Баҳодир Элибоев: "Ҳуқуқ ҳимоячилари ёки мустақил журналистларда эгилувчанлик қобилияти йўқ"

Баҳодир Элибоев
Image caption Баҳодир Элибоев жамоатчиликка мажбурий болалар меҳнати ва коррупция ҳоллари бўйича маълумотлар бериб боради

Фарғоналик журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳодир Элибоев bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Баҳодир Элибоев 1980 йил 28 апрелда Фарғона вилояти Риштон шаҳрида туғилган.

Оиладаги беш фарзанднинг учинчиси.

1992 йили Фарғона шаҳрида очилган Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигидаги ўзбек-тур лицейига ўқишга қабул қилинди.

1999 йили Тошкентдаги Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факултетига кирди.

2003 йили ўқишни битириб, "Ёш куч" журналида ишлай бошлади.

2003 йил ниҳоясида "Даракчи" газетасининг "Сиёсат ва иқтисод" бўлимига ишга қабул қилинди.

2005 йилда эса Баҳодир Элибоев ўз ҳамфикрлари билан биргаликда "Сат-ранж" ижтимоий-сиёсий газетасини очди ва бу газетага бош муҳаррирлик қила бошлади.

Ўзбекистондаги ижтимий-сиёсий жараёнларни ёрита бошлаган мазкур газета 3-сонидан кейин беркитилди.

Ортидан Баҳодир Элибоев "Maркет" номли бошқа бир газетани очди, аммо бу газета ҳам иккинчи сонидан кейин ёпилди.

"Афсуски, биз бериб борган мақолалар "Ўзбекистон Овози" газетасида "менталитетимизга тўғри келмади" деган хулоса билан ёпилди," дейди Баҳодир Элибоев.

2006 йилда Баҳодир Элибоев давлат нашри бўлмиш "Савдогар" газетасига ишга қабул қилинади.

"Бироз муддат ўтгач, бу газета ҳам ёпилди," - дейди Баҳодир Элибоев. - "Шундан кейин мен учун ҳар қандай таҳририят эшиклари ёпилди".

Айни йилда таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромов билан ҳамкорлик қила бошлайди ва бир йил давомида ҳуқуқбонлик сирларини ўрганади.

2007 йилдан буён Фарғона вилоятида Сурат Икромов тузган гуруҳ - "Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг Фарғонадаги вакилидир.

Баҳодир Элибоев мажбурий болалар меҳнати, коррупция ва чегара муаммоларини ёритиб келади.

Оилали, уч нафар ўғли бор.

Абдулҳамид, Тошкент: Баҳодирбек ассалому алайкум! Мен нима учун инсон ҳуқуқлари соҳасига кириб қолганингизни билмоқчи эдим. Нега журналистика ўрнига ҳуқуқбонликни танлагансиз? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Баҳодир Элибоев: Раҳмат Абдулҳамид дўстимизга саволлар учун. Аслида, бу йўналишга тоза тасодиф билан кириб қолганман. Мен ҳаётимни журналист сифатида давом эттирмоқчи эдим. Ҳозир ҳам шундай. Лекин мамлакатдаги сиёсий муҳит мени ўз-ўзидан инсон ҳуқуқларига етаклади. Журналист бўлиб ишлаб юрганимда танишган инсоним Шуҳрат Аҳмаджоновнинг фикрлари бошида менга ёқиб қолди. Кейин бир муддат у киши билан фикр алмашиб юбдим. Лекин унинг муқим бир иш жойи йўқ эди. У ҳам буни сезди шекилли, мени Сурат Икромов билан таништириб қўйди. Мен у ерда матбуот котиблиги вазифасида ишлайдиган бўлдим. Бу тоза тасодифни бахтли тасодиф десам бўлади. Кейинчалик билсам, мамлакатга мана шундай касб эгалари керак экан. Янги соҳа, бу ишни одамлар ҳали тўлалигича тушуниб етганича йўқ. Балки давлат расмийлари энди-энди тушуниб бораётган бўлиши мумкин. Одамларга қайсидир маънода ёрдамимиз тегаётганидан хурсандман. Мана ишлаб юрибмиз.

Жонкуяр: Ассалому алайкум Би-би-си ва Баҳодир ака. Би-би-си янгиликларини биз доимо инет орқали ўқиб борамиз ва унинг ҳолатга ҳарёқлама ёндошиши билан бизни ўзига жалб этади.Тўғри, айрим пайтларда Ўзбекистон сиёсатига нисбатан бир ёқлама қарашлар ҳам учраб туради, лекин барибир журналистика ўзининг ҳаққонийлиги ва қўрқмаслиги билан ажралиб туриши керак. Мен ҳам 2008 йили ЎзМУнинг Олий журналистика курсларини магистратурасини тамомладим. Мен Сиз кабиларга ҳавас қилганим, сабаби сизлар воқеага нисбатан ўз фикрларингизнибилдиришни эплайсизлар. Биз ҳам журналистмиз, негадир ўзимизни цензура қилишни ҳеч ҳам тўхтата олмаяпмиз. Бу нимага деб ўйлайсиз? Таълим сиёсатими ёки сиёсатнинг таълимими?

