Ўзбекистоннинг минтақадаги мавқейи зарба едими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Катта миқдордаги қарзлари сабаб, "Қирғизгаз" Россиянинг йирик давлат газ ширкатига деярли текинга тушди

Етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра, 'Қирғизгаз' давлат ширкатининг Россия қўлига ўтиши худди шу нарсани англатади.

Уларнинг фикрича, Ўзбекистон энди ўзи сув масаласида қарам бўлган Қирғизистонга таъсир кўрсатишнинг энг кучли воситасидан деярли айрилган.

Шу ҳафта жума куни Қирғизистон парламенти "Қирғизгаз"ни Россиянинг йирик "Газпром" ширкатига бериш тўғрисидаги келишувни ратификация қилди.

Бу эса, қирғиз давлат газ ширкатининг тўлиқ Россия ихтиёрига ўтганини англатади.

"Албатта, Ўзбекистоннинг қўшни Қирғизистонга таъсир кўрсатишининг энг кучли воситаси бу - ўша газ билан боғлиқ эди. Энди, бу маънода Ўзбекистон ўзининг битта катта иқтисодий муҳим бир воситасини йўқотди", - дейди ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаинов.

"Яъни, "Газпром"га тазйиқ ўтказиб бўлмайди. "Газпром"нинг имкониятлари жудаям баланд. Газнинг сифати, уни ўз вақтида етказиб бериш ёки тўхтатиб қўйиш билан Қирғизистон ҳукуматини ҳушёрликка чақириб туриш имкониятига эга эдик. Ана шу имконият, менимча, жиддий бир равишда камайди":

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Таҳлилчиларга кўра, "каттагина бозори"ни йўқотиши баробарида вужудга келган бу каби вазиятнинг оқибатлари Ўзбекистон учун жиддийгина бўлиши мумкин.

Улар Ўзбекистон ниҳоятда сувига қарам Сирдарё ва Норин дарёларининг Қирғизистондан бошланишини назарда тутиб, минтақада шундоқ ҳам ҳассос бўлган сув муаммоасининг кўлами янада кенгайиши мумкин, дейишади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўтган йил сентябр ойида Қозоғистонга қилган сўнгги сафари чоғидаТожикистон қураётган Роғун ва Қирғизистон тиклаётган Қамбарота ГЭСларини назарда тутиб, "вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу нафақат қарама-қаршилик, балки урушга ҳам олиб келиши эҳтимоли" мавжудлиги билан огоҳлантирганди.

Унинг бу чиқиши минтақадаги айрим давлатлар томонидан хавотир билан ҳам қарши олинганди.

Ўзбеклар масаласи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 2010 йилги қонли миллий низолардан ўн минглаб одамлар жабр чекишганди

Таҳлилчилар, шу ўринда, Қирғизистонда икки миллионга яқин ўзбеклар яшаши воқеълигини ҳам назардан қочирмаслик лозимлигини алоҳида урғулашади.

"Уларнинг аҳволларидан хабардор бўлиб туриш, маънавий томондан ёрдам бериш учун ҳам Ўзбекистон, албатта, ҳамма вақт Қирғизистонга ўзининг сиёсий таъсирини ўтказадиган даражада кучли бўлиши керак. Мана шу маънода, сўзсиз, бу каби иқтисодий таъсир воситаларининг ўрни баланд", - дейди Анвар Ҳусаинов.

Эслатиб ўтиш жоиз, 2010 йил июн ойида Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан бевосита чегарадош жанубий минтақаларида ўзбеклар ва қирғизлар орасида юз берган қонли миллий низолар юзлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлганди.

Қурбонлар ва зўравонликлардан ҳар томонлама жиддий зиён кўрган жабрдийдалар аксариятининг ҳам маҳаллий ўзбеклар экани айтилганди.

Агар, Қирғизистон жанубидаги фаолларнинг бераётган баҳоларига таянилса, минтақадаги ўша қирғин асоратлари ҳануз барҳам топмаган ва жабрдийдалар ҳар тарафлама ёрдамга муҳтожлар.

Таҳлилчиларга кўра, "Қирғизгаз"ни қўлга киритиши билан Россия Туркманистон ва Ўзбекистондан Хитойга жуда катта миқдорда газ ўтадиган қувурлар назоратига ҳам имконли бўлади.

