Book-crossing тажрибаси - зиёлиларнинг ички муҳожироти-ми?

Image caption Журналист Тамара Санаева тошкентлик зиёлилар орасида яхши танилган

Тошкентдаги "Илҳом" эксперементал театрида book-crossing (китоб алмашиш) тажрибаси татбиқ этила бошлади.

Янги тажрибага мувофиқ, китобхонлар театрга ўзлари ўқиб бўлган китобларни олиб келиб, эвазига бошқа китобларни олиб кетишлари мумкин бўлади.

Китобсеварлар нафақат китобни қўлдан қўлга бериб, балки ўқиган асарлари ҳақида таассуротлари билан ўртоқлашиш имконига ҳам эга бўладилар.

Би-би-си book-crossing тажрибаси ҳақида Тошкентда китобхонлик мавзусини ўрганган журналист Тамара Санаева билан суҳбатлашди.

Тамара Санаева: Ананавий технологияларнинг ривожланиши жараёнида китоб анча мунча ўзгаришларга юз тутди, босма китоблар қаторида уларнинг электрон нусхаси ҳам ҳаётга фаол татбиқ этила бошлади. Бу, менинг назаримда, бир танганинг икки томонига ўхшайди. Шахсий кутубхонамда турли хил китоблар бор, ёшлигимдан йиққан китоблар билан бирга, электрон китоблар ҳам мавжуд. Улардан босма китоблари қимматбаҳолиги билан, электрон китоблар эса кўпроқ қулайлиги учун ажралиб туради ва ҳар бири ўзига хос аҳамиятга эга. Мен тошкентликларнинг китобга бўлган қизиқишини сезаяпман, масалан, кўплаб китобхонлар нафақат уларни виртуал услубда ўқиш, балки виртуал ҳудудда ҳам уларни муҳокама қилиш ва сўнгра реал одамлар билан мулоқотда бўлишга қизиқиш билдирмоқдалар.

Би-би-си: Нима учун айнан ҳозирда, яъни деярли ҳамма нарса интернетлашиб кетаётган бир пайтда, Тошкент аҳолиси, жумладан, ижодкор зиёлилар, китобларга катта қизиқиш билдиришмоқда?

Тамара Санаева: Биласизми, бунинг илдизларини мозийдан қидириш керак. 1901 йилда Тошкентда Туркистон аҳолиси учун оммавий китобхонлик жамияти ташкил қилинганди. "Пушкин жамияти" жуда кенг миқёсда фаолият олиб борган. Шунинг учун минтақамизда китобларга, айниқса рус тилида чиққан китобларга қизиқиш азалдан шаклланиб бўлган, лекин албатта Самарқанд ва Бухоро каби кўҳна ва тарихий жойларнинг кутубхоналарини ҳам унутмаслигимиз лозим. Бу ерда гап минг йиллик тарих ҳақида кетаяпти. Book-crossing ҳақидаги ғоя "Илҳом" театрида яқинда пайдо бўлди, яъни китоб алмашиш тизими йўлга қўйилди. Янги тартибга кўра, кимки янги китобни ўқийман, деса, у албатта ўзи билан китоб олиб келиши керак. У ерда китобхонлар орасида ўзлари келтирган китоблар ҳақида маълумот беришлари ҳам мумкин.

Би-би-си: Нима учун одамлар китобни ўқиб бўлгач уни муҳокама қилиш ва таассуротлари билан алмашишга ҳаракат қилади ҳозирги замонда?

Тамара Санаева: Инсон ижтимоий мавжудот, шундан келиб чиқиб, худди нафас олиш ёда нон тановул қилиш каби бошқалар билан мулоқотда бўлиш ҳам жуда кучли эҳтиёждир. Интернет шарофати туфайли , ўз фикрларингиз билан ўртоқлашиб туриш имконияти пайдо бўлди. Фикр алмашиш эҳтиёжи янада ошди. Лекин одамлар бу виртуал мулоқот олиб боришдан қаноатланмай, интернетда бир бирлари билан танишиб, ундан кейин реал ҳаётда ҳам учраша бошладилар. Балки бундай аҳвол бутун дунёда юз бераётгандир, лекин Тошкентда, менимча, бу кучлироқдир. Интернет асосида пайдо бўлган жамоалар сирасига, мисол учун, "Тошкент хақидаги мактублар" ёки уч йил олдин мен очган mediacult.uz сайти киради. Яъни одамлар сайтларда бир бирлари билан танишиб олиб, реал ҳаётда учраша бошлаганлар. Ўтган август ойида биз ҳаммамиз йиғилиб, "Тошкент хақидаги мактублар"нинг етти йиллигини нишонладик. Бундан ташқари сайтда Владимир Фетисовнинг "Болалигим китоблари" рукнида мақолалар чиқа бошлади, ундан кейин ўтмишни қумсаётган ижодкорлар учун "Болалигим филмлари" деган алмашув нуқталари пайдо бўлди. Бу жуда катта баҳсу мунозаларларни ўртага ташлади. Масалан, Москвада ижод қилаётган таржимон Татьяна Перцева муҳокамаларда фаол қатнашгани боис худди у Тошкентнинг ичида яшаётгандек таъсурот қолдирган. Чунки у кўпроқ Тошкент сайтларида виртуал мулоқот олиб борган.