Баҳодир Элибоев: Жонкуяр дўстимизга савол учун раҳмат. Лекин ҳайронман ичингиздаги цензурани қандай енга олмаяпсиз экан? Халқ дардини ўзимни дардим деб қабул қилиб кўрингчи, балки фойда берар? Тил учида эмас, астойидил ҳис қилиш керакмикин? Сиз ҳам журналист экансиз, менимча, таълим сиёсати билан сиёсатнинг ўртасида фарқ бор. Бу жумла қандайдир ёпишмаяпти. Таълим сиёсати худди таълимдаги ҳийлага ўхшаб эшитилаяпти. Сиёсатнинг таълими эса амалдаги ҳукумат белгилаб берган таълим тизимидир. Ҳар иккиси ҳам рол ўйнайди. Таълим мактаблардаёқ ҳийлага айланиб бўлди. Энди сиёсатимиз белгилаб берган таълим ҳам бизни ижрочига айлантиради. Сиз мактабда ҳам университетда ҳам, бошқаришни эмас, ижро этишни ўрганасиз. Шундай экан ёшлигингиздан ижрочиликка ўрганган экансиз, қандай қилиб ёзма деганни ёза оласиз? Ёза олиш учун аввал руҳингиздаги шунча йиллик итоатгўйликни енга олишингиз керак. Ичингиздаги цензурани тўхтатолмаётганингизга фикрим шу.

Рустам Насимий, Токио: Авваламбор, сизнинг фаолиятингиз учун катта раҳмат! Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги порахўрлик даражаси қайси вилоят ва шаҳарларда энг кўп ривожланган деб ўйлайсиз? Ўзбекистон шароитида таълим муассасаларидаги коррупция билан курашишнинг қандай йўлларини таклиф этган бўлар эдингиз?

Баҳодир Элибоев: Рустам Насимий, саволингиз учун раҳмат! Биласизми, мен ҳамма вилоят бўйича жавоб бериш ваколатида ҳам эмасман, маълумотим ҳам йўқ. Фарғона вилояти ҳақида гапиришим мумкин. Бизнинг одамлар негадир амални ҳазм қила олмайдилар, чамамда. Кимдир икки йилга маҳалла оқсоқоли этиб тайинланади. Бола пули олиш учун ҳам унга "узатиш" керак. Кимдир боғчага ишга кириши керак. Албатта, "дастурхон" қилиш керак. Кимдир қайсидир мактабга мудир этиб тайинланди. Бир йил ўтар-ўтмас қарасангиз мактаб ходимларининг бир қисми унинг қариндошлар. Ҳайратланишнинг кераги йўқ. Ва ҳоказо … Порахўрлик азалдан бор. Ибтидоий даврда ҳам қабила сардори суякнинг каттасини ғажиган. Инсониятнинг исталган даврига қарасангиз бу иллат билан кимдир курашган бўлиб чиқади. Афсуски, бугун ҳам "бу иллат билан қандай курашиш керак?" деган савол долзарб бўлиб қолмоқда. Менимча, бунинг барига йўқчилик сабаб. Одамда йўқчилик бўлса, эртага қандай яшайман, деб ўйлайди. Камдай туюлаверади. Яна пора олгиси келаверади. Ўз-ўзидан бу жиноятга қарши ҳимоя излайди ва шундай "тоғ" қидира бошлайди. Қарабсизки, коррупция муаммоси ҳам тайёр. Бундай пайтда, менимча, ҳар бир ишчи ходимни кўп муддатга битта лавозимда сақламаслик керак. Етарки, у ўзи ўтирган курсига ўрганиб қолмасин. Борган жойида таниш орттиришга улгурмасин. Шунда у тушуниб етар, бу курси ҳам ўткинчи эканини. Энди вариантда! Балки ечим бўлиб қолар.

Атеист: 1. Нега диний пропаганда билан шуғулланасиз?

