Артур Григорян: 'Руслан жангга шай ва Кличко ғолиб чиқади'

Image caption 'Русланнинг бўлажак жангга тайёргарлиги аъло даражада'

Ўзбекистонлик бокс "қироли" бўлган мураббийси Руслан Чагаевнинг бугунги жангги олдидан тайёргарлигини ана шундай баҳолади.

Руслан ва унинг сербиялик рақиби Йово Пудар ўртасидаги жанг ғолиби WBA Intercontinental ва PABA камари соҳибига айланади.

Руслан Чагаев профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпионидир.

Аммо у қатор жанглар ўтказиб, WBA таснифида ўз рейтингини яхшилаб, шу йил охирларида яна жаҳон чемпионлиги камари учун рингга тушмоқчи.

Унинг бўлажак рақиби Йово Пудар эса, PABA (Pan Asian Boxing Association) камарининг амалдаги соҳиби саналади.

34 ёшли Руслан Чагаев профессионал рингда 34 та жанг ўтказган бўлса, шунинг 31 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва яна бир жангида дуранг натижа қайд этган.

Унинг 42 ёшли бўлажак рақиби Йово Пудар профессионал рингда 30 та жанг ўтказган бўлса, шунинг учтасида мағлубиятга учраган.

Аммо бокс кечасининг асосий учрашуви Владимир Кличко ва Александр Поветкинлар ўртасида бўлади.

Владимир Кличко - Александр Поветкин ўртасидаги жангга эса, IBF, WBO, IBO, WBA таснифларида энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги камари тикилади.

Владимир Кличко - Александр Поветкин, тарихий жанг олдидан - фоторепортажимизда томоша қилинг.

Ҳар икки жанг ҳам 5 октябр куни Россия пойтахти Москва шаҳридаги 14.000 кишилик "Олимпийский" спорт мажмуасида бўлиб ўтади.

Руслан 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик боксчи Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлган.

У ўтган ва шу йил ҳисобидан ўтказган ҳар тўрт рейтинг жанггидан барчасида ғалаба қозонган.

Руслан ўтган йил август ойида Олмониянинг ўзи қарийб 10 йилдан буён шуғулланиб келган Universum Box-Promotion клуби билан шартномасини бузган ва сўнгги жангларини эркин агент мақомида ўтказган.

Руслан Чагаев бир неча ойдан буён янги мураббийси Шугар Ҳилл қўл остида Американинг Детройт шаҳрида шуғулланиб келган ва яқинда Олмонияга қайтганди.

Артур Григорян Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида ҳар икки жангда рингга чиқувчи боксчиларнинг имкониятларини мана бундай баҳолади:

Артур Григорян: Ҳа, агар ўз кузатувларимдан келиб чиқиб айтсам, Руслан жангга жуда шай. Машғулотларимиз жараёнида кўплаб янги усулларни ҳам синаб кўрди ва уларни уддалади. Тасаввур қилинг, дейлик мен боксчи Руслан Чагаевман. Агар, мени бир актёрга қиёс қилсак, кўпчилик менинг ролимни ва уни қандай ўйнашимни билади. Ҳар қандай янгилик эса, рақибингиз учун кутилмаган бўлади. Биз ҳозир Руслан билан худди ана шунинг устида ишлаяпмиз ва бунга муваффақ бўлаяпмиз. Тўғри, мен енгил вазн тоифасида рингга тушганман. Аммо мураббий сифатида оғир вазн тоифасидаги боксчилар ва уларнинг жанг олиб бориш усулларини яхши биламан. Мен ҳозир Русланга янада тезкорроқ жанг олиб бориш ва оёғини чаққонроқ ишлатиш сирларини ўргатаяпман. Ҳаётда бўлмаса ҳам, рингда ўзи учун ҳаракат қилиши шарт эканини уқтираяпман. Шуларнинг барчасидан келиб чиқиб айтадиган бўлса, Русланнинг бўлажак жангга тайёргарлиги аъло даражада.

