Халқаро Меҳнат Ташкилоти назоратчилари Ўзбекистонда

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Би-би-сига тасдиқлашича, Халқаро Меҳнат Ташкилоти назоратчилари пахта териш мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланишни монитор қилиш учун Ўзбекистонда ўз фаолиятларини бошлаганлар.

Ташкилотга кўра, ушбу мониторинг қатор мамлакатларда болалар меҳнатидан фойдаланиш амалларини қайд қилиш тамойиллари асосида, лекин Ўзбекистонга хос шароитларни назарга тутиб, мослаштирилган ҳолда олиб борилади.

Айтилишича, Ўзбекистоннинг турли минтақаларидаги пахта далаларини саккиз гуруҳ назорат қилади.

Ҳар бир гуруҳга Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатиш дастури кординатори раҳабарлик қилади.

Гуруҳ хулосалари Меҳнат Ташкилотининг экспертлар қўмитасига юбрилади.

Мониторинг Ўзбекистон расмийлари билан ҳамкорликда олиб бориши айтилган.

Назоратни олиб бориш йўллари ўзбек томони билан музокаралар мобайнида келишиб олинган.

Назорат йўллари Халқаро Меҳнат Ташкилотининг турли мамлакатларда болалар меҳнатини қайд қилиш тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистонга хос шароитларга мослаштирилган.

Мониторингда маҳаллий назоратчилар ҳам иштирок этадилар. Мониторинг натижалари ишончли ва аниқ бўлиши учун улар Халқаро Меҳнат Ташкилотининг маҳсус тайёргарлигидан ўтказилган.

Мониторинг хулосалари қачон ва қай йўсинда эълон қилиниши ҳозирча номаълум.

Ўзбекистон 1999 йили қабул қилинган Болалар Меҳнатига қарши Халқаро Конвенцияни ратификация қилган мамлакатдир.

Ўзбекистон пахта теримига ёш болаларни йиллар мобайнида жалб қилиб келган мамлакат сифатида халқаро танқидларга юз тутиб келмоқда эди.

Ўзбекистон расмийлари болалар пахта теримига сафарбар қилинишини ҳамиша рад этиб келганлар.

Лекин бу йил ҳам Ўзбекистон БМТ қароргоҳида болалар меҳнатига қарши чоралар кўраётгани ҳақидаги ахборотни тарқатган бир пайтда ҳуқуқ фаоллари Қорқақалпоғистон далаларидаги ғўза чопиғига мактаб ўқувчилари олиб чиқилгани ҳақида хабар бергандилар.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида вояга етмаганлар чопиққа жалб қилинганини ҳужжатлаштирган.

Ўзбекистон расмийларининг раддияларига қарамай ўтган йиллардаги пахта териш мавсуми мобайнида ҳуқуқ фаоллари далаларда пахта тераётган ёш болаларни видеотасвирга тушришга муваффақ бўлгандилар.

Бу йилги пахта терими мавсуми сентябр бошларида бошланган ҳозирда коллеж ва олийгоҳлар талбалари пахта теримига олиб кетилгани ҳақида хабар берилган.

Пахта Ўзбекистон ғазнасига валюта туширадиган асосий хомашё ҳисобланади, бироқ бу хомашёни имкон қадар арзон таннархда қўлга киритишни истаган ҳукумат СССР замонидаги оммавий сафарбарликни сақлаб қолаяпти.