UzWebiston: Ўзбекистонда интернет фестивал ғолиблари аниқланди

Ўзбекистондаги веб сайтларнинг хабар беришича, "InfoCOM-2013" ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида UZ Миллий домени интернет-фестивали ғолиблари Ёшлар ижоди саройидаги тадбирда эълон қилинган.

Фестивалда 451 та веб саҳифа иштирок этгани айтилади.

Ҳукумат сайтлари орасида minzdrav.uz, customs.uz ва my.gov.uz сайтлари энг яхши сайтлар деб топилибди.

e-kommunal.uz, ipotekabank.uz веб саҳифалари ҳам илғорлар қаторида келтирилган.

ziyouz.uz, ziyonet.uz, uztranslation.uz сайтлари фан ва таълим йўналишида фаолият юритаётган энг яхши сайтлар дея тан олинган.

Спорт янгиликлари бўйича olympic.uz, маданий соҳа бўйича art-blog.uz, туризм масалаларини ёритишда visitxorezm.uz етакчи бўлган.

Танловда шахсий веб саҳифалар қаторида nasimov.uz, rinata.uz, oilam.uz ва kh-davron.uz сайтлари юқори учликни эгаллагани хабар қилинади.

Оммавий ахборот воситалари саҳифалари орасида mezon.uz, uza.uz, kun.uz сайтлари етакчиликни олган.

Шунингдек йил янгилиги сифатида uz24.uz, diktor.uz ва daryo.uz сайтлари қайд этилган.

ziyouz.uz. сайти ёзишича, танловга 900 дан ортиқ ариза келиб тушган.

452 сайт ичида ғолиблар қаторига кирган ziyouz.uz ўз саҳифаларида 2004 йилдан буён 4100 дан ортиқ электрон китоб, 15000 дан ортиқ илмий-оммабоп, маърифий мақолалар ўрин олганини қайд этади.

Шунингдек, kh-davron.uz сайти ҳам ўзидаги катта манбаси билан адабиёт ихлосмандлари орасида танилиб бормоқда.

Интернет-фестивал Ўзбекистонда 2001 йилдан бошлаб, UZ Миллий домени фестивали эса 2007 йилдан бошлаб ўтказиб келинади.

Ўқувчилар фикрига кенг ўрин бериб, уларнинг эътиборини қозонган Олам.уз сайтига назар ташлаймиз. Сайтдаги Ўзбекистонда пулсиз карьера қилиб бўлмаслиги ҳақидаги мақола кўп фикр-изоҳларга сабаб бўлган.

Шунингдек веб саҳифада Миллий футбол жамоасига ким раҳбар бўлиши- Эрикссон, Марадона, Милутинович ёки... сарлавҳали ўқувчиларни баҳсга чорловчи мақола, ёки Ўзбекистонда 98 фоиз аҳоли автобус транспортидан фойдаланиши каби мақолалар берилиб, ўқувчилар кўплаб изоҳлар қолдиришган.

Кун.уз сайтига кўра, 23 сентябр куни Тошкентдаги Қатортол савдо мажмуасида ёнғин рўй берган. Веб саҳифанинг Даракчи газетига иқтибосан хабар беришича, ёнғин мажмуанинг товуқ гўшти билан савдо қилувчи қисмида рўй берган. 30 август куни ҳам Қатортолдаги кийим-кечак бозорига ўт кетгани хабар қилинганди.

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида хотин-қизлар ўртасида давом этаётган Халқаро шахмат федерацияси – ФИДЕ Гран-присининг учинчи босқичида ёш гроссмейстер Нафиса Мўминова иккинчи ғалабасини нишонлади, деб ёзади Мезон.уз.

Йил янгилиги сифатида таъкидланган uz24.uzнинг ёзишича, Ўзбекистонда янги Айфон телефонларининг нархи одамни шок қиладиган даражада.

Яъни Iphone 5S ва Iphone 5С телефонлари 4 миллион 50 минг сўмдан 6 миллион 210 минг сўмгача баҳоланмоқда экан.

Интернет фойдаланувчилари фикрига кўра, Ўзбекистонда спорт сайтлари, шоу бизнесга талуқли саҳифалар ва шахсий блоглар ҳам анча оммалашган.