Кейинги йил мажбурий пахтаси учун замин қўйилдими?

Ўзбекистон матбуоти Тошкентдаги ярмаркада 12 та хорижий ширкат билан 670 минг тонна пахта толаси етказиб бериш ҳақида шартномалар имзолангани ҳақида хабар тарқатди.

Мустақил иқтисодий таҳлилчиларга кўра, бу кейинги йил ҳам давлат пахта таннархини пасайтириш мақсадида ўқитувчилар ва шифокорларни пахта йиғим-теримига мажбуран жалб қилинишини англатади.

Тошкентда Пахта ва Тўқимачилик ярмаркаси 17-18 октябр кунлари бўлиб ўтди.

Бу тадбир Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани, шунинг учун халқаро ташкилотларни Ўзбек пахтасига бойқот эълон қилиш чақириқларидан кейин ташкил қилинган ва 2005 йилдан буён ҳар йили куз пайтида ўтказиб келинади.

Ярмаркада Ўзбекистон пахта толасини четга сотиш шартномалари имзоланади.

Бу йил 670 минг толани 600 миллион АҚШ долларига сотиш бўйича 150 контракт хорижий мамлакатларнинг 12 та ва Ўзбекистоннинг 6 та ширкати ўртасида имзолангани хабар қилинмоқда.

Бу шартномалар кейинги йил пахта далаларидан териб олинадиган толани кўзда тутгани айтилади.

Ўзбекистон пахтасини четга сотадиган олти ширкат қандай ширкат ва кимларга тегишли экани, бу ширкатларга қандай ҳуқуқ ва имтиёзлар берилганини Ўзбек расмийлари ошкор этмайдилар.

Бироқ бу ширкатлар хорижий валютада мўмай даромад кўришлари ва бунинг учун давлат шифокорлару-ўқитувчилар, болали оналарни далага мажбуран чиқаришлари кўплаб йиллардан буён кузатилмоқда.

Мустақил иқтисодий таҳлилчиларга кўра, хорижий ширкатлар билан келишувлар имзоланганидан кейин пахта толасининг пули олинади.

Ва кейинги йил ҳосилини айнан ана шу ширкатларга йиғиб-териб топшириш лозим бўлади.

Тошкент ярмаркаси Ўзбекистоннинг ўз пахтасини мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқармоқчи экани ҳақидаги баёнотлари янграйдиган минбарга ҳам айланган.

Ҳали 2011 йилда Бош вазир Шавкат Мирзиёев 2015 йилга бориб Ўзбекистон пахтасининг 70 фоизини мамлакатнинг ўзида қайта ишлаш ниятида эканини айтган эди.

Бу режа 1995 йилларда ҳам юқори минбарлардан янграган, бунинг исботи сифатида Жанубий Кореянинг "Кабул Текстайл" ширкати билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг турли бурчакларида толани қайта ишлайдиган, калавани тайёр маҳсулотга айлантирадиган корхоналар ишга туширилгани келтирилган.

Бироқ Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳасига сармоя киритган Туркияники бўладими, Жанубий Корея ёки Ҳиндистон ширкатлари, мамлакатни бирин-кетин тарк этишга мажбур бўлмоқдалар, тобора кўп толани Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқариш режаси режалигича қолиб келяпти.

Тошкент ярмаркасида бундан кейин Ўзбекистон пахтани машиналарда териб олмоқчи экани ҳақидаги баёнот ҳам янгради.

Бу мавзуда батафсилроқ