармонни кўрганим йўқ. Ҳаммаси чиройли ёзилган. Лекин уларнинг ижроси-чи? Бу ҳақда яқинда Гулнора Каримованинг ўзи ҳам тан олди. Қарор халққа етиб боргунча унга қўшимча ҳужжатлар қўшилиб-қўшилиб ўлиб бўлади. Ҳақиқий ҳаёт ва қарор - бу иккови иккита ҳар хил ҳаёт. Сиз тонналаб қарор чиқаринг. Аммо одамнинг қорни оч бўлса, унинг қулоғига санъат кирадими?

Би-би-си: Лекин ўзининг ёш мамлакатини дунёга кўрсатишни истаётган ҳамма собиқ Шўро мамлакатлари бундай тадбирларни ташкил қилаётганини кўриш мумкин. "Шарқ тароналари" Ўзбекистонни, Ўзбек мақомларини дунёга ёйиш учун муҳим эмасми?

Рифат Гумеров: Мен "Шарқ тароналари"га қарши эмасман. Аксинча, мен буни яхши дейман. Лекин уни ўтказиш йўли менга чиройли конфет қоғозини эслатади. Қоғоз чиройли, ичини очсанг, ҳеч нарса йўқ. Агар сен келиб-кетиш пулини тўласанг, яхши меҳмонхонадан жой тайёрлаб берсанг, сенинг олдингга 100 эмас, 200 та мамлакатдан меҳмон келади. Мен бундай фестиваллар оддий одамларнинг ҳаёти яхшиланиб ўтказилса, дейман. Одамлари тўқ юртга тўй ҳам ярашади, демоқчиман.

Бу мавзуда батафсилроқ