UzWebiston: Twitter фойданалувчилари президент қизидан ёрдам сўрашди

Image caption Гулнора Каримовани Twitter орқали кузатиб борувчилар 37 мингга яқинлашган

Twitter фойдаланувчилари Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага меҳнат муҳожирлиги, банк тизими ва контракт тўловлари юзасидан мурожаат қилганлар.

"Яхши мутахассислар ишсиз юришипти ва хорижда иш қидиришмоқда. Бу қайғулидир," - деб ёзган Гулнора Каримовани Twitter орқали таъқиб этувчилардан бири.

"Кўпларнинг ишонишича, бу муаммо... аммо бошқаларга кўра, мамлакатда ҳаттоки кам тажриба ёки етарли билимга эга мутхассисларни топиш амалда имконсиз. Ўз ишини биладиган профессионал эса анқонинг уруғи," - деб жавоб қайтарган Гулнора Каримова.

Яна бир Twitter фойдаланувчиси Ўзбекистондаги иш берувчиларни тажрибали эмас, кам маошга ишлайдиган мутахассислар қизиқтиришини айтади.

Гулнора Каримова Ўзбекистонда муваффақият қозониш учун одамлар қаттиқроқ ишлаши кераклигини қўшимча қилган.

"Мамлакатда ишни жўялироқ юритиш учун кўпроқ масъулият ва профессионал садоқат талаб қилинади," - деб ёзган Гулнора Каримова.

"Биз тадбиркорликни мамлакат бўйлаб кўтаришимиз керак. Биз уларга тўсиқ яратиш ўрнига ёрдам беришимиз керак. Мисол учун, банк тизими жуда ёмон," - дея шикоят қилган яна бир фойдаланувчи.

Бу твитга Гулнора шундай жавоб қайтарган: "Шунча йиллардан буён бу банкларда қолиб кетганлар нима қилишсин?!"

"Банк ва молия сиёсати тубдан ўзгариши керак," - дея илова қилган Адҳам Султонов.

Баъзи веб фойдаланувчилар Гулнора Каримовага талабаларнинг контракт тўловлари ўта қимматлигидан шикоят қилганлар.

Жавобан Гулнора Каримова бунга мамлакатда инфляция даражаси юқорилигини сабаб қилиб кўрсатган.

"Йиллик инфляция даражаси 20 фоиз экани инобатга олинса, ўқитувчилар маошларини ким тўлайди?" - деб ёзган у.

Зафар Тошпўлатов исмли фойдаланувчи эса бу фикрга қўшилган, бироқ расмий инфляция даражаси 7-8 фоиз эканини ёзган.

"Мен инфляцияни паст кўрсатадиган расмий молиявий агентликларда ишламайман. Мени ким биландир адаштираяпсиз," - деб жавоб қайтарган у.

Гулнора Каримова Twitter-дан фаол фойдаланадиган ва веб фойдаланувчилар билан мулоқот қиладиган Ўзбекистонда ягона юқори мулозимдир.

30 августдаги рақамларга кўра, Гулнора Каримовани Twitter орқали таъқиб этувчилар сони 36,736 бўлиб, уч кун ичида бу рақам яна 100 тага кўпайган.

Бу мавзуда батафсилроқ