Британия: Ўзбекистонда шериклари бўлган университетлар танқидга учради

Image caption Вестминстер Университети Ўзбекистондаги энг нуфузли олийгоҳлардан бири ҳисобланади

Нуфузли Guardian рўзномаси қатор Британия университларини Ўзбекистондаги олий ўқув даргоҳлари билан алоқалар ўрнатгани учун танқид қилган.

Унга кўра, инсон ҳуқуқлари кўрсаткичлари бўйича дунёнинг энг ёмон давлатларидан бири сифатида кўрилган Ўзбекистон билан робиталар Британия ҳукуматини дастагида йўлга қўйилган.

Британия университетлардан бири - Вестминстер Тошкентда ўз бўлинмасига эга бўлса, яна камида бешта олийгоҳ – Кэмбридж, Бас, Шарқий Англия Университети, Лондон Мода Коллежи ва Метрополитэн Университети Ўзбекистонда ўз шерикларига эга, деб ёзади Guardian рўзномаси чоршанба куни нашр этган мақоласида.

Рўзноманинг таъкидлашича, Британия Кенгаши томонидан дастакланувчи ушбу робиталар 9/11 ҳужумларидан кейин Ўзбекистон билан алоқаларини кучайтирган Британия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан хуш қарши олинган.

Бу давр ичида, рўзноманинг Amnesty International ва Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотларига иқтибосан маълум қилишича, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари кўрсаткичлари ўта абгорлигича қолган ва баъзи соҳаларда янада ёмонлашган.

Guardian 2005 йилда Андижонда бир неча юз намойишчининг отиб ташлангани, мустақил мусулмонларнинг қийноқларга тутилаётгани ва қамоқ жазоларига ҳукм этилаётгани, ҳуқуқбон ва журналистлар сохта айбловлар билан тез-тез қамоққа олиниши ва бир миллиондан ортиқ инсон ҳар йили мажбурий меҳнатга жалб этилишини урғулаган.

Рўзнома шунингдек 2002 йилда Ўзбекистонда фаолияти таъқиқланган икки нафар диний фирқа аъзосининг тириклайин қайнатилганини эсга олади.

"Ўзбекистон билан алоқа ўрнатган Британиядаги баъзи университетлар бу мамлакатнинг инсон ҳақлари соҳасидаги кўрсаткичларини муҳокама этишни исташмайди," - деб ёзади Guardian.

Рўзноманинг даъво қилишича, собиқ Миллий Хавфсизлик Хизмати зобити Вестминстер Университетининг Тошкентдаги бўлинмасига тўққиз йил давомида раҳбарлик қилган.

Guardian рўзномасида ёзилишича, Ўзбекистон ҳар йили пахта терими пайти болалар меҳнатидан фойдаланса-да, Лондон Мода Коллежи ҳам Ўзбекистондаги бир неча муассаса билан алоқалар ўрнатган.

Унга кўра, Британия Кенгаши инсон ҳуқуқлари абгор бўлган Ўзбекистонда таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган фаолиятини ҳимоя қилиб чиққан.

"Бизнинг ишонишимизча, айниқса раҳбарларнинг янги авлоди билан таълим ва маданият соҳаларида позитив алоқада бўлиш, уларни яккалаб қўйишдан яхшироқдир" - деб айтган Британия Кенгашининг сўзчиси. - "Биз баъзи инсонларнинг маълум режимлар билан алоқада бўлиш истагида эмасликларини тушунамиз ва уларнинг бу иродасини ҳурмат қиламиз; аммо биз бошқаларнинг алоқа ўрнатиш истагини ҳам ҳурмат қиламиз."

Рўзномага кўра, Британиянинг Вестминстер Университети Ўзбекистон билан чуқур алоқаларни ўрнатган.

Ушбу университетнинг Тошкентдаги бўлинмаси 2002 йилда очилган.

Guardian рўзномасига кўра, Вестминстер Университети Ўзбекистоннинг инсон ҳақларига оид кўрсаткичлари ҳақидаги саволларга жавоб беришни истамайдиган кўринади.

Ушбу университетнинг даъво қилишича, унинг Тошкентдаги бўлинмаси Каримов ҳукуматидан мустақил иш юритади.

"Бироқ афтидан Каримов бошқачароқ кўз қарашга эга: ўтган йили UzReport ахборот агентлиги шундай деб ёзганди: "Тошкентдаги Вестминстер Халқаро Университети кадрларни тайёрлаш миллий дастурининг бир қисми ўлароқ Ўзбекистон президентининг ташаббуси билан барпо этилган эди…," - дейди рўзнома.