Тошкент милицияси пойтахтни 'дайдилар'дан тозаламоқда

Image caption Вақтинчалик рўйхатга олиш милиция учун даромад манбаъи экани айтилади

Мустақиллик байрами арафасида пойтахт милицияси рўйхатдан ўтмаган фуқароларни Тошкентдан чиқариб юбормоқда.

29 август куни Тошкентнинг Юнусобод туманида олиб борилган "тозалаш" амалиётида ўнлаб вилоятдан келган фуқаролар ушланиб, милиция идорасига олиб кетилган.

Уларнинг орасида бўлган таниқли ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоеванинг укаси Расулжон Тожибоевнинг Би-би-сига айтишича, милиция ходимлари уни Ҳасанбой даҳасида ўзи вақтинчалик яшаб турган дўстининг ҳовлисидан олиб кетишган.

"Паспортимни олиб чиқай дегандим, гапимга қулоқ солмай, қўлимни қайириб, автобусга ўтқазишди. Автобус одамлар билан тўла эди", - дейди Расулжон Тожибоев.

Ҳозирда Юнусобод туман ички ишлар идорасида ушлаб турилган Тожибоевнинг сўзларига кўра, у билан бирга милиция бўлимида 20 га яқин одам бор.

Уларнинг ҳаммаси вилоятдан келганлар.

"Ҳаммамизни суратга тушириб, қандайдир қоғозларни тўлдиришаяпти. Менимча,"Панельный"га олиб боришса керак", - дейди Расулжон Тожибоев.

Ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида ўтказиладиган бу каби "тозалаш" амалиёти натижасида қўлга олинганлар "Панельный" даҳасида жойлашган "Дайдиларни сақлаш ва тақсимлаш маркази"га, у ердан эса мажбуран уйларига жўнатилиши айтилади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси навбатчи ходимининг Би-би-сига айтишича, байрам арафасида пойтахт бўйлаб бу каби тозалаш амалиётлари "ўз-ўзидан ўтказилади".

Ҳар бир район милицияси ўз ҳудудидаги вазиятдан келиб чиқиб, бундай тадбирларни ўтказиш ваколатига эга", - деди пойтахт милицияси вакили.

Аммо у Тошкент бўйлаб ўтказилаётган тозалаш амалиётларида жаъми қанча одамнинг ушлангани ёки пойтахтдан чиқариб юборилгани ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

Сўнгги йилларда хавфсизлик хавотирлари боис расмий Мустақиллик тантаналарини вилоятларда байрамдан анча олдин ўтказиш удумга кирган.

Прописка тартиби

Расулжон Тожибоев бир неча йилдан буён Тошкентда вақтинча рўйхатда тургани, амалдаги тартибга мувофиқ ҳар 6 ойда рўйхатни узайтириб келганлигини айтади.

Аммо унинг айтишича, рўйхатни узайтиришларини сўраб қилган охирги мурожаати рад этилган.

"Тартиб ўзгарди, дейишди. Фақат касалларни вақтинчалик рўйхатга олишаркан", - дейди Расулжон Тожибоев.

2011 йил июлида Ўзбекистон парламенти шўро давридан қолган прописка тартибини қонунийлаштирган.

Қонун чиқарувчиларга кўра, ушбу ҳужжат "вилоятлардан пойтахтга келаётган аҳоли вакиллари учун қулайлик яратади".

Унда "Прописка" сўзи шу ҳолича сақлаб қолинган.

Ҳозирда асосан, пойтахтдан уй-жой сотиб олган ёки тошкентликлар билан никоҳ қураётганларнинг вақтинча рўйхатдан ўтказилаётгани айтилади.

Янги қонун қабул қилиниши ортидан пойтахтга келаётган фуқароларни вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш милициянинг ҳудуд назоратчиларига юклатилган.

Прописка тартиби амалда милиция учун катта даромад манбаъи экани айтилади.

Вақтинчалик рўйхат фуқароларга Тошкентда ишлаш, ўқиш ва тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини беради.

Ўзбекистонда ички миграция, жумладан, қанча одамнинг вилоятлардан Тошкентга келиб ишлаши билан боғлиқ статистик рақамлар ошкор этилмайди.

Норасмий манбаъларга кўра, ҳар йили камида 1 миллион одам тирикчилик илинжида пойтахтга иш излаб келади.