Каримов сиймоси "Диктатор чипс" пакетида абадийлаштирилди

Дўкондан чипс олмоқчи бўлган вақтингиз, устига "Диктатор чипслари" деган ёзувга кўзингиз тушганми? Шу кунларда голландиялик график дизайнер Виржини Моренҳот йўлга қўйган санъат лойиҳаси шундай номланади.

Улар орасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов расми туширилган, ва "Миллатчи Конституциядан қилинган, сафсата солинмаган" деган изоҳ ҳам бор. "90-йиллардан бери чиқарилади," дея илова ҳам қилинган.

Би-би-си ушбу лойиҳа муаллифи билан боғланиб, тафсилотларини сўради:

Моренҳот: Ҳар бир чипс халтачасининг дизайни деярли бир ҳил - "Асл диктатор чипслари" деб аталади. Мамлакат номи эса мазасида берилган, масалан "Ўзбекистон таъми" қабилида. Асл чипсларда ҳам турли мазалари бўладику, пишлоқ таъми, товуқ гўшти таъми, шунга ўхшаш.

Би-би-си: Диктаторлар ҳақида санъат лойиҳасини қилиш ғояси қаердан келган?

Моренҳот: Мен бир ҳужжатли филмни томоша қилгандим, унда бир қизиқчи инглизчада диктаторлик сўзини, яъни "dictatorship"ни бузиб, "dictatochips" дея ҳазиллашиб талаффуз қилганди. Ўшандан келиб чиқиб менда диктатор чипсларини санъат лойиҳаси шаклида яратиш ғояси туғилди. Менинг асосий мақсадим одамларни атрофда бўлаётган нарсалар, жаҳондаги жараёнлар ҳақида ўйлай бошлашларига ундаш. Мен шахсан Ғарбнинг иккиюзламачилиги ҳақида ўйлайман. Биз Ғарбдан туриб кўпларни диктаторлар сифатида кўрамиз, лекин айни вақтда улар билан иш ҳам юритамиз, бизнес қиламиз.

Би-би-си: Бу каби турли "таъмли" чипслардан нечтасини яратгансиз, ёки таъбир жоиз бўлса "пиширгансиз" ҳозиргача?

Image caption Президент Каримов охирги йилларда диктаторлар рўйхатидан тушмай келмоқда

Моренҳот: Йигирмага яқин. Ливия таъмли Қаддафи чипслари, Саудия таъми, Хитой, Беларусь, Зимбабве, Миср таъмлари бор.

Би-би-си: Қайси таъмни танлаш ҳақида қандай қарор берасиз? Янгиликларда бирон мамлакатни диктаторлик дея аташса, ўша асосдами?

Моренҳот: Дастлаб оддийгина қилиб Википедиядаги рўйхатдан бошладим. Дастлаб танлаб олганларим аслида менинг ҳеч ҳам хабарим бўлмаган мамлакатлар эди. Яъни, ўзимга бу мамлакатлар ҳақида кўпроқ маълумот бериш тариқасида. Кейин вақт ўтиши билан янгиликларда бирон бошқа диктаторлик мамлакати ҳақида эшитиб қолсам, уларга ҳам эътибор қарата бошладим.

Би-би-си: Сиз бу мамлаатларни диктаторлик рўйхатига киритишдан аввал ўзингиз мустақил равишда ўрганиб чиқасизми, ёки кимнингдир айтганини эшитганингиз асосида "чипс"ларингизга қўшиб қўясизми?

Моренҳот: Менинг нуқтаи назрим шуки, ҳар бир инсон у ёки бу даржада турли тарғибот томонидан нишонга олинади. Мен яшаётган нуқтада менга муайян маълумот етказилади. Лекин, бу маълумот ҳамиша ҳам воқеъликни акс эттирмаслигини мен биламан. Мен ҳам тарғибот қурбони бўлишим мумкинлигини биламан, мен эшитаёган нарса ҳамиша ҳам ҳақиқат бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун мен одамлар ҳам фақатгина эшитганларига ишонмай, бу ҳақида фикр юритишларига ундамоқчиман.

Би-би-си: Лекин сиз чипсларингиз устига президентлар суратини қўйиб, уларни диктатор деб атаб, ўша ўйлашга ундаётган одамларингиз ўй-фикрларини маълум йўналишда бошқараяпман, деб ўйламайсизми?

Моренҳот: Лекин бизга етказилаётган фактлар шундай-ку. Бу маълумотлар бизларга факт сифатида тақдим қилиняпти. Бошқа томондан жиддий ва мураккаб масалаларни ҳазиломуз шаклда одамларга тақдим этсанг, улар бунга кўпроқ эътибор берадилар. Жиддий тақдим этмоқчи бўлсанг, кўпда ўзларини олиб қочадилар. Шунинг учун бу лойиҳага қўл ургандим.