Баҳодир Элибоев: Атеист, бу саволингизга очиғи тушунмадим. Мен диний ташвиқот билан шуғулланмаганман. Ҳайронман, бу маълумотни қаердан олдингиз экан. Мени миссионерликда айблаяпсиз, деган хавотирдаман. Бир инсонга савол беришдан олдин Жиноят Кодекси билан танишиб чиқсангиз яхши бўларди. Бу саволни бераяпсизми, демак, сиз Facebook-даги атеистлардан бирисиз ва менинг изоҳларимни ўқигансиз. Тўғри, Facebook ижтимоий тармоғида атеистлар билан суҳбатлашиб, баҳслашиб тураман. Лекин бу дегани тарғибот эмас-ку. Сизларни Ислом динига қайси изоҳимда чақирдим экан? Атеистлар аслида Худонинг йўқлигига ишонмайдилар. Улар борлиқ илми билан озуқланадилар ва Худонинг борлигига шубҳа билан қарайдилар. Сизлар учун Худо бор, десанг ҳам, Худо йўқ, десанг ҳам, далил топиш керак. Худо йўқ, деб кескин гапирган атеист аслида атеист эмас! Чунки, улар Худо йўқ, демайдилар. Борлигига эса ўз ақл доиралари чеклангани учун бор дегувчилардан исбот сўрайдилар. Бу атеистларга хос. Мен атеизмни жуда яхши тушунаман. Лекин ижтимоий тармоқлардаги атеистлар Худони йўқ дея олмаганлари каби, Уни ҳақорат ҳам қилмасликлари керак. Одатда атеистлар шундай қилишади. Сизлар эса жон жаҳд билан курашга берилгансизларки, ҳатто ҳақоратлар бошланган. Шунинг учун тузукроқ атеист қолмадими, деб ўйлайман. Мен билган атеистлар ҳар бир динга совуққонлик билан қарайди. Ҳар бир диндан ўзига кераклигини олади. Улар қандайдир ғайритабиий куч борлигига ишонишади. Биз шу куч Аллоҳдир, десак, бунга далил исташади. Ўртадаги баҳс аслида мана шу мавзуда бориши керак. Атеизмга ёш болалар кирмайди. Бу йўналишда ҳаёт кечирувчилар кўп изланиши керак. Атеист бўлиш учун дунё илмини тушуниб етган, ҳеч бўлмаса бу билимга қарши шахсий фикри бўлиши керак. Атеистлик бир оқим эмас. Лекин, қўрқаманки, бу тушунча ҳам гуруҳбозликка айлангандай гўё. Ницше ёшлигидан атеист бўлмаган. У анча изланган. Ҳозиргилар эса қандайдир манфаат ҳосиласида атеизмни даъво қилишмоқда. Дин ва динсизлик - ҳаёт босқичи. Булар ҳали ҳаётни кўрмасдан интернетда гап сотиб юрибди. Атеист аввал бошда демократияни ҳурмат қилувчи бўлади. Майли у Исломни инкор қилсин, лекин Исломга эътиқод қилгувчиларни ҳурмат қилиш керак. Мусулмонлар эътиқод қилувчи динни масхара қилиш, турли карикатуралар чиқариш бу фақат ва фақат адоватни қўзғаш дегани. Мисол учун, менинг шахсиятимга менинг диним ҳам киради. Атеистларнинг шахсиятига тегмаганим каби улар ҳам менинг эътиқодимни ҳурмат қилишларини истайман.

2: Сиз учун инсон ҳуқуқи ҳимоячиси сифатида барча фуқаролар тенг ҳуқуқлими, диний дунёқараши, жинсий ориентациясидан қатъи назар?

Баҳодир Элибоев: Ҳа, мен учун барча тенг ҳуқуқлидир. Лекин менинг шахсий фикрим мен яшаб турган мамлакат шароитида бир нимани ҳал қилармиди? Биз мустақилликдан олдин Ислом динидан анча узоқ ушлаб турилдик. Гарчи пинҳона намоз ўқишлар ва жанозалар бўлиб турган бўлса ҳам. Динимизни унутиш даражасига бордик. Энди мустақиллик кириб келгач динимизни қайта тиклаш авж олган пайтда атеизм билан кириб келиш ва "Худо йўқ", деб даъво қилиш атеистнинг ҳаётига ҳам хавф солиши мумкин. Балки ўзбеклардан чиқаётган атеистлар чет элларда ижтимоий тармоқларда фаолдирлар, лекин бизнинг ҳудудларда бундай эмас. Атеист бўлгани тақдирда ҳам улар ўзларидан ўзлари жамоат жойларида худосизликдан гап сотмайдилар. Буни тушуниш керак. Атеист тенг ҳуқуқлими, деяпсиз, албатта сиёсий ҳуқуқларда диндорлар билан тенгдир. Лекин бошқа масалаларда бир нарса дея олмайман. Атеист ўлиб қолса нима қиламиз? Ёқамизми, сувга оқизамизми ёки кўмамизми? Қайси одатга асосланамиз? Бу ердаги атеистлар мана шу жиҳатларни ҳам ҳисобга олади ва имкон қадар муроса билан яшашни афзал деб билади.

Акмал, Ню-Йорк: Бугун ташқарида юрган мухолифат бор. Айтингчи Ўзбекистон ичида уларнинг кучи борми?

