Ўзбекистонда иккинчисига пахта етиштириш синовдан ўтказилмоқда

Image caption 5 сентябр куни Фарғонада туширилган мана бу суратда иккинчисига экилган пахта кўчатининг гуллагани акс этган

Би-би-сига маълум бўлишича, Фарғона водийсида буғдойдан бўшаган бир неча ўнлаб гектар ерга шу йилнинг июн ойида чигит қадалган.

Ҳозирда иккинчисига экилган ғўзанинг бўйи 30-40 сантиметрга етган.

Аммо мутахассислар бу каби тажриба муваффақиятсиз бўлишини айтишмоқда.

Пахта Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулоти бўлиб, давлат томонидан ташкиллаштириладиган оммавий сафарбарлик асосида йиғиб олинади.

Ўзбекистон пахта далаларида болаларнинг мажбурий меҳнати туфайли халқаро танқидлар остида қолган.

Қишлоқ хўжалик вазирлиги Би-би-сига иккинчисига пахта етиштириш дастури борлигини рад этди.

'Фермерлар ташаббуси'

Би-би-си билан суҳбатда Фарғона водийсидаги бир қатор фермерлар водийда, хусусан, Фарғона ва Наманган вилоятларида шу йилнинг июнида буғдойдан бўшаган ерларга чигит қадалганини тасдиқлашди.

Ҳозирда янги униб чиққан ғўзанинг бўйи, фарғоналик бир фермернинг айтишича, "тизза баробари" бўлиб қолган.

Унинг сўзларига кўра, иккинчисига пахта экиш ташаббуси Фермерлар Уюшмасидан чиққан.

Иккинчисига пахта етиштирилаётганини фарғоналик таниқли журналист Муҳаммаджон Обидов ҳам тасдиқлайди.

Унинг айтишича, ҳозир кўчатлар униб чиққан ва уларнинг орасида битта -яримта гуллаганлари ҳам бор.

Image caption Биринчисига экилган пахта аллақачон очилган ва терим бошланиш арафасида

Аммо журналистга кўра, иккинчисига пахта экилган майдонлар Фарғона вилоятида 100 гектардан ошмайди ва пахта режасига таъсир қиладиган кўламда эмас.

Муҳаммаджон Обидов иккинчисига пахта экишни синовдан ўтказиш ташаббуси фермерларга тегишли эканини айтади.

"Об-ҳаво иссиқ келгани учун баъзи ёш фермерлар иккинчисига экишни синаб кўришаяпти. Аммо мажбуран икки марта экасан, деган гап йўқ", - дейди тажрибали журналист.

Риштонлик фаол Баҳодир Элибоев бу каби ташаббус фермерлардан чиқишига шубҳа қилади.

Унинг айтишича, пахта ҳосили фермерга қўшимча даромад келтирмайди.

"Бундай ташаббус фермердан чиқиши мумкин эмас. Чунки фермер пахтани давлатга топширади. Ундан қўшимча даромад кўрмайди. Пахтанинг ўрнига сабзи, картошка сингари маҳсулотларни экса, яхшироқ фойда кўради. Ишчиларининг ҳаққини ҳам шу йўл билан қоплайди",- дейди Баҳодир Элибоев.

Хоразмлик қишлоқ хўжалиги бўйича журналист Олловарган Ражабов бу каби ташаббусни кулгили, деб атади.

Унинг айтишича, Хоразмда бундай тажриба ўтказилмаяпти, ўтказилгани тақдирда ҳам самарасиз бўлиши аниқ.

"Хоразм жаҳон пахтачилигининг энг шимолий минтақаси. Бу ерда пахта ўзи бир марта зўрға етишади. Фарғонада ҳам иккинчисига ҳосил олиб бўлишига мен ишонмайман. Буни фақат пахтадан умуман бехабар одам айтиши мумкин", - дейди хоразмлик журналист

Раддия

Расмийлар бу каби тажриба ўтказилаётганини қатъиян рад этишмоқда.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Иброҳимовнинг Би-би-сига айтишича, вазирлик ҳеч қайси вилоятга иккинчисига экиш учун уруғ ҳам, техника ҳам ажратмаган.

Унинг сўзларига кўра, иккинчисига пахта етиштириш учун пахтанинг жуда ҳам тез, 30-40 кунда пишадиган навлари керак бўлади, аммо бундай навлар йўқ.

"Ноябр ойида етишадиган, 4-5 сорт пахтанинг ҳеч кимга кераги йўқ", - деб айтди мулозим.

Аммо унинг айтишича, мамлакатда иккинчисига пилла етиштириш дастури бор ва у ҳозирда Бухоро вилоятида синовдан ўтказилмоқда.

Антиқа усул

Ҳозирда олиб борилаётган пахтани иккинчисига экиш биринчи тажриба эмас.

2009 йилда Фарғона вилоятида антиқа усул синовдан ўтказилган.

Ўшанда мактаб ўқувчиларига қоғоз "воронка"лар ясаб келиш буюрилган.

Кейинроқ "воронка"ларда етиштирилган ғўза кўчатлари буғдойдан бўшаган майдонларга кўчириб экилган.

Пахта режасининг бажарилмай қолишидан қўрққан маҳаллий ҳокимият пахта етиштиришнинг шу каби антиқа усулини ўйлаб топгани айтилади.

Айрим маълумотларга кўра, бу каби тажриба марказлаштирилган ҳолда амалга оширилган, лекин ўзини оқламаган.

Мутахассисларга кўра, ўтган асрнинг 50-йилларидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва саноатида етакчилик қилиб келган пахта унумдор ерларнинг катта қисмини яроқсиз ҳолга келтирган ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатган.

Олмониялик тадқиқотчи Кристофер Мартиуснинг айтишича, Ўзбекистон пахта майдонларини кескин қисқартириши ва ердан фойдаланиш йўлларини ранг-баранглаштириши лозим.

"Бу мамлакат учун янги имкониятларни очади", - дейди доктор Мартиус.