Экономист: "Пахтадан келган фойда банк ҳисобларига бориб тушади"

Ҳар йили кузда таҳминан 1 миллион одам, жумладан ўқитувчилар, шифокорлар ва талабалар "оқ олтин"ни териб олиш учун Ўзбекистон пахта далаларига олиб бориб ташланади. Улар иш ё ўқишдан ҳайдалиш, ё ҳатто жисмоний зўравонлик таҳдиди остида иш жойлари ва мактаблардан чиқариб олинади, ва ҳукумат нақд пул ишлаб олиши учун квоталарни тўлдиришга мажбурланадилар.

"Экономист" рўзномасида ўзбек пахта мавсуми ҳақида чоп қилинган мақола ана шундай бошланади.

Бу "мардикорлар"ни, мақолада ёзилишича, далаларга чиқишга мажбурлаган нарса қашшоқлик эмас, балки элитага фойда келтирадиган ярим-феодал тизим. Фаоллар ҳавотирига кўра, Ўзбекистонга кўрсатилаётган катта миқдордаги халқаро ёрдам муаммони ҳал қилишга ёрдам беришдан кўра, уни иккинчи даражага суриб қўяди.

Мақолага кўра, ЮНИСЕФ ва Жаҳон банки таълимни қўллаб-қувватлаш йўлида Ўзбекистон ҳукумати номидан 49.9 миллион долларлик грант аризасини ёзиб чиққанлар. Ёрдам пули Вашингтонда жойлашган Таълим учун Глобал Ҳамкорлик (Global Partnership for Education) ташкилотидан келиши кутилади.

Грант аризасида ёзилишича, мазкур маблағ шаҳарлик тенгдошларига қараганда камроқ ўқитувчи ва заҳиралардан баҳраманд бўлаётган қишлоқлик талабаларга ёрдам бериши кўзда тутилади. Лекин, унда сон-саноқсиз талабалар ва ўқитувчилар пахта теримига жалб қилингани туфайли икки ойлаб мактабга яқинлашмаётгани тилга олинмайди.

"Таълим соҳасини ислоҳ қилишнинг энг устивор масаласи аввало талабалар ва ўқитувчиларни синфхоналарига қайтариш бўлиши керак эмасми?" - деб сўрайди муаллиф.

"Танқидчиларга кўра, ЮНИСЕФ Ўзбекистоннинг ўта репрессив ҳукуматини мамнун қилиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилаяпти, чунки у ҳам бошқа БМТ идоралари каби Ўзбекистондан тепиб чиқарилишни истамайди," - дейилади мақолада.

"Экономист" Марказий Осиё таълим соҳасида 10 йилдан ошиқ фаолият юритган америкалик кўмак ходимидан иқтибос келтирган. Бу ходимга кўра, ЮНИСЕФ ўз вазифаси болалар меҳнатини бартараф этиш эканини унитиб қўйган. Айни дамда ЮНИСЕФнинг бунга жавоби келтирилади: ташкилот "болалар меҳнати Ўзбекистондаги таълим соҳаси учун йирик муаммо эканини тан олади, бироқ бу ягона муаммо эмаслигини урғулайди".

Мақолага кўра, ЮНИСЕФ пахта далаларидаги мажбурий меҳнати рағбатлантираётган ягона ташкилот эмас. Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистондаги суғориш тизимини яхшилаш учун 220 миллион доллар миқдори ёрдам пулини ваъда қилган. Бу ёрдам мажбурий меҳнатни қўлловчи пахта саноатига фойда келтиради.

Муаллиф Лондоннинг Шарқий ва Африка Тадқиқотлари Институти томонидан олиб борилган тадқиқотга эътиборни қаратади. Мазкур тадқиқотда Ўзбекистондаги пахта саноати қандай шакллангани батафсил тасвирланган. Ҳар бир вилоят учун режа ажратиб берадиган ҳукумат пахтани хорижга глобал бозор нархларида сотади, ундан келадиган нақд даромад эса шаффоф бўлмаган банк ҳисобларига бориб тушади.

"Агар фермер режани бажармаса, еридан ҳайдаб чиқарилиши мумкин. Фермерлар қўшимча ишчи кучини ёллашга қурби етмас экан, расмийлар давлат идоралари ишчилари, шифокорлар ва ҳамширалар, ҳамда талабаларнинг далага чиқишини буюради," - дейилади мақолада.

Бу йил АҚШ давлат департаменти инсон савдоси ва мажбурий меҳнат борасидаги йиллик халқаро ҳисоботида Ўзбекистонга энг ёмон баҳо берган. "Ўзбекистон ҳукумати давлат сиёсатини амалга ошириш йўлида ўз фуқароларини мажбурий меҳнатга сафарбар қиладиган саноқли ҳукуматлардан биридир," - дейилади ҳисоботда.

Ўтган бир неча йил давомида олиб борилган тижорий бойкот 130та ширкатнинг ўзбек пахтасидан юз ўгиришига сабаб бўлди. Россия матбуотидаги хабарларга кўра, Хитой Ўзбекистоннинг бутун бошли ҳосилини сотиб олишга тайёр. Бангладеш ҳам аллақачон катта мижозлардан бирига айланган. Баъзи кўрсаткичларга кўра, бу йилги ҳосилнинг 83 фоизи ана шу икки мамлакатга сотилади.