Баҳодир Элибоев: Саволингиз учун раҳмат, Акмал. Мухолифатнинг мамлакат ичида, афсуски, номи бор, холос. Ҳар ҳолда менга шундай туюляпти. Мухолифат 80-йиллар охиридаги каби эмас. Гарчи уларнинг аксари ўша даврдаги ёки камида 15 йил олдинги воқеалар билан сармаст юрсалар-да, бугуннинг ёшлари мухолифат ҳақида билмайди. Билганлари ҳам уларни ноодатий ахборот тарқатаётган ташкилот сифатида таниса керак. Бир қисм мухолифат ўз донорларини алдашаётган бўлиши ҳам мумкин. Фалон ишни қиламиз деб моддий таъминотни оладилар-да кейин у иш ерларидан ҳам чиқиб кетадилар. Лекин олинган пул ҳаётни яхши давом эттириш учун етарли. Онда-сонда 1-2 та мақолалар бериб туришади, албатта. Энди сиз "кучи борми?" деб сўраяпсиз. Фақат номи бор кишиларнинг кучи қолармиди? Тасаввур қилинг, 90-йилларнинг биринчи ярмидаёқ чиқиб кетган одамларнинг бугунги кунда 20-25 яшар ёшлар нима деб эслашади? Ақлини танибдики, ўқиган китобларида ҳам, газеталарида ҳам, кўрган телевизорларию радиоларида ҳам улар ҳақида гап бўлмаса, аксига ҳозирги ҳукумат ҳақида гапиришса, улар кимни танийдилар? Қани ўзи кимлар улар деб қизиққани мундоқ эътибор берса, интернетда бир-бири ҳақида ёзган мақолаларини ўқийдими?

Дилшод, Сеул: Баҳодир акага саволим шундай. Ўзбекистонда Ғарбона тахлитдаги демократияни қуриш имкони борми?

Баҳодир Элибоев: Шу саволдан кейин ўйланиб қолдим, Ғарбга мабодо Шарқона демократия керак эмасмикин? Ахир Ғарб ҳозир Шарққа муҳтож-ку! Саволингизга қисқа жавоб берсам, Ғарбона демократияни бизда қуриш имконсиз! Бундай демократия бизда яшамайди. Айниқса, Ўрта Осиёда стратегик муҳим бўлган мамлакатимизда. Шу билан савол ҳам ёпилиши мумкин, бироқ демократия баҳонасида аслида айрим Ғарб мамлакатлари бизга кириб келиши, бизни бошқаришни хуш кўришмоқда. Шунинг учун бироз фикрлар билдирсам. Ҳар қандай сиёсатда, айниқса ташқи сиёсатда 2 хил позиция бор: 1. Оталиқ 2. Ҳамкорлик. Оталиқ позиция нима дегани? Бундай позицияда сиз ўзингизни "катта ака" сингари ҳис қиласиз, ақлли, камолга эришган, хулласи калом, сиз ўзингизни Отабек ҳис қиласиз. Яъни Осиё мамлакатлари булар сизнинг фарзандларингиз, уларни керак бўлса жазолайсиз, уларни керак бўлса ўқитасиз-ўргатасиз, қилаётган ишларини танқид қиласиз, кейин тушунтирасиз аслида қандай яшаш кераклиги ва ҳоказони. Бундай оталиқ позициясида айнан Оврўпо ва АҚШ турибди. Лекин фойдасиз! Бу билан Ғарб мамлакатлари беҳуда ҳаракат қиладилар. Саъди Шерозийнинг бир гапи бор: "Эшшак алаф еб ўрганган, унга асал беришдан наф йўқ". Ғарбнинг буғдойдан жўхори чиқаришга интилиши бир оз ғалати. Айнан мана шундай позицияси билан Ғарб бугунларда Россия ва Хитойга бор беряпти. Чунки оталиқ позицияси бу – қатор жазолар, иқтисодий эмбарго, турли санкциялар, персона нон грата рўйхатлари ва ҳоказо. Энди ҳамкорлик позицияси дегани нима? Бу усулдан кўпроқ Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва баъзида Россия фойдаланиб турибди. Ҳамкорлик бу бошқа мамлакатни ўзинг билан тенг деб ҳисоблашинг. Гарчи унинг олиб бораётган сиёсати сенга ёқмаса ҳам, ўз ишингни билиб қилаверасан. Балки сизга бу режимда жуда кўп ишлар ёқмас, лекин сиз аралашмайсиз, характерингизни намойиш этасиз. Вақтни кутиб, шовқинсиз тарзда дипломатик ноталар билан қандай яшашни кўрсатасиз. Керак пайтда ўз мамлакатингизга таклиф қилиб, маданиятингизни, яшаш тарзингизни, ошхонанингизни, миллий маҳсулотларингизни ва ҳоказоларни кўрсатасиз. Хуллас, дўст бўласиз.

