Алишер Усмонов яна бир нуфузли рўйхатга киритилган

Россиянинг энг бой кишиси деб ҳисобланадиган асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов 60 ёшга тўлган.

Арафада "Блумберг Маркетс" журнали Алишер Усмоновни дунё бизнесидаги энг таъсирли 50 шахс рўйхатига киритган.

Нуфузли журналнинг нашрий сони октябрда босмадан чиқади, бироқ ўз веб-саҳифасида 50 обрўли киши ҳақидаги баъзи тафсилотларни эълон қилган.

"Блумберг Маркетс" жаҳон бизнесига қандай қилиб ўзининг таъсирини ўтказаётган қудратли шахсларни беш гуруҳга бўлган.

Булар "Банкирлар", "Сиёсатни белгилаб берувчилар", "Пул менеджерлари", "Таъсирли брокерлар" ва "Фикрловчилар" деб аталган.

Алишер Усмонов энг қудратли брокерлар сафидан жой олган.

Дунёнинг энг нуфузли брокерлари деб Amazon.com асосчиси Джеф Безос, Publics Groupe SA ижрочи директори Морис Левай, Berkshire Hathaway бош директори Уоррен Баффет, Yahoo! Inc. ижрочи директори Марисса Майер, Glencore Xstrata Plc раҳбари Айван Глазенберг, Sun Pharmaceutical Industries Limited асосчиси Дилим Шангви, Samsung Electronics раҳбари Ли Кун Хи, SoftBank Corp. асосчиси Масаёши Сон ва 3G Capital таъсисчи ва асосчиларидан бири Жорж Пауло Леманнлар тилга олинган.

Ўзининг веб-сайтида "Блумберг Маркетс" Samsung раҳбари Ли Кун Хи ҳақидаги видеолавҳани ҳам эълон қилган.

Нуфузли "Форбс" журнали шу йил март ойида эълон қилган йиллик рўйхатида асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновни бу йил ҳам Россиянинг энг бадавлат одами, деб топган.

Ўшанда Алишер Усмонов 17.6 миллиард долларга тенг бойлиги билан Америка журналининг янги рўйхатида 34-ўринни эгаллаган.

Forbes журнали ўтган йил апрел ойида ҳам жаноб Усмоновни Россияда бойларнинг бойи, деб топганди.

Бу йил апрел ойида эса Британияда нашр қилинадиган "Санди Таймс" рўзномаси Алишер Усмоновни 13.3 миллиард фунт стерлинг (20.26 миллиард доллар) билан Британия ва Ирландиядаги энг бадавлат шахслар рўйхатида биринчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар қилган.

Жаноб Усмонов Лондондаги "Арсенал" футбол клубининг 30 фоиз ҳиссаларига ҳамда "Металлоинвест" темир ишлаб чиқариш ширкатига эгалик қилади.

У юксак технологияли Apple, Twitter, Facebook, Mail.ru, LinkedIn, Groupon, Zynga, AirBnB, ZocDoc, Klarna, Alibaba ва 360buy ширкатларига ҳам сармоя ётқизган.

Россиядаги Mail.ru Алишер Усмонов назоратида ва шу кунларда жаноб Усмонов ўзининг ихтиёрида бўлган Facebook акцияларини сотгани ҳақида хабар қилди.

Mail.ru ўзининг тасарруфида бўлган энг охирги Facebook ҳиссаларини 525 миллион АҚШ долларига сотганини маълум қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