'Агар отасининг кўзи Гулноранинг баъзи расмларига тушганида..'

Image caption Гулнора Каримованинг охирги вақтларда Твиттерда анчайин фаоллиги кузатилган.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Твиттердаги аккаунти йўқолиб қолган.

Баъзи Интернет саҳифалари, хусусан Googoosha фан клуби Гулнора Каримованинг Style.uz тадбири олдидан унга қарши бўлган кучларнинг уринишлари Твиттер аккаунтининг ўчирилишига сабаб эканлиги ҳақидаги сўзларини келтиршган.

Лекин бу даъволарнинг асл манбасини ҳозирча аниқлаш ва тасдиқлаш имконсиз.

Каримова хонимнинг охирги вақтларда Твиттерда анчайин фаоллиги кузатилган.

У ўзи етакчилик қилаётган ташкилотларнинг фаолиятини тарғиб қилиш, уюштираётган тадбирлари ҳақида ахборот бериш билан бирга Ўзбекистон юқори доираларига хос бўлмаган очиқлик билан ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам билдириб келади.

Таҳлилчи ва журналистлар Гулнора Каримованинг Твиттер хабарларини ташқи дунё билан мулоқотда бўлмайдиган Ўзбекистон раҳбари оиласи ҳаётига дарча, дея таърифлаганлар.

Би-би-си Гулнора Каримова билан Твиттер орқали инсон ҳуқуқлари ва Андижон фожеаси мавзуларида мулоқот қилган Эндрю Штролайнга боғланди ва Каримова хоним ҳисобининг Твиттердан йўқолиб қолгани ортида қандай сабаблар бўлиши мумкин деб сўради.

Эндрю Штролайн: Табиийки, мен бунинг ортида ётган аниқ сабабларни билмайман. Эҳтимол, деярли ҳамманинг Гулнорага инсон ҳуқуқлари поймол этилаётган Ўзбекистон режимига бўлган алоқаларини юзига солаётгани унинг жонига теккандир. Бундан ташқари, очиқ матбуот билан диктаторлик бир йўлдан бормайдилар. Бунинг сабаби яқин орада аниқ бўлиши мумкин.

Би-би-си: Сиз Гулнора Каримованинг Твиттердаги ҳисоби хакерлар ҳужумига учраган, деб ўйлаймасизми?

Эндрю Штролайн: Бўлиши мумкин, бу ҳам эҳтимолдан холи эмас. Одатда хакерлар ҳужум қилган Твиттердаги ҳисоб тез вақтда ўнгланиб қайта ишга тушиши мумкин. Агар қисқа вақт ичида ўнгланмаса... Ким билсин, бунинг ортида қандай сабаблар турибди.

Би-би-си: Сиз Гулнора Каримова ўзига хос очиқлик билан кўпларни унга эргашишга, яъни Твиттердаги ёзувларини кузатиб боришга ундагани, ва баъзан мухолиф фикрдагиларга "ташланиб қолишлари", сизнинг сўзларингиз билан айтсак, ғалати янгиликлар магнити бўлиб қолганини тан оласизми?

Эндрю Штролайн: У ғалати янгиликлар магнити эканлиги аниқ. Ва агар у Твиттердан умуман ғойиб бўлса ҳам бу тушунча унга нисбатан ўзгармайди деб ўйлайман. Лекин мен унинг очиқ бўлишига шубҳа билан қарайман. Мен охирги бир йил ичида у билан бир неча бор Твиттерда мулоқотда бўлдим. Менинг фикримча у очиқ бўлмаган. Мен ундан мунтазам равишда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани борасида бир неча бор савол сўраганман. Ахир, у Женевадаги Ўзбекистон элчиси деган мақомга эга бўлган. Бироқ бирор марта ҳам у саволларга очиқдан-очиқ жавоб қайтармаган. Аслида мен бу Гулнора Каримованинг Твиттердаги сохта ҳисоби бўлган, деб ўйлайман, яъни у Твиттерда бир неча мулоқот олиб борган, лекин улар мутлақо маънисиз бўлган.

Би-би-си: Сизнинг фикрингизча, унинг атрофдагилари, оиласи, ва биринчи навбатда, ишонилишича, мамлакатдаги ички вазиятдан бехабар бўлган отаси, агар Гулнора Твиттерга қўйган расмларни кўрганида, хафа бўлиб, ҳафсаласи пир бўларди, деб ўйлайсизми?

Эндрю Штролайн: Гулнора Каримова шунча кўп расмларини Твиттерга қўйганки, ҳар қандай инсоннинг уларнинг ҳаммасини кўришга қурби етмаган бўларди. Мен айримларини кўрганман, уларнинг ҳаммаси ўзини ўзи кўкларга кўтариш мақсадини кўзлаган деб айтсак бўлади. У ўзини кўз-кўз қилиб, ўзини муҳтожларга шафқатли, хайр-саховатли киши қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Агар отасининг кўзи Гулноранинг баъзи расмларига тушганида, қизидан, балки ғазабланган бўларди. Мен Ислом Каримовнинг қизи Гулнора билан унинг Твиттер ҳисоби ҳақида гаплашаётганини эшитишни жуда ҳам хоҳлардим. Лекин бу сўзлар албаттаки тахминлар, бироқ шу билан бирга, бу суҳбат қизиқ суҳбат бўларди, деб ўйлайман.

Бу мавзуда батафсилроқ