Самарқанд маҳсулотлари Украина орқали Оврўпо бозорларига чиқадими?

Самарқанд вилояти Украинанинг Львов вилояти билан бизнес соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиши ҳақида келишувларга эришилган.

Келажакда Самарқандда етиштирилган айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қайта ишланиб, тайёр фабрикат маҳсулоти ҳолига келтирилиши мумкин.

Бундай келишувларга Львовда нодатий тарзда ўтган Ўзбекистон кунларида эришилган. Унда Самарқанддан бир гуруҳ ҳайъат қатнашган.

Ўзбекистоннинг Укранадаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, Самарқанд вилоятидан келган ҳайъат таркибида вилоят миқёсида амалдорлар бўлмаса ҳам Львов вилоят ҳокими Виктор Шемчукнинг ўзи қабул қилган.

Виктор Шемчук икки вилоят ўртасида шартнома аллақачон имзоланганини, энди муносабатлар фаол ривожланиши даркорлигини таъкидлаган.

Сўнгра икки давлат тадбиркорлари ўртасида бизнес форум бўлиб ўтган. Самарқанддан келган ҳайъатнинг таркибида 10 дан ортиқ тадбиркорлар ҳам борлиги айтилмоқда.

Бундан ташқари шу кунлари Львовда Ўзбекистон маданияти кунлари ҳам катта тантаналар билан ўтказилган.

Миллий таомларни кўрсатиш мақсади-да, Тошкентдан учоқ билан махсус ўчоқ ва қозон келтирилган.

Ўзбекистонлик санъаткорлар Львовдаги энг йирик театрда опера куйлаган. Таклиф қилинган таниқли хонанда Севара Назархон даврани янада қизитган.

Нуфузли тадбирда вилоят миқёсида амалдорлар қатнашмаган

Ушбу жиҳатни ўрганиш мақсади-да, вилоят ҳокимининг матубот хизмати билан боғланиш ҳаракатларимиз бесамар кетди.

Вилоят ҳокимининг ёрдамчиси дея, ўзини таништирган масъул бироз асабий руҳда бу борада ҳеч қандай ахборотга эга эмаслигини билдирди.

Бошқа манбааларнинг таъкидлашича, ҳозир бошқа вилоятлар каби Самарқандда ҳам пахта кампанияси авжида ва шунинг учун ушбу тадбирга пахта экилмайдиган Қўшработ тумани ҳокими юборилган бўлиши мумкин.

Ҳайъат таркибида 70 дан ортиқ вакил бўлгани айтилмоқда.

Унчалик нуфузли бўлмаган мана шу ҳайъат ҳам маълум келишувларга эришгани айтилмоқда.

Агар учрашувларга вилоят ҳокими бошчилигида делегация ташриф буюрганда, бундан ҳам каттароқ натижаларга эриши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Киевдаги Ўзбекистон элчихонасидан олинган хабарга кўра, Самарқанддан келган тадбиркорлар тажриба алмашган ва ўзаро ҳамкорлик борасида камида иккита лойиҳа имзоланган.

Шулардан бири Самарқанддаги узум ва анор шиннисини Украинага экспорт қилиш ва бу ерда шарбат ишлаб чиқаришда ишлатиш.

Украинлар кейинчалик Ўзбекистонда бу каби корхона очишни режа қилган.

Бундан ташқари қўшроботлик тадбиркор Украина билан ҳамкорликда қуруқ меваларни қайта ишлаб шоколад ҳолида чиқарувчи корхона очишга келишган.

Ушбу корхона Самарқанд вилоятида очилади ва ўрикни қуритиб, устига шоколад қуймасини қуйиб ширинлик ишлаб чиқаради.

Ўзбекистоннинг иссиқ иқлимида пишиб қуритилган меваларга Украинада қизиқиш катталиги айтилади.

Кузатувчилар ўзбекистонлик тадбиркорлар олдида махсулотларни қайта ишлаб Украинада танитиш орқали Оврўпага чиқиш имконияти пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида айтишади.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Абдуалиев маҳаллий журналистларга икки давлат ўртасида савдо айланмаси 1 миллиард долларга етганини ва ушбу кўрсатгич янада ўсиши ҳақида билдирган.

2004 йили Самарқанд билан Львов ўртасида ҳамкорлик борасида келишув имзоланган. Аммо шу вақтгача ҳамкорлик айтарли даражада сезиларли бўлмаган.

Бу каби жонланишни вилоят ҳокимиятидан кутиш ўринсиз. Чунки бу каби тадбирга вилоят ҳокимиятидан юқори лавозимли мутасаддилар ёки ҳокимнинг ўзи келмаган.

Бундай ташаббусларнинг ортида номи ошкор бўлишини истамайдиган ташқи ишлар вазирлигининг айрим жонкуяр ходимлари турган бўлиши мумкин деган тахминлар олдинга сурилади.