UzWebiston: Пахтадан озод бўлиш қанча туради?

Uzmetronom нашрининг ёзишича, Тошкентдаги мактаб ўқитувчилари ва болалар боғчаларининг тарбиячиларига пахта теримидан озод бўлишлари учун 400 минг сўмдан пул тўлашлари кераклиги айтилган.

Нашрнинг изоҳ беришича, бу ўтган йилгидан 100 минг сўм кўпроқдир.

"Муқояса учун: ўқитувчининг бир ойлик маоши ҳам шунча", -деб ёзади Uzmetronom.

Мақолада айтилишича, йиғиб олинган маблағ ишсизлар ва мардикорларни теримга ёллаш учун сарфланади.

"Фермерлар ва деҳқонларга пахтани териб олишдан фойда йўқ, деб ёзади Uzmetronom, - давлат томонидан бир килограмм пахта учун белгиланган нарх арзимас- ўтган йили бу 150-200 сўмни ташкил қилган".

Нашрнинг ёзишича, 100 килограмм пахта учун 15-20 минг сўм ёки қора бозор курсида 6-7 доллар пул ишлаш мумкин. Бундан озиқ-овқат ва ётоқ учун ҳам тўлаш керак бўлади.

Аммо пахта йиғим-теримидан озод бўлиш учун тўланадиган ҳақ ҳамма жойда бир хил эмас.

Афтидан, у ҳашарчиларнинг маошларига қараб белгиланади.

Аввалроқ Uzmetronom маҳаллий ҳокимият Тошкент паркларида аттракцион бизнеси билан машғул тадбиркорларни ҳам пахта йиғим-теримига сафарбар қилиши ҳақида ёзганди.

Вебсайт манбаъларига кўра, бу ҳақда тадбиркорларни огоҳ қилган парк директорлари Тошкент шаҳар ҳокимининг буйруғи борлигини айтишган.

"Буйруққа биноан тадбиркорлар 40 кунга Сирдарё вилоятига олиб кетилади", деб ёзади нашр.

Манбаъга кўра, пахтага чиқишни истамаган тадбиркорларга бир ярим миллион сўм ёки 750 АҚШ долларига яқин пул тўлаш таклиф этилган.

"Пул тўлаш ёки теримга боришдан бош тортган шахсларга "маъмурий чоралар" кўриш билан таҳдид қилишган", -деб ёзади Uzmetronom.

Шу кунларда "Fergananews.com" агентлиги ҳам Тошкентдаги қатор бюджет ташкилотлари ходимлари келаётган пахта мавсумидан хабардор қилинганликлари ҳақида ёзган.

"Жумладан, пойтахт шифохоналаридаги врачлар ва ҳамшираларни пахтага юбориш режаланмоқда. Айни пайтда озиқ-овқат ва турар-жой учун бюджет ходимлари ўз чўнтакларидан тўлашларига тўғри келади", деб ёзган "Фарғона".

Uznews.net нашрининг ёзишича, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида катталар ва болалардан пахтага чиқиш ёки унинг пулини тўлаб қўйиш талаб қилинган.

Мақолада ёзилишича, маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, ота-оналарни пахта йиғим-терим теримида қатнашсаларгина болалар нафақасини олишлари ҳақида огоҳлантирганлар.

Uznews га кўра, Жиззахда пахтадан озод бўлиш нархи киши бошига 150 минг сўм қилиб белгиланган.

"6 сентябр куни тиббиёт коллежида ота-оналар йиғилиши ўтказилиб, болаларнинг 100 фоиз пахтага чиқишини таъминлаш, соғлиги изн бермаган талабалар учун эса 600 минг сўм ёки 220 АҚШ доллари миқдорида пул тўлаш талаб қилинган", деб ёзади нашр.

Йиғим-терим арафасида "пахта" Twitter"да ўзбекистонликлар энг кўп ишлатадиган сўзлардан бирига айланган.

"Пахтага бормаслик учун кимгадир "пахта" қўйиш керак" деб ёзади Бобур Умурзоқов исмли фойдаланувчи.

Аббос Алимов эса "Сешанбадан пахта. Уйдагилар яна пахтага чиқишимга рухсат беришмади", деб ёзган.

"Паққққққ этиб куз ҳам келиб қолди. Бу ёғи икки ой пахта" дейди Шуҳрат Шокиржонов.

Зафарбек Бадалбоев эса " пахта сезони яқинлашган сари юрак безияпти..." деб ёзади.

"Ўзимни хурсанд қилиб шуни айтаманки, дея мужда йўллайди твиттердошларга Комилжон Икромов, -пахта йиғим-теримига жўнаш кейинги ҳафтага қолдирилибди. Бу ҳафта тўлиқ ўқиш экан".