Қашқадарёда 9 сентябрдан оммавий пахта терими бошланади

Қашқадарёдан келаётган хабарларга кўра, вилоятнинг барча завод-фабрикалари, идора ва ташкилот ишчи-хизматчилари 9 сентябрдан мажбурий пахта теримига жалб этилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Шу билан бирга, барча харажатлар пахта терувчиларнинг ўз ҳисобидан қопланиши таъкидланган.

Би-би-си гаплашган қашқадарёликлар бу хабарни тасдиқлашди.

Уларга кўра, идора ходимлари, маҳалла фуқаролари 10 сентябрдан, ўқув юртлари талабалари оммавий равишда 15 сентябрдан пахтага чиқиши кутилмоқда.

Пахтага чиқиш учун шароити йўқ фуқаролар кунлик белгиланган пахта ҳақини тўлашлари керак бўлади, акс ҳолда уларга нисбатан иш ҳақини бермаслик ёки ишдан ҳайдаш чоралари кўрилиши мумкин.

Қашқадарёлик банк ходимининг айтишича, ҳамкасблари аллақачон пахтага кетиш тадоригини кўра бошлаганлар.

Унинг талаба ўғли ўқийдиган институтда ҳам пахтага чиқиш шарт қилиб қўйилган, чиқмаган талабаларга ўқишдан ҳайдалиши аниқлиги уқтирилган.

"Лекин бу йил бироз кечикяпти пахта. Ҳар йили 5 сентябрда ғимирлаб қолишарди", дейди у.

Маҳалла қўмитасида ишлайдиган назоратчининг сўзларига қараганда, уйда ўтирадиган фуқароларга фермерлар томонидан машина ажратилади. Улар пахта теримига эрталаб бориб, кечқурун қайтишлари, шунингдек терган пахта ҳақлари ўз вақтида берилиши ваъда қилиняпти.

Ўзбекистондаги мустақил Узметроном веб- сайти хабар беришича, Тошкентда ҳам оммавий сафарбарлик ҳаракатлари бошланган.

Сайтда ёзилишича, Тошкентдаги истироҳат боғи ишчилари учун йиғилиш ўтказилиб, Тошкент шаҳар ҳокими буйруғига асосан 40 кун мобайнида Сирдарё вилоятида пахта теришлари шартлиги билдирилган.

Шунингдек уларга пахтага чиқиш имконияти бўлмаса кунига 40 минг сўм, мавсум охиригача 1 миллион 600 минг сўм тўлаб беришлари кераклиги маълум қилинади.

Бу талабни бажармаганларга нисбатан давлат иқтисодига зарар етказганлик айби бўйича жиноят иши очилиши ва ишдан бўшатилиши чоралари кўрилиши огоҳлантирилган, деб ёзади Узметроном.

Ўзбекистон ҳукуматига пахта йиғиб-теримида болалар меҳнатидан фойдаланишга барҳам бериш юзасидан халқаро босимлар ошгани орқасидан ўтган йили мактаб ўқувчилари пахта теримига олиб чиқилмагани айтилди.

Бироқ мактаб ўқитувчиларининг оммавий пахтага чиқиши мактабларда кўп дарсларнинг ўтилмай қолишига олиб келганлиги хабар қилинганди.

Баъзи ҳуқуқ фаолларининг ёш болаларнинг пахта териши ҳануз давом этаётгани ҳақидаги хабарлари, далалардан туширган суратларини расмийлар ота-оналар ва ўқувчиларнинг ўз хоҳишлари билан қилинаётган иш сифатида изоҳлашди.

2012 йилда барча соҳа ишчилари оммавий пахта теримига жалб қилинган эди. Бу йилги мавсум ҳам шу тарзда ташкил қилиниши айтилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