Ўзбекистон қандай хавф қаршисида турибди?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимов, “Марказий Осиё Исломий жангариликнинг янги таҳдидига юз тутаётгани” ҳақидаги хавотирларга қўшилмаслигини айтди:

“Мен бу таҳдидни ўта абсoлютлаштиришга қўшилмайман. Гап шундаки, толиблар 1996 йилда пайдо бўлган ҳаракат сифатида 17-18 йиллик сиёсий тафаккур ва тажрибага эга. Ва бугунги кунда толибларда Марказий Осиёга, жумладан, Ўзбекистонга тўғридан-тўғри таҳдид қилиш потенциали мавжуд эмас”, - дейди таҳлилчи.

Покистонлик Толибон масалалари бўйича кўзга кўринган таҳлилчилардан бири Аҳмад Рашид эса, Би-би-си учун ёзган сўнгги мақоласида бунга тескари қарашни изҳор этиб чиққанди.

“Ўзбек ҳукумати 2005 йилда Андижон ва Фарғона водийсида 1,000дан ошиқ одамни қириб ташлаши ортидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати янада кўпроқ янги жангчиларни ёллашга муваффақ бўлди. Хабарларга кўра, ЎИҲ Марказий Осиё ва Афғонистон чегарасида янги базаларини ўрнатишга уринмоқда. Таҳдид қаршисида энг заиф мамлакатлар - Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон. Улар биргаликда шимолий Афғонистон билан 1,900 километрлик чегарага эгалар. Улар Тожикистон жануби, Покистон шимоли-ғарбидаги чегара ва Афғонистон шарқига осонгина қўл узатиш мумкин бўладиган йирик ҳудудни эгаллаб олиш истагидалар”, - дейди Аҳмад Рашид.

Аммо ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимов покистонлик ҳамкасбининг бу хусусдаги баҳоларига ҳам қўшилмаслигини айтади:

“Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 2009 йилдан кейин жиддий талофатларга учради. Лекин у йўқ бўлгани йўқ. Яъни, унинг потенциали борган сари кучайиб бораяпти ва ўз ўрнида, йўқолиб бораяпти, деган фикрга қўшилиб бўлмайди. Ҳаракат муаллақ маълум бир ресурсларни сақлаб қолаяпти. Бу нуқтаи назардан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва жиҳодчилар ташкилотлари назарда тутилса, Афғонистонда толибларнинг ҳокимиятга қайтиши ва ёки қўшинларнинг чиқиб кетиши бу – жиддий муаммо. Лекин буни таҳдид деб айтиш, яъни улкан 30 миллионлик давлатни изидан чиқариб юборадиган ёки унга жиддий талофат етказа оладиган ресурсга эга, таҳдид дейиш, менимча, ноўрин”, - дейди у.

Батафсилроқ ўзбекистонлик таҳлилчи билан суҳбатимизда тингланг.

Бу мавзуда батафсилроқ