Ўзбекистон қандай ҳужумдан ҳимояланмоқчи?

Image caption Тошкентга кираверишдаги янги улкан текширув мажмуалари ёнида мерганлар яширинадиган ҳужрага ўхшаш пастқам иншоотларни ҳам кўриш мумкин

Тошкентда кираверишдаги текширув маскани ёнида қурилган пастқамгина бир неча ғалати "кўзли" пастқам иншоотлар сураткашлар эътиборини тортган.

Ушбу суратларни эълон қилган ferghana.ru хабар агентлигига кўра, улар худди мерганлар яшириниши учун мўлжалланган ҳимоя иншоотига ўхшайди.

Ёки аксинча, бу иншоотларда яшириниб, ташқаридагиларни ўққа тутиш имкони ҳам катта бўлиши мумкин.

Афтидан, ҳарбий таҳлилчилар ҳам бу иншоотларнинг мерганларга мўлжаллангани эҳтимолини қайд этишса-да, аммо узоққа мўлжалланган ҳимоя иншооти учун ўта муваффақиятсиз чиққанини урғулашган.

Мутахассислар шунингдек, бирон стратегик муҳим объект бўлмаган ерларда, бир вилоятдан бошқа вилоятга ёки катта шаҳарга кираверишдаги постларда бу каби мерганхона тикланишини сабабларини тушунмасликларини айтишган.

"Биз ҳали бу иншоотлардан асл мақсад нималигини тўлиқ била олмадик ва шу боис ҳам аниқроқ маълумот учун жамоатчиликка ҳам мурожаат этганмиз" - дейди ferghana.ru муҳаррири Даниил Кислов.

Вилоят ё давлат чегараси?

Сўнгги пайтлари Ўзбекистоннинг ичкарисида, бир вилоятдан бошқасига ўтадиган ДАН масканлари ёнида улкан текширув мажмуалари барпо этилмоқда.

Бу масканлар автомобилларни тўхтатиш, уларни муайян муддат тутиб туриш ва одамларни текширишни кучайтаришни кўзда тутади.

Мерганлар яширинадиган ҳимоя иншоотлари ҳам айнан ана шундай усти ёпиқ текширув масканлари яқинларида тикланмоқда.

Image caption Сўнгги пайтлари Ўзбекистон ўз фуқароларининг ичкарида ҳаракатланишини текширишни ҳам кучайтирган

"Янги баҳайбат текширув постлари худди икки давлат ўртасидаги чегара ўтиш масканларига ўхшайди" - дейди Ўзбекистонда бўлиб қайтган хорижлик сайёҳ.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон нафақат чегара ўтиш нуқталарида, балки ичкарида ҳам аҳоли ҳаракатланишини қаттиқ назорат остига олмоқда.

Ҳали барча вилоятларда усти ёпиқ текширув масканларини қуриш ниҳоясига етмаган. Аммо ишга туширилганларида баъзан турнақатор машиналар тизилиб кетиши айтилади.

Мустақиллик байрами олдидан эса Тошкентга кириш амримаҳол. Шаҳар ичида ҳам Ўзбекистоннинг ўз фуқаролари текширилиб, бозор жойларни мардикорлар ва кўчаларни тиланчилардан тозалаш ишлари кучайтирилади.

Президент Каримов Россияда оғир ишларни қилиб, бола-чақасини боқаётган ўзбекларни "дангасалар" деб атаб, Ўзбекистонда "қўлини узатиб турган гадой қолмаганини" иддао қилганидан бери, кўплаб милиция ходимлари мардикор ҳамда тиланчи "овига" сафарбар этилаётгани кузатилмоқда.

Вилоятлар ўртасида ва катта шаҳарларга кираверишда давлат чегара маскани каби улкан текширув нуқталари ва мерганлар яширинадиган ҳужралар қурилаётгани эса четдан қараганда, мамлакат жиддий хавф эҳтимолига тайёргарлик кўрмаяптими, деган фикрларни уйғотиши мумкин.

"Байрам пайтлари шундоқ ҳам мамлакат ичкарисида юриш қийинлашади ва ДАН постларига қуроллилар ҳам ташланади" - дейди Тошкентга те-тез қатновчи жанублик тижоратчи аёл.

"Энди қўриқчилар учун усти ёпиқ айвонлар ва яширинадиган ҳужрачалар куришаётгандир-да. Биз бунақа чораларга кўникиб қолганмиз".

Бу мавзуда батафсилроқ