Қаршида аҳолидан газ ҳақини ундиришнинг янгича усули топилган

Image caption Газ шашти ҳозир илгаригидек эмас, дейди қаршиликлар.

Қаршиликларнинг сўзларига кўра, шаҳар газ таъминоти бошқармаси томонидан аҳолининг ишлатилган газ учун тўлов қоғозларига катта миқдордаги суммаларни ёзиш ҳолатлари кўп учрамоқда.

Бундай ҳолатлар ҳам кўп қаватли уй эгаларига, ҳам ҳовлида яшовчи кишиларга нисбатан қўлланилмоқда.

Газ тўловини тўлаш учун борган шаҳарликларнинг айтишича, ўзларига тегишли тўлов устига тўрт-беш баравар қўшиб ёзилган.

Бунинг сабабини сўрашганда, Қарши шаҳар газ таъминотидаги ўзини Шоҳиста деб таништирган қиз "Шунча ишлатгансиз. Компьютерга тушган. Энди тўлашга мажбурсиз", деб жавоб берган.

"Яъни 6 минг тўлашим керак бўлган жойда 60 минг деб ёзиб қўйибди назоратчи, деб айтади қаршилик фуқаро. "Бу қанақа гап? Ҳеч ким турмаган уйда фақат ўзим рўйхатдан ўтганман ва 1 киши учун тўлаб бораман. Бу сафар борсам 60 минг деб ёзиб қўйибди. Газ таъминотидаги ходимага кўра, ширкатдан беш киши рўйхатда туради, деган қоғоз олган эмиш. Мен ҳам принцип қилиб ширкатга бордим. Ширкатдагилар бундай қилмаганмиз, дейди. Ҳайронман, газ таъминотидагилар бўлса бўйнимга осонгина катта қарз илиб қўймоқчи".

Давлат идорасида ишлайдиган Сайёра опага кўра, унинг ҳовлисида ҳисоблагич бўлишига қарамай, катта суммаларни ёзиб кетавергач, компьютерга тушган деб тўлатавергач, ҳисоблагичини кўчага чиқариб ўрнатибди. "Лекин аҳвол ҳамон ўша. Қарзимни тўлаган жойда яна қарз қилиб қўяпти. Яқинда борсам 120 минг қарз ёзган. Ҳали қиш мавсуми келмаган, газни бунча ишлатмасак, қаердан келди бу пул. Устингиздан арз қиламан десам, қаерга борсангиз бораверинг, деб айтишди. Наҳотки газ таъминотидаги қўшиб ёзишларни ҳеч ким назоратга олмайди", деб айтади у.

Қаршилик Муроджоннинг тасдиқлашича, кўп идоралар "газдан қарзи йўқ", деган қоғозни кўриб кейин ойлик беряпти. "Бу ҳам тўғридир балки, одамлар газга тўлолмаяпти ёки тўламаган. Лекин уларни яна қўшимча қарз қилиб юбориш ҳоллари кўп учраяпти".

Фаолларнинг сўзларига қараганда, одамлар ойма-ой тўлаб борса, бундай қўшиб ёзишларни амалга оширолмайди. Қарзи кўпайиб қолган одамларнинг суммалари устига қўшиб ёзиш осонроқ ва улардан газ таъминотидагилар яхши фойдаланишмоқда.

Газ тўловлари бўйича фикрини билдирган кекса ёшдаги қаршилик шундай дейди: "Ўзи ҳамма ёқ қаллоблик бўлиб кетди. Баъзи одамлар газни хоҳлаганча ишлатиб, уйда нон пишириб сотади ёки сварка қилади. Кетган пулини тўламасдан, назоратчининг чўнтагига ҳақини солиб қўяди ва яна хоҳлаганча ишлатаверади. Ҳисоблагичини қайта-қайта бошига айлантиради. Бундай кишилар мана ёнимда ҳам бор. Шунақаларнинг касрига бошқа одамлар қолмоқда. Баъзилар бор газга тўлолмай қарз бўлади. Устига устак уларга яна қўшимча қарз ҳам ёзиб қўяди. Ўғлимга шундай ёзишган экан, бориб жанжал қилса, сиз буни тўланг, кейин шу ёзилган рақамга келгунча тўламайсиз, деганмиш горгаздагилар. Шундан билаверингда уларнинг қандай ишлашини",- дейди қария.

Газ таъминоти бўлимларидан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган йигит шундай қўшиб ёзишга бошлиқларнинг ўзи кўрсатма беришини, уни бажармаган ходим ойликсиз қолиши билан огоҳлантирилишини айтиб берди.

Қарши шаҳар газ таъминотига боғланганимизда, телефон гўшагини кўтарган ходима бошлиқлар жойида йўқлиги, қайта қўнғироқ қилишимизни айтди. Ундан газ билан боғлиқ муаммоларни ҳақида сўраганимизда , ҳеч нарса билмайман, деб жавоб берди.

Ҳаво салқинлаган кейинги кунларда Қаршида газнинг ҳам шашти пасайган. Аҳоли қишнинг ғамида печка учун кўмир сотиб олаётгани, ўтин кўп керак бўлиши, бунга қўшимча тарзда ишлатилмаган газ учун пул ҳам тўлашига тўғри келишини айтади.