Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Латвия Ўзбекистон учун нимаси билан аҳамиятли?

Президент Ислом Каримов Латвияга давлат ташрифини бошламоқда. Ташриф чоғида савдо-иқтисодий алоқаларга доир қатор ҳужжатларнинг имзоланиши кутилади.

Бу жаноб Каримовнинг 2011 йилдан буён Оврўпо Иттифоқи ҳудудига биринчи сафаридир. Иттифоқ Андижонда юзлаб намойишчиларнинг ўлдирилиши ортидан Ўзбекистонга қарши жазо чораларини киритган, аммо 2009 йилда уларни бекор қилган эди.

Президентнинг ташрифи НАТО Афғонистондан ўз қўшинлари ва ҳарбий техникасини олиб чиқаётган пайтга тўғри келмоқда.

Таҳлилчилар айнан Афғонистондаги амалиётлар Оврўпо Иттифоқини инсон ҳуқуқларининг аянчли вазиятига қарамай, Ўзбекистон билан ҳамкорликка ундаганини айтишади.

Париждан таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Тошкент ва Рига ўртасида муштарак жиҳатлар талайгина. Унинг айтишича, Латвия Оврўпо Иттифоқига аъзо бўлишига қарамасдан, ўз Совет ўтмиши билан Ўзбекистонга сиёсий зеҳнияти жиҳатидан яқин.

Раббимов жанобларига кўра, Ўзбекистон, ўз навбатида, Латвияга Оврўпо Иттифоқига чиқиш дарвозаси сифатида қарайди.

Латвия 2015 йилда Оврўпо Иттифоқининг раиси бўлиши мўлжалланган. Айни йилда Ўзбекистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтиши кутилади.

"Ўйлайманки, Каримова мана шунга ўхшаган, келажакдаги сиёсий воқеларни инобатга олган ҳолда бугунги сафарини амалга ошираяпти," - дейди таҳлилчи Раббимов.