HRW: Ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов озод қилинсин!

Image caption "Бобомурод Раззоқов ўзининг олиб борган ҳуқуқбонлик фаолияти учун жазоланмоқда".

Human Rights Watch Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилоти Бухоро бўлими раҳбари Бобомурод Раззоқовнинг озод этилишини талаб қилиб чиққан.

Ўзбек ҳукумати таниқли ҳуқуқ фаолига нисбатан жиноий ишни тўхтатиб, уни зудлик билан озод қилиши керак, дейилади халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти мурожаатида.

Бобомурод Раззоқов 10 июлда "одам савдоси"га алоқадорлик айби билан ҳибсга олинган. Ҳуқуқ фаолларига кўра, Бобомурод Раззоқов ўзининг олиб борган ҳуқуқбонлик фаолияти учун жазоланмоқда.

Human Rights Watch ўз навбатида АҚШ ва Оврўпо Иттифоқини Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишга ва айбсиз қамалган ҳуқуқ фаолларини озод этилишига эришишга чақирган.

Бобомурод Раззоқовга қўйилаётган айбловлар билан унга саккиз йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Бобомурод Раззоқов устидан маҳкама жараёни 16 сентябр куни бўлиб ўтиши кутиляпти.

Ҳуқуқ фаолини ҳибсга олинишидан олдин бир неча бор Ички ишлар ходимлари чақириб, ҳуқуқбонлик фаолиятини тўхтатишга ундашган.

Ўзбекистондаги қонунбузарликларга қарши имкони етганча курашиб келган Бобомурод Раззоқов мамлакатда рўйхатга олинмаган "Эрк" мухолиф партиясининг аъзоси ҳисобланади.