Журналист Cергей Наумов 12 кунлик маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган

Жиноят Ишлар бўйича Урганч шаҳар суди журналист Сергей Наумовни "жинсий тегажоқлик"да айблаб, 12 кунлик маъмурий қамоқ жазосга ҳукм қилганлиги маълум бўлди.

Маҳкама ҳужжатида айтилишича, Сергей Наумов шу йилнинг 21 сентябр куни соат 16 ларда жабрланувчи Д. Матёқубовага жисмонан шилқимлик қилиб, ҳақорат қилган.

Ҳужжатда айтилишича, Сергей Наумов жабрланувчи аёлга шилқимлик қилганини рад этган ва қоқилиб кетиб, унга туртиниб кетганлигини айтган.

Ажабланарли ери шуки, ҳодиса 21 сентябр куни соат 16 ларда бўлиб ўтган ва ҳудди шу куни бир неча соат ичидаёқ маҳкама мажлиси ўтказилиб, ҳукм чиқарилган.

Жазони ўташ муддати 21 сентябр соат 18 дан, деб белгиланган.

50 ёшли мустақил журналист Сергей Наумов 21 сентябр куни Ургенчдаги уйидан милиция ходимлари томонидан олиб кетилган.

Журналистнинг ўзи бу ҳақда кечки соат еттиларда телефон орқали хабар беришга улгуради.

Бироқ ўшандан буён унинг қаердалиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди.

Наумовнинг қаердалиги ҳақида билишга уринган ҳуқуқ фаоллари ва дўстлари бугунга қадар ҳеч бир натижага эришолмагандилар.

Сергей Наумов Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини ўрганиб, имкон даражасида халқаро ташкилотлар ва ахборот воситалари, Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги ҳуқуқ фаоллари билан ҳамкорлик қилиб келган.

Унинг ҳамкасблари ва дўстлари ҳукумат Хоразмда пахта мавсуми қандай кетаётганини ўрганаётган Сергей Наумовнинг фаолиятига халақит бериш учун уни сохта айбловлар билан ушлаб турилган бўлишини айтишганди.

Сергей Наумов бундан олдин ҳам пахта далаларидаги шароит ҳақида танқидий мақолалар эълон қилгани сабабли ҳукумат томонидан босимларга учраган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро "Амнести интернэшнл" ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини Сергей Наумов тақдири ҳақида маълум қилиш ва уни зудлик билан озод этишга чақириб чиққанди.