Би-би-си: Лекин, Ўзбекистондаги зиёлилар қатлами кўпроқ бошқа мавзулар билан қизиқаётгандек тасаввур пайдо бўлади. Улар, гўёки унча долзарб бўлмаган масалалар борасида қайғураётгандек. Бошқа мавзулар муҳокамаси уёқда турсин, ҳаттоки тилга ҳам олинмайди. Сизнинг назарингизда, бу мойилликни ички муҳожирлик, яъни зиёлилар ўзларининг ички дунёсига ўралашиб қолишган, деб таърифласак бўладими?

Тамара Санаева: Йўқ, бу бундай эмас, мен айтганимдек, ҳам виртуал дунёда ҳам воқеъликда мулоқот қилган пайтимиз ҳаётнинг турли қирралари бизни қизиқтиради, албатта. Масалан, facebook тармоғида potrebitel.uz деган саҳифамизда бундай долзарб муаммоларга аҳамият қаратамиз. Саҳифа иштирокчилари маҳсулотлар сифатини муҳокама қилишади ёда ижтимоий хизматларнинг даражаси ҳам бу мавзулардан узоқлашмайди. Мана яқин орада мамлакатимизда ахборот ва технология фестивали бўлиб ўтиши керак ва назаримда ижтимоий ривожланишлар билан бу ҳам бевосита боғлиқ, шундай эмасми?

Би-би-си: Ҳа тўғри, бўлиши мумкин, лекин, меҳнат муҳожирлари масаласи ёки пахта мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланиш, бу каби мавзуларни муҳокама қилмайсизларми?

Тамара Санаева: Табиий, биз бу мавзуларни ҳам facebook тармоғида ва ҳам учрашганимизда муҳокама қиламиз. Лекин, бу ерда мана бундай мойиллик кўзга ташланади: биз пахтага борган давримизни қумсаб эслаймиз, пахтага чиқиш бизнинг ёшлигимизга тўғри келгани туфайли бу ерда ҳам ижобий, ҳам салбий томонларни эслаймиз, ўша даврда олинган расмлар ёки ўқилган китоблар борасидаги хотираларни алмашиб турамиз. Мисол учун, эллигинчи йилларда бир мактаб ўқувчилари пахта теримига чиққанларида, уларнинг ўқитувчиси ҳар бирига навбатма- навбат китоб ўқишини тайинлаганди. Ёши етмишдан ошган одамларнинг эслашларича, декабр ойи эди, жуда совуқ, улар пахтанинг очилмаган кўсагини териб, ичидан пахта толасини тортиб олиб, уни бир жойга, чаноғини эса бошқа жойга тўплашган. Кимдир эса бу вақтда баланд овози билан китоб ўқиган. Мана шу орқали тарбия ўтарди. Талабалик ўзига хос давр бўлган. Биз сентябр ўрталарида чиқиб, 19 декабргача пахта далаларида қолиб кетгандик. Ўша пайтда кўп шеър ўқиларди, гитарада ашулалар айтиларди. Буларни албатта ҳаётимизнинг ёрқин лаҳзалардек эслаймиз. Айни пайтда пахта терими кампанияси кетаётганда, оғир турмуш шароитини ҳам муҳокама қиламиз. Яъни, ким пахтага чиқаётгани ва ўз шахсий пулларидан қанча тўлаётгани, буларнинг ҳаммаси бизга маълум ва муҳокамалар жуда қизғин ўтади. Лекин биз бу мавзу юзасидан чиқишлар қилмаймиз, бунинг ҳеч ҳожати йўқ. Етиштирилган ҳосилни далада қолдириш гуноҳ, уни йиғиб олиш керак деб ўйлайман. Лекин шароитнинг йўқлиги ва ташкиллаштирилмагани бу бошқа гап.