Би-би-си: Артур ака, Русланнинг бўлажак рақиби сербиялик боксчи Йово Пудар амалдаги PABA камари соҳиби экани назарда тутилса, унинг кучи ва қобилиятини қандай баҳолайсиз?

Артур Григорян: Ҳа, у жуда жиддий ва яхши боксчи. Амалдаги PABA камари соҳиби ва жаҳон чемпионлиги учун даъвогар. Лекин, шуни билингки, боксда кимдир лидер бўлади ва кимдир ундан ана шу мақомини олиши шарт бўлади. Чунки бу - бокс. Мен ўзим ҳам боксчи бўлганман. Устига устак Руслан ва рақибини яхши билганим учун шуни айта оламанки, албатта, Йово Пударни ҳурмат қиламиз. Рингда муносиб, тўғри ва аниқ жанг олиб боради. Кучли боксчи. Лекин биз ҳам анойилардан эмасмиз. Сербиялик боксчининг заиф нуқтасини топиш ва жангни ўз фойдамизга ҳал қилиш учун лозим бўлган барча имкониятлардан фойдаланиш устида иш олиб бораяпмиз.

Би-би-си: Энди, сизнинг назарингизда, бу жанг ҳар икки рақиб учун қай бир жиҳатдан муҳим, аҳамиятли ва унда Русланнинг ғолиб чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

Артур Григорян: Ҳар бир рақибни енгиш мумкин. Фақат бунга руҳан тайёр бўлсанг, бўлди. Ҳа, ҳамма ҳаяжонланади. Ўйлайди. Хавотирга тушади. Нима бўларкин, қандай бўларкин дейди. Аммо, нима бўлишидан қатъиназар, ҳамма нарсага тайёр туриш ва рақибингга ўз "мен"ингни кўрсатишинг шарт. Шундагина ўзинг истаган натижани қўлга киритасан. Рақибингни сўнгги сониягача ҳурмат қилишинг, машғулотларда кўрсатган маҳоратингнинг ярмини ишга солишингнинг ўзи бунга кифоя қилади. Руслан учун бу жангнинг аҳамияти беқиёс. Бу жанг Руслан учун яна жаҳон чемпионлиги сари қўйилган катта қадам бўлади. Агар ғолиб чиқса, WBA таснифида Intercontinental ва PABA камарларини қўлга киритади. Ва шундан кейин битта ёки иккита жанг ўтказиб, жаҳон чемпионлиги камари учун рингга чиқиши мумкин бўлади. Бутун Ўзбекистон халқидан Русланга ишқибозлик қилишларини сўраб қоламан.

Би-би-си: Артур ака, бугунги бокс кечасининг асосий жангги профессионал боксда бирваракайига тўрт камар соҳиби украиналик боскчи Владимир Кличко ва WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони Александр Поветкинлар ўртасида бўлиб ўтади. Сизнингча,бу жангда ким ғолиб чиқаркин?

Артур Григорян: Мендан ҳам шу саволни сўрашади, "Нафақат мутахассис, балки боксчи сифатида ҳам, сенингча, ким ғолиб чиқади, Кличко бўлса кераг-а", - деб. Мен буни фақат Владимир Кличкони яхши билганим учун айтмаяпман. Лекин ҳар икки боксчига четдан қарасангиз, менимча, Кличко барибир устун. Чунки Владимир ҳужумкор, кейин исталган масофадан туриб жанг олиб бора олади. Тўғри, Поветкин ҳам анойи эмас. Амалдаги жаҳон чемпиони ва ўзининг "мен"и бўлган боксчи. Лекин мен барибир Кличко ғолиб чиқади, деган фикрдаман. Чунки унинг тажрибаси катта. Жангда турли усуллардан фойдаланишда моҳир. Шунинг учун ҳам у бекорга шунча камар соҳиби эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