Энди савол туғилади: юқоридаги ҳар икки позициядан қайси давлатлар сиёсатида имконият кўпроқ? Жавоб оддий, қайси давлатда сиз билан виза тартиби бўлмаса, ўша давлатда имконият кенгроқ. Демак, биринчи навбатда Россия ва Қозоғистонда, кейин Туркияда, Жанубий Корея ва балким Хитойда имкониятлари кўпроқ. Ҳа, айнан шу давлатлар, Ғарб эмас, мамлакатимизда машҳурликдан фойдаланишмоқда. Буни кўриш учун сал эътибор беринг, Хитой маҳсулоти, турк маданияти, корейс сериали, русларнинг меҳнат таклифлари… Чунки мен ҳар куни менинг дастурхонимдан овқатланадиганни осон бошқара оламан. Ғарб пасспорт назоратини кучайтирганидан бери Шарқий мамлакатлардаги назоратини йўқотиб бўлди. Шунинг учун ҳар бир ҳаракати қимматга тушмоқда. Агар сиз назарда тутган Ғарб мамлакатлари Осиёни бошқармоқчи бўлса, аввал бошда Осиёга қучоқ очиши керак. Лекин бу ишни қилмаяпти, демак Осиё унинг учун эмас. Энди Осиё олдинги Осиё эмас, у ўзининг технологияда (Samsung, HTC, LG), маданий соҳада (PSY ҳали биринчи қалдирғоч), давлатчиликда (Хитой, Корея, Сингапур) гигантларини дунёга чиқариб қўйди.

Ғарб ҳар қадамида Осиёдаги имкониятларини бой бермоқда. Буни тушуниб етган ва охирги 2-3 йилдан бери бизга қизиқишлари ортган, нима қилсак бўлади, деган савол уларнинг миясида айланиб юрибди. Биз эса аллақачон бошимизни Шарққа буриб бўлганмиз, айниқса Хитойга. Ўз иштаҳамизни Хитой маҳсулотлари билан қондиришга одатланиб бўлдик. Хитой, Корея, Сингапур, Малайзия бизга қучоқ очиб турганда нега энди бизга Ғарб керак? Ёки Ғарбона бир нарсалар керак?

Ғарбона демократия деяпсиз, лекин Ғарб бизда терроризмни кўрмоқда. Терроризм - бошқа давлатлардан беркиниш учун қайсидир давлатнинг тўқиб чиқарган эртаги. Лекин Ғарб қанча терроризмдан ҳимояланса, шунчалик тез тамом бўлади. Душманни енгиш учун олдин уни қабул қилиш керак. Бу ишни бугунги кунда Россия эплади. Чеченистонга нисбатан. У терроризмни унутди, чеченда ўзининг биродарини кўрди, бир қанча молиявий ишлар олиб борди ва фақат шундан кейингина бир неча йиллик фуқаролик урушига барҳам берди. Ҳатто шу даражага етдики, Путиннинг сараланган тансоқчилари чеченлардан экан, деган миш-мишлар тарқалди. Балки бугунда Оврўпани даволаш учун Шарқона демократия олиб кирармиз? Буни энди улардан сўраш керак.

Ўзбек, Фарғона: Ўзбекистон сиртдан қараганда жуда обод ўлкага ухшайди. Лекин халқ доимо нолийди. Одамлар нима ҳисобига кун кўраяпти?

