Ўзвебчилар ҳамма футболчилар пахтага олиб чиқилиши тарафдори

Image caption Ўзбек футболчисининг пахта даласидаги сурати Твиттерда пайдо бўлди

Фарғонанинг "Нефтчи" футбол жамоаси ўйинчилари пахта далаларига олиб чиқилган. Бу ҳақида kun.uz интернет саҳифаси 7 октябрда хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, футболчиларнинг агенти Санъат Шарипов бу ҳақида Твиттерда билдирган. "Шариповнинг қўшимча қилишича, 7 октябрдан «Нефтчи» жамоасининг барча аъзолари пахта теримига чиққан. Футболчилар қачонгача пахта теримида бўлишлари номаълум," - дейилади хабарда.

Бир кун ўтиб, 8 октябрда darakchi.uz саҳифасида пайдо бўлган сарлавҳа "Нефтчи" охирги ўйинида мағлубиятга учраши ортидан пахта теришга мажбурланганига ишора қилган.

"Нефтчи футболчилари мағлубиятдан сўнг пахта теримига чиқишди" деб номланган мақола ҳам Санъат Шариповнинг твитини иқтибос қилди.

Яна бир оммабоп Olam.uz сайти ҳам бу ҳақида хабар тарқатди. "Биз маълумотни тасдиқлаш ё рад этиш учун жамоанинг маъмуриятига боғланишга уриндик, лекин кун бўйи ҳеч ким гўшакни кўтармади," - деб ёзади портал.

Olam.uz "Нефтчи"нинг матбуот котибини топиш илинжида Ўзбекистон футбол федерациясига боғланган, бироқ федерация котибнинг телефон рақамларини билмаслигини айтган.

Твиттер

Ўзининг Твиттердаги "@SanatSharipov" номли аккаунтида жаноб Шарипов Нефтчининг ҳужумчиси Павел Смоляченконинг бир ҳовуч пахта ушлаб тушган суратини чоп қилган.

"Нефтчи ўйинчиси Павел Смоляченко пахта тераяпти. Миллий жамоамиз ходимлари ҳам буларга ўхшаб ўз юрти учун ишласа яхши бўларди!" - деб ёзган Шарипов суратга илова тарзида.

"TOKHIR ABDULLAEV" номли твитчи: "Павел "Локомотив" жамоасига ўйнайди, шундай эмасми?" - деган саволига Шарипов ҳазил аралаш: "Йўқ, у пахта даласида!" - дея жавоб қайтарган.

"Muhrim A'zamxojayev"нинг "Бутун жамоа даладами ё фақат Смоляченко?" - деган саволига Шарипов: "Бутун жамоа бугундан бошлаб далага чиқди," - деб жавоб қайтарган.

"Ikrom Mamajonov" эса: "Фақат Паша (Павелнинг қисқартирилган оти) эмас, бутун "Нефтчи" далага чиққан кўринади, ҳозир буни билиб олдим. Улар бўш вақтларидан унумли фойдаланишмоқда," - деб твит қолдирган.

Шарипов бу твитга: "Улар ўқитувчилардан ёмонми? Аксинча, оғир меҳнат нималигини билиб қўйишсин," - дея жавоб берган.

"Сиз ҳақсиз! Биз ҳам пахта терардик. Қизиқ, эрталаб қизимнинг боғчаси маъмурияти ҳам мени мажбурий-кўнгилли равишда пахта теришга чақирди," - дея суҳбатни давом эттирган "Ikrom Mamajonov".

"Нима дейишса дейишсин, лекин шундай қоида бор экан, унга бўйсуниш керак. Пахтага олиб чиқилаётганда, касбига қараб ўтирмаслик керак: у футболчими йўқми, деб. Футболга боғлиқ бекорчи идораларнинг гўёки ишлаб, бир-бири билан гурунглашиб ўтирган ҳамма ходимлари пахта далаларига олиб чиқилишлари керак! Ана шундай кейин ҳақиқат нималигини билишади," - деб ёзган жаноб Шарипов.

Интернетдаги бошқа фойдаланувчилар ҳам барча футболчилар пахта теримига жалб этилиши кераклигини айтганлар.

Футболчиларнинг пахта тераётгани darakchi.uz сайтида ҳам муҳокама қилинган. "Xayrulla" исмли фойдаланувчи: "Мана янгилик, ўзи ҳамма футболчиларни пахта теримига юбориш керак," - деб ёзса, "Otabek0505": "Оригинал идея! Шу усулни МТЖмизда синаб кўрмаймизми? )))" - деб фикр билдирган.

"Ҳудди Терма жамоани ҳам Нефчи сингари Пахтага камида 10 кунга теримга юбориш керак эди. Ана кейин кўринг Биз Бразилияни ютамиз", - деб ёзган "Elmurod".

Olam.uz хабарлар порталида муҳокамага қўшилган "Jurat Rakhimov" "Миллий жамоа сардори Миржалол Қосимовни ҳам пахтага олиб чиқишсин," - деб ёзса, "Bakhtiyor Akmedov": "Балки улар футбол ўйнашдан кўра, пахта теришни эплашар?" - дея савол қолдирган.