UzWebiston: Лола Каримова-Тиллаеванинг интервьюсини ўқувчилар қандай кутиб олди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Лола Каримова-Тиллаеванинг интервьюси ўқувчиларда қарама-қарши фикрларни уйғотган.

Президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи томонидан Би-би-си Ўзбек хизматига берган интервьюси ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида турли фикрларни уйғотган.

Билдирилган фикру мулоҳазаларнинг қамрови жуда кенг.

Аксар одамлар президент оиласидан бу даражадаги очиқликни кутмаганларини ёзишади ва Лола Каримова Тиллаевага ҳаттоки ўз саволларини ҳам йўллаганлар. Лекин опа- сингил хозирда нима билан банд экан?- деган савол ҳаммани жуда қизиқтирмоқда.

Лола Каримова мақола чоп этилган куни Самарқандга бориб, 10- сонли болалар уйидаги маросимда қатнашган. Каримова хоним бу тўғрисида ўз фейсбук саҳифасида ёзди.

Ва бошқа ахборот агентликлари бу хақда мақола билан суратларни ҳам жойлаштиришган. Суратларда Лола Каримова сочлари йиғилган тарзда ва оддий кўйлакда, атрофида етимлар билан бирга суратга тушгани ва таъмирдан чиқарилган меҳрибонлик уйининг хоналари акс этган.

Яъни бундан у ўзининг одатий ишини ва фаолиятини давом эттираяпти, деган маъно чиқиши мумкин.

Лекин унинг опаси Гулнора ҳақидаги сўзлари , унинг президент бўлиб сайланиш имкониятларини катта эмас, деб баҳолагани кўпчиликни "опаси бунга қандай муносабат билдирар экан?" деб қизиқтирмоқда. Гулнора Каримова ҳозирча ўз блогида ҳеч нарса демаган ва Твитерда унинг 48 соат ичида фақат бир неча ёзишмаси чиққан. Твиттерда Лола синглиси гапирди, энди унинг навбати келиб қолди, деган маънода ёзилган луқмага Гулнора Каримова "Мен Ўзбекистонда тинчлик тарафдори", дея жавоб қайтарган. Шунингдек, шеъридан бир парча ва инстаграммга сурат қўйган. Оқ қора суратда иш жараёни акс этган. Одатдаги ранг- баранг расмлардан бу сурат катта фарқ қилади. Унда Гулнора Каримова кўзойнак тақиб, этагига ёйилган матоларни текшириб ўтирган холда суратга тушган. Шу билан бирга, унинг кўриниши танноз сифат эмас, балки оддий кийимда эканлигини кўриш мумкин. Яъни бу сурат билан уни ҳам бутунлай иш жараёнига кириб кетгандек қабул қилиш мумкин.

Тошкент доираларида суҳбат хайрихоҳлик билан қабул қилингани борасида ишоралар келмоқда. Манбаларга кўра, бошқарувдаги элитага Лола Каримованинг самимийлиги жуда ёккан ва айтишларича, кўпгина мулозимлар ўзлари учун хулоса чиқаришган.

Ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалардан шуни илғаш мумкинки, Лола Каримова-Тиллаеванинг илк маротаба ғарб матбуотига опаси билан оилавий муносабатлари ҳақида берган интервьюси катта қизиқиш билан ўқилган.

Биринчи бўлиб, интервью хақида @muhrim ўз фикрини қолдирган.

“Шундай ажойиб интервью, ва лекин мен бу ҳақида ёзолмайман, жин урсин. Ўқиш мумкинлигига ҳам шукр қилиш керак, баъзан. Шукр”, - дейди kun.uz веб саҳифаси муҳаррири.

“Кичик Каримова хонимнинг Би-би-сига берган жавоблари менга маъқул бўлди. Асл мартаба теранлик ва камтарликда. Сиёсатга даҳли ёки даъвоси бор шахсларнинг иқрорномаси уларга бўлган ишончни оширса оширади-ки, асло сусайтирмайди”, - деб ёзади Отабек Бакиров.

Шу билан бирга Лола Каримова-Тиллаеванинг фикрларини танқид остига олувчилар ҳам бор.

“Отасининг қудратидан ўз манфаатлари йўлида ҳеч ҳам фойдаланмаслигини айта туриб, ўзининг қандай қилиб ЮНЕСКОда Ўзбекистон элчиси бўлиб қолганини ва ушбу лавозимни неча йилдан бери сақлаётганини изоҳлашдан қочади. Иши ҳақида бир оғиз ҳам сўз йўқ. Ҳамма гап оиласи ҳақида. Жаҳон амалиётида “элчи-уй бекаси” деган янги атама пайдо бўлаётгандай”, - дейди Алишер Илҳомов.

Илҳомовга кўра, Каримова-Тиллаева хоним болаларнинг мажбурий меҳнати ҳақида фақат умумий гаплар билан чекланган. Ушбу амалнинг Ўзбекистонда кенг қўлланилаётгани ҳақида эса ҳеч нарса демайди. Ўзини ҳеч нарсадан бехабардек тутган.

- Лола Тиллаева - Каримованинг сиёсатни тушуниши эътиборни тортади, маладец. Гарчи ўзи инкор қилса-да, балки кенжаси президент бўлар, - дея ўсмоқчилайди @Kainbek номли фойдаланувчи.