"Бу эса, Хитойга қанча миқдорда газ экспорт қилинаётганини билиб туриш, муносабатлар мураккаблашган пайтда эса, ана шу газ қувурларидан таъсир қилиш воситаси сифатида фойдаланиш имконини беради", - дейди таҳлилчи Анвар Ҳусаинов.

Россия ва Марказий Осиё

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Таҳлилчилар наздида ҳозир Марказий Осиёда Россия ва Ғарб ўртасида гео-сиёсий рақобат ҳолати шаклланмоқда

Таҳлилчилар наздида ҳозир Марказий Осиёда Россия ва Ғарб ўртасида гео-сиёсий рақобат ҳолати шаклланмоқда.

Америка Афғонистон можароси ва Хитойнинг кучайиб бораётган ҳарбий салоҳияти манзарасида минтақада қолишни истайди.

Марказий Осиёни ўзининг "эски томорқаси" сифатида кўрувчи Россия эса, Ғарбнинг пайини қирқиш ҳаракатида.

Ғарб шу мақсадда сўнгги йилларда яна ўзининг эски иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон билан алоқаларини кучайтириш ҳаракатига тушиб қолган.

Россия билан алоқалари совиб бораётган расмий Тошкент ҳам "бугун яна мутлақ Ғарб гео-сиёсатига ориентир олган давлатга айланган".

Агар, ўтган йилги хабарларга таянилса, Ғарб Афғонистондаги ҳарбий ускуналарининг ҳам маълум қисмини Ўзбекистонда қолдирмоқчи.

Россия эса, айнан сув ва энергия захиралари юзасидан Ўзбекистон билан алоқалари анчайин танг Тожикистон ва Қирғизистонга орқа қилмоқда.

Жумладан, расмий Москва Тожикистонда ўз ҳарбий базасини яна ўттиз йилча қолдириш ҳаракатида.

Image caption Россия сўнгги йилларда Ўзбекистон билан алоқалари ниҳоятда совуқлашган Тожикистонда ўз ҳарбий базасини яна ўттиз йилча қолдирмоқчи

Ўтган икки ўн йилликда расмий Душанбега берган ҳарбий ёрдами 400 миллион доллардан ортган.

Яна ўз базасининг қолиш муддатини узайтириш эвазига Тожикистон Қуролли кучларини замонавий қурол-аслаҳалар билан таъминламоқчи.

Тожик ҳарбийларини ҳам текинга ўз ҳудудида тайёргарликдан ўтказиб бермоқчи.

Таҳлилчиларга кўра, йилларки ўзи ҳар томонлама жиддий ёрдам бериб келаётган қўшни Қирғизистонни Россия минтақадаги "хос" дўсти сифатида кўради.

Улар Россия Қирғизистонни бу қадар кучли, очиқчасига қўллаб-қувватламаганида, у мустақил давлат сифатида оёққа тура олмаган бўлишини алоҳида таъкидлашади.

Яқинда расмий Москва Қирғизистонга 1 миллиард доллардан ортиқроқ, Тожикистонга эса, 200 миллион долларлик қурол-яроғ беришини маълум қилди.

Устига устак, Россия Президенти Владимир Путин сўнгги йилларда Оврўосиё Иттифоқини барпо қилиш ҳаракатига тушиб қолган.

Маҳаллий таҳлилчилар бу каби рақобат манзарасида минтақа мамлакатларига "кичик давлатлар"га хос сиёсат юритишдан ўзга чора қолмаётганини таъкидлашади.

Уларга кўра, Марказий Осиё давлатлари ўз қизиқишлари ва гео-сиёсий жойлашувларидан келиб чиқиб, Россия, АҚШ ва Хитой билан "чайқовчилик" сиёсатини тутишга мажбурлар.

Вужудга келган бу каби вазият манзарасида эса, таҳлилчилар минтақа мамлакатлари орасидаги ҳамкорлик ҳар доимгисидан ҳам муҳим ва ўзаро фойдали эканини айтишади.

Аммо таҳлилчилар биринчи раҳбарлар орасидаги муносабатлар яхшиланмас ва улар сиёсий истак-хоҳиш кўрсатишмас экан, бу нарса имконсиз эканини ҳам таъкидлашади.