Санкт-Петербургда "қалбаки пул тайёрлаган" ўзбекистонликлар ушланди

Image caption Ўзбекистонликлар 5 минг рубллик сохта купюраларни терминал ва банкоматлар орқали ўтказиш билан шуғулланганликлари айтилади

Россия Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, полиция ва хавфсизлик ходимлари Санкт-Петербургнинг "Пулково" аэропортида сохта пулларни ўтказишга уринган 7 нафар ўзбекистонликни қўлга олганлар.

Вазирлик веб саҳифаси орқали тарқатилган хабарда айтилишича, тутилган шахслар "беш минглик қалбаки пулларни банкоматлар ва тўлов терминаллари орқали" ўтказганликда гумон қилинмоқдалар.

"Шу тариқа жинояткорлар охирги икки ҳафта ичида Москвада 8,5 миллион қалбаки рублни ўтказганлар," - дейилади хабарда.

Экспертлар хулосасига кўра, сохта пуллар принтерда чоп этилган ва асл нусхаларидан кескин фарқ қилади, бироқ терминалларга ўрнатилган программалар орқали сохта пулларни аниқлаш имконсиз бўлган.

Сохта пулларни ўтказиш билан шуғулланган шахслар Москвадан Санкт-Петербургга ўтганлар ва у ерда қисқа вақт ичида 1,5 миллион сохта пулларни "пуллаш"га муваффақ бўлганлар.

Ўзбекистонликларга нисбатан Россия жиноят кодексининг "қалбаки пуллар ёки қимматбаҳо қоғозларни тайёрлаш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш" банди бўйича жиноий иш очилган.

Маҳкама қўлга олинганларнинг уч нафарини ҳибсда сақлаш қарорини чиқарган.

Россия Ички ишлар вазирлиги айни иш бўйича қидирув ишлари ҳамон давом этаётганини маълум қилган.

Етказилган зарар миқдори ҳозирга қадар ошкор этилмаган.

Cохта пул тайёрлаш ва уни муомалага киритиш Россияда оғир жиноятлар сирасига киритилган.

Россия Жиноят кодексининг 186 моддасига мувофиқ, айни жиноят турида айбдор деб топилган шахслар 15 йилга қадар озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.