Баҳодир Элибоев: Саволингиз учун раҳмат Ўзбек! Одамларда эртанги кунга ишонч йўқ бўлгани учун нолийверишади. Одамларнинг нолишига сабаб иқтисодий муаммолардир. Лекин бу ерда айб фақат оддий одамларда эмас, давлат расмийларида ҳам бор. Биргина иқтисодимиздаги мисолни сизга айтаман: Мана яқинда 5000 сўмлик банкнот, купюра чиқардик, бунга сабаб нимада? Чунки бизда нақд пул банкларда эмас. Бизда бозор системаси ишламаяпти. Лекин ишламаяпти, десанг биров ишонмайди. Нақд пул эмиссиясига сабаблар кўп. Лекин иқтисодни тушунадиганлар биз пластик карточкага ўтган пайтимиздаёқ янги пул чиқишини башорат қилган бўлсалар ажабмас. Аслида пластик карточкалар муомаласи ёки янги купюра чиқариш муаммо эмас. Лекин ривожланган мамлакатларда, ўз иқтисодини йўлга солволган мамлакатларда муаммо эмас. Ўтиш давридагилар учун муаммо! Биринчи сабаблардан бири халқ давлатга нақд пул бергиси келмайди, ўзининг сандиқчасида яширишга уринади. Давлатга деганда асосан солиққа ва банкка бермаслигини тушунинг. Банкдан чиқаётган пул яна банкка қайтиши керак. Чиққан пул қайтиб кирмаса, банкда нақд пулга эҳтиёж сезилади. Халққа пластик карточка бериб, ўзида нақдни ушлашга ҳаракат қилди. Лекин ҳийлага найранг дегандек, халқ солиқ ва бошқа тўловларни пластикда тўлашни танлади. Банк яна ҳайрон. Биз янги пул чиқардик. Лекин бу фойда берадими йўқми, билмадим. Чунки, коррупция, таниш-билишчилик ривожланган бир даврдамиз. Порахўрлик урф-одатга айланиб қонимизга сингиб бўлди. Иллатни фазилатга айлантирдик. Бозор системасида ишлаб чиқаришга кучли эътибор бериш керак. Лекин қайси ишлаб чиқаришга қарасангиз, аҳволи танг. Ишсизлик кучайган. Кўча тўла ишсиз. Хуллас ишсизлик, коррупция ва ишончсизлик оқибатида бугун биз 5000 сўмлик банк билетини чиқаришга қарор қилдик. Лекин бу вақтинчалик халқни алдаш. Иқтисодимиз ботиб бораётганини тушунмаган бўлишса, керак. Кун келиб 10 минг сўмлик банкнот чиқарамиз дейишса, бунга ҳайрон қолмаган бўлардим. Яна бир мисол: президентни сайлаймиз, маҳалла раисини сайлаймиз, лекин нега ҳокимларни сайламаймиз?! Ҳокимлар тайинланадилар. Тайинланган билан сайланганнинг фарқи бор. Агар биз сайлаганимизда демократияга қадамимиз тезлашарди. Тайинланган ҳоким сайлаган халқи учун емас уни тайинлаган одами учун хизмат қилади. Мана қонунчилигимиздаги таниш-билишчиликка зўр бериш. Қонун ишламайдиган жамиятда эса ҳеч нима ишламайди. Бозор системаси ҳам шундай. Халқ доим нонни ўйлайди. Аввал нон бўлади, кейин бошқа ишлар навбати билан. Лекин нон топишда муаммолар бўлаверса, албатта, нолийверади-да! Кимдир, "кел, мен ҳам дангасалар қаторига кириб қолмай", деб ҳаракат қилиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйди дейлик. У ишлаб чиқарган маҳсулот 1000 сўмга тушса, қайсидир чаққон Хитойдан 500 сўмга олиб келиб турса, устига-устак, тадбиркорни текширувчилари кўп бўлса… Боре, дейди-ю ҳаммасидан воз кечади. Кейин у нолимасдан мен нолишим керакми? Мамлакатдан чиқиб кетаётган меҳнат муҳожирлари бир йилда мамлакатнинг бутун миллий даромадининг 30-35 фоизини олиб киришяпти. Кейин болажон халқ эканлигимиз ҳам анча фойда беряпти. Мана шулар ҳисобига кун кўряпти ҳозирги одамлар.

Фазлиддин, Тошкент: Баҳодир Элибоевга саволим бор эди: Баҳодир ака, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланиш осонми? Милиция ва хавфсизлик ходимлари сизга тазйиқ ўтказишмайдими?