“Ҳозирча, унинг амбициялари йўқ. Бироқ менга, нимагадир, ақллироқ ва табиийдек туюлди”, дея жавоб беради Abbat Faria

- Ва ниҳоят, ушбу сирли оиланинг пардаси озгина бўлса ҳам очилди. Бироқ гап бошқа ҳужжат бошқа, дўстлар. Шунинг учун Лола ва эри уларнинг пули қаердан келгани ҳақидаги ҳужжатларни расмий равишда тақдим қилмагунча, уларнинг пуллари ҳаром деган шубҳа осилиб тураверади, - дейди Mega.

Фэйсбукдаги ёзишмаларда ҳам кўпроқ Лола Каримова-Тиллаеванинг ижобий сифатлари эътироф этилган.

- Лола, ўшлик қочқинларга яхшигина ёрдам берганини эслайман, - дейди Одил Рўзалиев.

“Лола билан ишлаган танишларим, унинг яхшилигини ва опасига умуман ўхшамаслигини айтишганди”, - дейди Наргис Тошпўлатова.

Фойдаланувчилар ушбу оиланинг асосий даромад манбаи дея “Абу Сахий” савдо транспорт ширкатини тушунишини ва ушбу ширкат Ўзбекистон қонунларини айланиб ўтиб иш қилишини билдиришган.

“”Абу Саҳий” савдо транспорт ширкатининг ҳиссадори. Ширкат Ўзбекистонга товарларни асосан Қорасувдан етказиб бериш бўйича монополист ҳисобланади. Ушбу компания ҳар куни тонналаб Хитой кенг истеъмол молларини олиб киради. Бундай ширкат Ўзбекистонга керак эмас”, - дейди тадбиркор номи остидаги интернет фойдаланувчиси.

Би-би-си Ўзбек хизматига келган мактубларда ҳам интервью берувчи шахсга нисбатан хайрихоҳлик уфуриб турган соддадил фикрларни ўқиш мумкин.

“Бир зумда мани фикрларимни остин-устун қилган мақола десам бўлади. Лола Тиллаева хоним умуман олганда ҳаётдан мамнун ва минатдор. Тан олса хам, олмаса хам бунда отасини хизматлари анча-мунча. Бу интервьюдан унга ҳурматим ошишга ошди-ю, лекин ҳаётни адолатсизлигидан юракдан эзилиб дилимдан йиғладим”, - дейди мактуб эгаси.

Би-би-сига юборилган мактубларнинг аксари мана шундай ҳамфикрлик ва ҳамдардликка йўғрилган дейиш мумкин.

Аммо онда сонда бўлса ҳам Лола Каримова-Тиллаеванинг бойликларини сўроқ остига олувчи ўқувчилар ҳам учраб туради.

“Ўзиям ҳақиқий фаришта эканлар-ку? Фаришталар яшайдиган осмонларидан ерга тушиб, шу ҳақда хабар берганлариям катта гап. Фақат Лос-Анжелесдаги данғиллама саройни қайси пулларига сотиб олганлари ҳақида айтмабдилар-да”, - дея киноя қилади бир ўқувчи.

Ижтимоий тармоқларда фикр билдирувчилар нафақат берилган жавоблар, балки Лола Каримова-Тиллаеванинг ташқи кўриниши ҳам эътиборга моликлигини билдиришган.

“Пластик жарроҳлик мукаммаллашмоқда – яқинда президент ва банкирларнинг ҳамма қизлари корпоратив кечаларга таклиф қилинадиган Италия актрисаларига ўхшаб қолади”, - дейди Борис Чукович.

“Малика Дианани кўпроқ Лолага ўхшатиш мумкин. Мен унинг реабилитация маркази қандай ишлашини биламан. Ҳамма учун текин”, - дейди Сергей Узметроном.

“Анчадан бери бундай лўнда ва пухта ўйланган жавобларни ўқимаган эдим”, - дея эътироф этади мустақил таҳлилчи Алишер Таксанов фэйсбукдаги саҳифасида.

У Лола Каримова-Тиллаеванинг жавоблари опаси Гулнора Каримованики билан солиштирга анча яхши эканлигини ёзади.

Таксанов жаноблари Каримова-Тиллаева қудратдаги оила аъзоси бўла туриб, отаси ва опасининг яширин олди бердиси ҳақида билмаслиги мумкин эмаслигини айтади.

Алишер Таксанов Лола Каримова-Тиллаеванинг элчи сифатида тез кўтарилиб кетишига эътибор қаратади.

“Лола – дипломат. Ҳар қандай дипломат карьерасини пастки лавозимдан бошлайди. Масалан, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Фаррух Турсунов 1994 йили Ташқи ишлар вазирлигига стажер сифатида келган ва 15 йил ўтиб фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига эришди. Лола эса дипломатиядан ҳеч қандай тажрибасиз ишни бошлаганидан ушбу “чўққига” чиқиб олди. Бу қандайдир омадми ёки отасининг қўллови”, - дея савол беради Таксанов.

Таксанов жаноблари Женевада ҳам катта маблағ бўлмай туриб уй сотиб олиш мумкин эмаслигини ва ушбу шаҳарда дўконлар тармоғини очиш учун ҳам жуда катта бошланғич капитал лозимлигини таъкидлайди.

“Лола эрининг бизнеси Ўзбекистонга алоқадор эмаслигини таъкидлайди. Йилига юзлаб миллион доллар ноқонуний пуллар ювилувчи Қорасув даҳасидаги “Абу Саҳий” савдо уйичи? Бу Темур Тиллаевнинг бизнеси эканлиги ҳеч кимга сир эмас. У ерда солиқ ва божхонадан катта маблағ яшириниб қолинади. Бу пулларнинг ҳаммаси давлат бюджетига эмас, балки шахсий чўнтакка тушади”, - дейди мустақил таҳлилчи.