Credit Suisse банки ўзбекистонлик мижозларга хизмат кўрсатишни тўхтатади

Швецариянинг энг йирик хусусий банкларидан бири бўлган Credit Suisse 2013 йил охирига бориб Ўзбекистон ва Туркманистон дохил жаҳоннинг 50 мамлакатидаги мижозларга хизмат кўрсатишни тўхтатиши ҳақида маълум қилди.

Credit Suisse дан Би-би-сига тақдим этилган маълумотномада айтилишича, бу амал банк амалиётлари ўта кичик бўлган ё-да мижозлар сони жуда кам бўлган мамлакатларни ўз ичига олади.

"Бу қарорга келиш жараёнида бу мамлакатларда бизнес юритишнинг қиймати ва иш юритиш жиҳатлари назарда тутилди" - дейилади маълумотномада.

Лекин тилга олинган жиҳатлар нималардан иборат эканлиги очиқланмаган.

Credit Suisse нинг айтишича, хизмат кўрсатишни тўхтатиш деганда сўз чегарлараро банк хизматини кўрсатиш ҳақида кетмоқда.

Яъни, бирон мамлаатдаги банк офислари ёки бўлинмлари ёпилмайди, фақатгина бу мамлакатлардан бўлган мижозлар учун ҳисоб очиш ва юритиш тўхтатилади.

Credit Suisse вакиласи Би-би-си билан телефон орқали суҳбатда ушбу ташббус шу йил июл ойида эълон қилинган режаларнинг таркибий қисми эканлиги ва бизнес юритиш у қадар фойда келтирмаётган соҳаларни тўхтатиш ҳаракатлари туфайли эканлигини айтди.

Бизнес доираларида нуфузли кўрилган "Financial Times" рўзномасида бу борада чоп этилган мақолада айтилишича, ҳозирда банклар ноқонунуий йўлда орттирилган пуллар билан иш кўрмаслик йўлида кўплаб чораларни йўлга қўйиш босими остидалар.

Рўзноманинг ёзишича, Credit Suisse иш юритиш қалтис бўлган бозорлардан чиқиб кетаётган ягона банк эмас.

HSBC банки ҳам яқинда Лотин Америкаси ва Осиё мамлакатларидаги баъзи мамлакатларда иш юритишни тўхтатган.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, Credit Suisseнинг охирги вақтларда фойда олиш кўрсаткичлари у қадар яхши бўлмаган ва ҳозирги қадами ана шу кўрсаткичларни яхшилашга қаратилган бўлиши мумкин.

Credit Suisse хизмат кўрсатишни тўхтатаётган мамлакатлар орасида Ўзбекистон ҳам борлиги ўзбекистонлик мижозлари ортидан муаммоларга юз тутган қатор бошқа банклар мисолини хотирага келтиради.

Швецариянинг Lombard Odier банкида Takilant Ltd ширкатига тегишли миллионлаб доллар пуллар билан соҳат ҳужжатлар асосида иш юритмоқчи бўлган икки ўзбекистонлик Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировлар ўтган йили қўлга олиниб, кейинчалик тергов тугагунга қадар қўйиб юборилганди.

Takilant Ltd эса Teliasonera телекоммуникациялар ширкатининг Ўзбекистон бозорига кириб келишда воситачи бўлган ширкат сифатида кўрилади ва Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин бўлган шахсга тегишли экани айтилган.

Кейинчалик Стокгольм маҳкамаси Takilant ширкатига тегишли 276 миллион доллар миқдоридаги маблағларни музлатишга буйруқ берган.

Швецария банклари орқали ўтказилувчи пуллар борасида тадқиқотлар олиб борган журналистларга кўра, мамлакат банклари миллиардлаб доллар пулларни кўчириб ўтиш нуқтаси сифатида фойдаланиб келинган.

Бу мавзуда батафсилроқ