Баҳодир Элибоев: Саволингиз учун раҳмат Фазлиддин. Йўқ. Ҳеч ким тазйиқ ўтказмайди. Агар фаолиятим тақозо этса, милиция ходимларига мурожаат қиламан, хавфсизлик ходимларига ҳам. Чунки фуқаронинг иши шулар билан битиши керак бўлса, уларнинг идораларига кираман. Ариза тушган шу масалани ўрганиб чиқинглар, деб илтимос ҳам қиламан. Буни яширишнинг кераги йўқ. Энди бироз ҳаракатларимни изоҳласам. Нима учун бизнинг давлат тоталитар тузумга ўхшаб кетади? Биласизми, бунга ким сабабчи? Мендай мустақил журналитлар ва ҳуқуқ ҳимоячилар айбдор! Биз танқид қиламиз. Танқид қиляпмизми, демак ҳукуматни калтаклаяпмиз. Ҳукумат эса ўз ўрнида ўрганиб бормоқда қаердан зарба келишини ва пишиб боряпти. Борган сари у калтакни ҳазм қиладиган ва қайтара оладиган даражада устамонга айланиб бормоқда. Шу билан бирга ақлли ва авторитарлашиб бормоқда. Яъни биз уни тарбиялаяпмиз. Фақат ўзимиз истаган йўлда эмас. Чунки ҳар қандай ҳукумат қанчалик қўрқоқ бўлса, шунчалик ҳимояланишни ўйлайди. Амалда қолиши учун ҳар қандай ишга қўл уради. Оқибатда атрофдагилар бу ҳукумат билан ишлашни мақул кўрмай қоладилар. Ҳозирда, бир сўз билан айтганда, ҳуқуқ ҳимоячилари ёки мустақил журналистларда эгилувчанлик қобилияти йўқ. Конструктив ҳаракат қилувчилар йўқ. Сиз Одиссейнинг Циклопни қандай енгганини билсангиз керак. Очиқ курашда Одиссей ютқазиши тайин эди. Шунигн учун у кутди. Циклоп уйқуга кетганидан кейин унинг кўзини кўр қилди. Сабр қилиб ақлни ишлатиб ютди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳукуматнинг кураши ҳам шундай. Ҳукуматга очиқ жанг эълон қилиш мутлақ мағлубиятга олиб келади. Шунинг учун бир ёнбосиш керак. Сабрли бўлиш ва ақлли ҳаракатлар қилиш керак. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўз қизларига шундай насиҳат қилганлар: "Сен эрингга шундай чўри бўлгинки, у сенга қуллик қилсин". Модомики, ҳуқуқбон шу давлатда экан, яъни ҳукумат билан бир оилада экан аввал итоат қилиши керак. Итоат қилибгина кучлини бўйсундириш мумкин. Диндор Худодан бир нима сўраш учун аввал сажда қилади. Бу ҳаммаси оддий ҳақиқатлар. Лекин биздагилар мана шу ҳақиқатни тан олмайдилар. Мана нима учун ҳозирда кўплаб ҳуқуқбонларимиз давлат машинасига бой бермоқда! Мана нима учун ҳар йили қамоқхоналаримиз диндорлар билан тўлиб бормоқда. Суқротнинг бир ажойиб гапи бор: "Сен давлатга қарши чиқиб туриб, қандай қилиб, яна шу давлатдан мени ҳимоя қилмоқчисан? Унда ўзинг ҳимояга муҳтож бўлиб қолмайсанми?" Бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланиш осон. Лекин ҳуқуқ ҳимоячилиги осон эмас. Бу ишда қанча ҳуқуқбонларни биламан пора олганликларини. Ўз вазифасини суистеъмол қилганлари қанча. Расмийлар қўрқишаркан, деб кабинетларда бақир-чақирлар қилишлари, намойиш қиламан, деб қўрқитишлар. Буларнинг бари давлат расмийларини менсимасликдир. Ва улар билан ўйнашишдир. Аввало, уларни аҳмоқ деб билмаслик керак. Давлат кўчадан топиб келиб ўтирғизиб қўйгани йўқ. Сиз билганни билмаслиги мумкин, лекин сиз ҳам у билганни билмайсиз. Шунинг учун бу ерда ҳали айтганимден "оталиқ позицияси"ни унутиш керак. Бу ерда ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим. Уларнинг ҳам сизнинг ҳам вазифангиз жабрдийдага ёрдам бериш бўлса, буни ётиғи билан тушунтириш сизнинг вазифангиз. Исталган пайтда қамалиш, ҳатто ўлиб кетиш мумкин бўлган пайтда қочоқлик орзусида таваккал қилмаган бўлардим. Ўқиш пайтидаёқ фикрларим учун ўқишдан ҳайдашди, ҳуқуқбон бўлмасдан туриб бу давлат билан номуроса ҳолатга кўп келдик. Лекин йиллар ўтяпти, давлат ҳам биз ҳам, ақлли бўлиб боряпмиз. Лекин ҳамма ҳуқуқбонлар ҳам эмас. Сиз тазйиқни айтяпсиз, лекин тазйиқ ўзидан-ўзи бўлмайди. Порахўрликка қарши курашаётган одам пора олса! Улар кутишади. Хато қилишингизни, қаердадир қоқилишингизни кутишади. Шунга шароит яратишади. Ҳисобингизни музлатишади. Сизнинг иш фаолиятингизга турли тўсиқлар яратишади. Кейин сизда нимадир бўладию бир хато қиласиз. Ана шунда улар бу хатодан усталик билан фойдаланадилар. Ахир ташқи дунёга сизнинг қандайдир айбингизни кўрсатишлари керак-ку. Энди бизнинг ишимизда яна бир муаммоли вазиятни айсам. Оврўпо мамлакатларидан бирида бир оврўполик: "Нега ҳуқуқ ҳимоячилари орасида ёшлар деярли йўқ," - деб сўради. "Чунки сизлар грантлар эвазига ишчи ёллайсизлар. Грантлар эса муқим емас, 1-2 йилда бир берилади. Ўтиш давридаги тузумда ҳуқуқий ҳимоя масаласи жуда авж олади ва ишга нисбатан иш ҳақи мутаносиб эмас," - дедим. Шунда у грантда белгиланган ойлик маош давлатингизда белгиланган ўртача ойлик маошга нисбатан олинган, деб изоҳ берди. Мен унга: "демак, сенинг бизнинг ҳукуматдан фарқинг йўқ экан-да?! У ҳам сен ҳам бир хил маош берадиган бўлса, унда ҳаётимни таваккал қилиб, сен билан ҳамкорлик қилишдан нима наф," - дедим. У ҳайрон. Ҳуқуқ ҳимоячилиги қийин иш. Агар ҳисобласангиз Россияга чиқиб ишлаб келувчининг даромади сизникидан бир неча баравар катта. Ҳозирги ёшлар эса тезроқ ва иложи бўлса бир иш қилсаю бирданига бойиб қолишни ўйлайди. Ким билан бўлсин муомала қилишда муаммо йўқ. Лекин ҳаёт давом етмоқда, оилам кенгаймоқда. Агар бу ишдан воз кечишга тўғри келса, бу ҳам кучишлатар органларнинг тазйиқи туфайли эмас, оилам таъминотини ўйлаб қилишим мумкин.

