Осиё Банки нега Ўзбекистондаги йирик лойиҳасини тўхтатиши керак?

Image caption Совет давридан буён эскириб қолган ирригация тизимини ислоҳ этиш Ўзбекистон учун ўта муҳим

Ҳьюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқларига ташкилотига кўра, Аму-Бухоро ирригация тизимини таъмирлаш энг аввало пахтачиликка фойда келтиради. Ўзбекистондаги пахтачиликда эса юз минглаб болалару катталар текин ва мажбурий меҳнатга жалб қилиб келинади.

Айни дамда, аҳолиси катта, саҳролашиш кучли, сувга чанқоқ ҳамда қишлоқ хўжалигига асосланган мамлакат учун сув ва ирригация тизимларини замонавийлаштириш ўта муҳим.

Бироқ нега ушбу ҳолатларни била туриб, Ҳьюман Райтс Уотч ташкилоти Осиё Тараққиёт Банкини режаланган Аму-Бухоро лойиҳасини тўхтатиб туришга чақирмоқда?

Би-би-си Ўзбек Хизмати ушбу савол билан ташкилот вакили Ҳью Уильямсонга мурожаат этди:

Ҳью Уильямсон: Шаксиз, Осиё Тараққиёт Банки Ўзбекистон иқтисодини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Хусусан, эскирган қишлоқ хўжалиги тизимини замонавийлаштириш ва ирригация тизимини таъмирлашда ҳам аҳамияти катта. Лекин Осиё Банки бу мамлакатда болалар кенг миқёсда пахта ишларига мажбурланишини унутган кўринади. Осиё Тараққиёт Банки таъмирлаётган ирригация тизими эса яна айнан ана шу пахтачилик секторига фойда келтиради. Шу боис ҳам биз Осиё Банки ҳозирги лойиҳаси билан Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатни рағбатлантириб қолмасин, деган фикрдамиз.

Би-би-си: Лекин Ўзбекистон босқичма-босқич бола меҳнатидан воз кечаётганини айтмоқда. Ҳатто қатор кузатувчилар ҳам ёш болаларни пахта ишларига мажбурлаш тўхтаётгани ҳақида таъкидлашмоқда-ку?

Ҳью Уильямсон: Тўғри, Ўзбекистон ҳукумати ва айрим мустақил ҳисоботларнинг қайд этишича, 2012 йилги пахта ҳосили жараёнида анча кам сонда болалар ишлатилган. Хусусан, ёш болаларни назарда тутаяпман. Аммо пахта ишларига мажбурланаётган катта ёшли одамлар сони ошиб бормоқда. Ўтган йиғим-терим даврида ҳам бир миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси мажбурий дала ишларига жалб этилди. Шундай экан, бу йилги мавсумда аҳвол яхши тарафига ўзгариши кутилмайди. Мажбурий меҳнат масаласи ҳал бўлди, деяётган Ўзбекистон ҳукуматининг гаплари эса ҳақиқатга тўғри келмайди.

Image caption Ўзбекистон ҳозир ёш болаларни пахта ишларига жалб этмаслигини айтади, аммо катта ёшлиларни текин пахта териб беришга мажбурламоқда

Би-би-си: Мана сиз Ўзбекистон учун жуда муҳим саналган йирик Аму-Бухоро ирригация лойиҳасини тўхтатишни, унга сармоя киритмасликни талаб қилаяпсиз. Аммо сизнингча, бошқа қандай йўл тутиш мумкин? Ўрнига нима таклиф этасиз?

Ҳью Уильямсон: Биз Осиё Тараққиёт Банки айни лойиҳадан воз кечиши керак, деган фикрдан узоқмиз. Асло бундай ниятимиз йўқ. Аммо банк ўз сиёсатига мос иши тутиш зарур. Негаки, Осиё Тараққиёт Банки ички сиёсатига кўра, улар мажбурий меҳнатга алоқадор ҳеч қандай лойиҳани дастакламаслиги керак. Афсуски, мана ҳозирги лойиҳада улар фақатгина ирригация тизимига бевосита алоқадор ходимларни ҳисобга олишибди. Лекин ушбу ирригация тизимини таъмирлашдан илк ўринда Ўзбекистондаги пахта соҳаси манфаатдордир. Шу сабабли ҳам Осиё Банки ҳар вақт Ўзбекистон ҳукумати билан айни масалада гаплашганида лойиҳаларни қўллашини, бироқ пахта соҳасидаги мажбурий меҳнатдан буткул воз кечилган ҳолатдагина ёрдам беришини уқдириши лозим.

Би-би-си: Аммо Осиё Банки бу каби талабни илгари сурса, Ўзбекистон ҳукумати ҳар қандай ҳамкорликни тўхтатиб қўйиши эҳтимолини ҳам унутмаслик керак. Бу эса алал-оқибатда яна пахтачилик ва ирригация соҳасидаги ислоҳотларни орқага суриб, кўпроқ арзон қўл меҳнатига эҳтиёжни ошириши мумкин. Оғирлик эса яна Ўзбекистон халқи елкасига тушади. Шундай экан, ҳар ҳолда ҳамкорликни ушлаб турган маъқул эмасми?

Ҳью Уильямсон: Рост, Ўзбекистон ҳукумати Осиё Банки билан ҳамкорликни тўхтатса, жуда афсусланарли иш бўлади. Биз буни истамаймиз. Лекин мазкур ҳамкорлик адолатга таяниши ва ҳар бир тараф ҳурмат қиладиган, мажбурий меҳнатни тақиқлайдиган халқаро меъёрларга асосланиши шарт. Ахир Ўзбекистон ҳукумати бу меъёрлар битилган халқаро қонунларга имзо чеккан, Осиё Банки эса ўз низомида кўрсатиб қўйган-ку. Биз бор-йўғи икки тараф ҳам ўзи имзо чеккан халқаро меъёрларни ҳурмат қилишини, уларга риоя этишини сўраяпмиз. Худди шу асосда ҳамкорлик қилишсин ва Ўзбекистон иқтисоди ривожлансин.

Би-би-си: Барибир, шу каби лойиҳалар алал-оқибатда Ўзбекистон иқтисодини, хусусан, қишлоқ хўжалигини замонавийлаштириб, мажбурий меҳнатни тугатишга шароит яратмайдими?

Ҳью Уильямсон: Бу қизиқ фикр. Лекин деҳқончиликни бошқаришнинг бошқа жуда кўплаб йўллари ҳамда усуллари мавжуд. Бу учун ҳукумат текин ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиши ҳеч ҳам шарт эмас. Дунё бўйлаб деҳқонларга яхши мояна тўлаётган, уларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилаётган ва шу қаторда илғор қишлоқ хўжалигини яратган кўплаб мамлакатлар бор. Уларнинг қишлоқ ҳўжалиги Ўзбекистонникидан кўра анча самарали ва илғор. Агар Ўзбекистон ҳукумати узоқни кўзлаб иш тутганида эди, мажбурий ва текин меҳнат аслида ўз иқтисоди учун фойда келтирмаслигини англаб етарди. Ва жаҳондаги бошқа давлатлар каби одамларни нормал асосда ишга ёллаб, меҳнатига яраша ҳақ тўларди.

Бу мавзуда батафсилроқ