Ўзбекистонда академик Алибек Рустамий вафот этди

Алибек Рустамий - сурат Мезон.уз сайтидан олинди
Image caption Азиз Қаюмов: "Алибек Рустамийнинг вафоти илм аҳли учун катта йўқотиш" (сурат Мезон.уз сайтидан олинди)

Ўзбекистондан келган хабарларга кўра, таниқли шарқшунос, навоийшунос, манбашунос олим, академик Алибек Рустамий 82 ёшида оламдан ўтган.

Тилшунос олим Алибек Рустамий 150дан ортиқ илмий ишлар муаллифи эди.

У фаолиятининг катта қисмини Алишер Навоий асарлари илмий талқинига бағишлаганди.

Айнан Навоий асарлари олимнинг илмий изланишлари бош мавзуси бўлган.

"Алибек Рустамийнинг вафоти илм аҳли учун катта йўқотиш", дейди навоийшунос олим Азиз Қаюмов

"Мен Алибек Рустамий билан 1952-1953 - йиллар бошларида танишганман. Алибек ўша пайтлар Тошкент Давлат университети Шарқшунослик факултети Форс филологияси бўлими рус гуруҳида таҳсил оларди. Мен уларга дарс берганман. Алибек талабалик пайтидан жуда қизиқувчан, илмга чанқоқ инсон эди. Ундан ажойиб тилшунос олим чиқишига ишонганман ва бу ишончим кейинчалик ўзини оқлади", дея эслайди Азиз Қаюмов.

Олим Алибек Рустамий бутун умрини илмга бағишлаган инсон бўлганини айтади.

"Алибек олийгоҳ таҳсилини тугатгач, кўп йиллар Республика рус тили ва адабиёти институтида тилшунослик бўйича дарс берганди. Кейин Тошкент шарқшунослик институти ишлади...Ўзбекистон Фанлар Академияси катта илмий ходими бўлди. У Алишер Навоийнинг кўплаб асарларини илмий жиҳатдан таҳлил қилиб берди. "Маҳбуб ул-қулуб" асари бўйича, Навоий тили фонетик ва морфологик хусусиятлари бўйича илмий ишлар ёқлаганди. Алибек Рустамов йирик манбашунос ҳам эди. Араб, форс, эски ўзбек тили бўйича жуда кўп манбаларни ўрганиб чиққанди. Алибек қилган ишлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин, у киши бир катта иш қилганлар. Маҳмуд Қошғарийнинг "Девони луғати Турк" асарини араб тилидан рус тилига ўгирганлар", дейди олим.

1967 йил Навоий таваллуди 525 йиллиги арафасида унинг ўзбек тилида 15 томлик асарлари, рус тилида 10 томлиги босилади.

Азиз Қаюмов бу ишда Алибек Рустамийнинг катта ҳиссаси бўлганини эслайди.

Алибек Рустамий туркий тиллар, шеършунослик, адабиётшуносликка оид ўнлаб илмий-бадиий мақолалар муаллифи ҳам эди.

Бундан ташқари, олим "Қуръони Карим"нинг маъноли таржимасига йирик ҳисса қўшган.

"Алибек Рустамий ҳаммамиз учун жуда қадрли инсон эди. У илм аҳли орасида катта ҳурмат қозонган, ўзи эса, ўта камтар, меҳнатсевар олим сифатида тарихга қолишига ишонаман", дейди таниқли адабиётшунос олим Азиз Қаюмов.

Би-би-си Ўзбек хизмати буюк олимнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор этади