Зоҳида, Қарши: Ўзбекистонга четдан таҳдид бор деб ўйлайсизми?

Баҳодир Элибоев: Саволингиз учун раҳмат, Зоҳида. Мамлакатимизга четдан таҳдид бор, деб ўйлайман. Фақат қандай таҳдид? Маънавиятимизга мос келамайдиган ахлоқсизлик таҳдидими? Ёки геополитик таҳдидми? Диний мутаассиблар таҳдидими? Ёки маданий таҳдидларми? Очиғи ҳар нарса бўлиши мумкин. Сиз ҳовлингиз ерини чопасиз. Ариқ очасиз. Сув қуйишни бошлайсиз. Илк оқим лойқа бўлиши аниқ! Сиз тоза ва тиниқ сув қуйсангиз ҳам барибир лойқаланади. Чунки янги оқим шунақа. Сиз бир муддат уйингизга лойқа сув оқишини кузатиб туришдан бошқасини эплолмайсиз. Кутишга мажбурсиз! Оқаётган сувга қанча кетмон урманг, лойқаланиш кучайса кучаядики, тиниб қолмайди. Бугун мамлакат янги оқимни яшамоқда. Мустақилликдан кейин бир муддат "лойқаланиши" табиий. Тиниши учун вақт керак бўлади. Очилган имкониятлардан фойдаланиб, мамлакатга турли оқимлар кириб келиши ҳам табиий. Фақат бунга тайёргарлик пухта бўлса, сезилмаслиги мумкин. Лекин энг даҳшатлиси ичкарида бўладиган фуқароларнинг намойишлари, инқилоблари. Ўзбекистон Ўрта Осиёда жуда аҳамиятли давлат. Жамияти ҳам жуда қоришиқ. Этник хилма-хиллик бор. Диний хилма-хиллик бор. Яқинларгача Ислом динига чанқоқлик бор эди. Чунки собиқ тузумда даҳрийлик ғояси илгари сурилган. Азал-азалдан динни интиқиб кутган халқ ҳар қандай Ислом байроғини қабул қилгиси келаваради. Лекин ялтираганнинг ҳаммаси ҳам олтин емас. Бизникилар шуни фарқлай олмаяпти-ми, деб қўрқаман. Таҳдид ташқаридан ҳам ичкаридан ҳам бўлиши мумкин. Бир ҳолатни олайлик: Россия ҳозирда меҳнат муҳожирларини ўз юртига қайтаришни бошлади. Тўғри дабдурустдан емас, аввалига ҳужжати йўқларни ҳайдайди, 15-йилга келиб эса виза тартибини жорий қилмоқчи. Нариги томондан АҚШ ўз кучларини Марказий Осиёдан олиб чиқиб кетишни ўйлаб турибди. Яъни битта катта давлат бу ерга миллионлаб потенциал кучларни ҳайдаса, бошқа бир катта давлат жанубда девор бўлиб туриш вазифасидан ўзини озод қилмоқда. Албатта, Туронга илк кириб келувчи куч Толибон кучлари бўлиши табиий. Араб ўлкаларидаги можароларда ўзбек мужоҳидларининг бўлиши ҳам бекорга эмасдир. Ўзбек мужоҳидлари кейинги юриш Ўрта Осиё, деган бўлишлари ҳам мумкин. Энди бахтга қарши айрим давлатлар 15-йилда сайловни бошлаб юборадилар. Аксига олиб мамлакат раҳбариятида тайинли меросхур йўқ. Ҳозиргча навбатдаги президент ким бўлади дейилса, баҳслар бошланиб кетади. Лекин самарасиз. Бу ҳолат мамлакат ичида тарафкашликни ва, охир-оқибат, хаосни яратиши мумкин. Хаосдан эса қайсидир катта куч унумли фойдаланиб қолади.

Бу мавзуда батафсилроқ