Каримованинг телеканаллари нимага ишламаяпти?

Image caption Телеканаллар фаолиятида узилиш Гулнара Каримова катта иштиёқ билан кутган ва бошчилик қилаётган Санъат ҳафталиги очилишига тўғри келган

Гулнора Каримова тегишли деб ишонилган телеканаллар ҳануз эфирга қайтгани йўқ. Телеканал ходимлари буни техник носозлик билан изоҳламоқда. Тошкент шаҳрида эса Гулнора Каримова бошчилигида санъат ҳафталиги жонли эфирсиз очилмоқда.

ФорумТВ, ТВ Марказ, НТТ ва СофТв каналлари кабель ва рақамли каналлар тармоғи ҳамда интернет орқали эфирга чиқмай қўйган. Тасвирлар 21 октябр соат 10 да тўсатдан ғойиб бўлган.

Ушбу телеканаллар раҳбарияти ҳодиса юзасидан расман маълумот бергани йўқ. Аммо ходимлар техник носозликлар сабабидан узилиб қолганини таъкидлашмоқда. Каналлар тўпламининг техник сабабкун давомида узилиб қолиши Ўзбекистон учун ноодатий ҳолдир.

Би-би-си ФорумТВ билан боғланганида ўзини Дилноза дея таништирган ходим, узилиш сабабини техник носозликлар дея изоҳлади.

“Сал кечроқ ишга тушиб қолади. Техник носозликлар сабаб бўлган”, - дейди Дилноза.

Форум ТВ ходими нима сабабдан техник носозлик узоқ давом этгани ва қолган 3 каналга қандай алоқаси борлигини билмаслигини айтди.

НТТ канали билан ҳамкорлик қилувчи мутахассиснинг Би-би-си суҳбатда айтишича, каналларнинг нима сабабдан бирдан ўчиб қолганини ходимлар ҳам билмайди. Телеканалларда ишлар давом этаяпти, аммо эфирда кўринмаяпти.

Мутахассиснинг таъкидлашича, НТТ, ФорумТВ ва ТВмарказ каналлари пойтахт марказидаги битта бинодан фойдаланишади.

Учта телеканал Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова эгалик қилган каналлар дея хабар қилинган.

Ушбу телевидениелар Гулнора Каримованинг "Фонд Форуми" фаолиятини мунтазам ёритган

Ўзбекистон телеканаллари учун баъзан техник сабабларга кўра режаланган эфирдан узилишлар табиий ҳолат ҳисобланса-да, кутилмаганда тўртта телеканалнинг ҳам бирор бир тушунтиришсиз "ўчиб қолиши" ноодатийдир.

Ушбу каналлар фаолиятида узилиш Гулнара Каримова катта иштиёқ билан кутган ва бошчилик қилаётган Санъат ҳафталиги очилишига тўғри келган.

Айни дамда Америкада истиқомат қилаётган мустақил кузатувчи Суҳроб Исмоилов Каримова хонимнинг телеканаллари эфири тўхтатилиши ва твиттер аккаунтига бўлаётган ҳужумларга бир неча фаразларни олға суради.

Аввало, бу каби ҳодисалар ҳукмрон оиланинг ичидаги зиддиятларнинг акс таъсири бўлиши мумкин.

“Гулноранинг ОАВ ва хусусан интернетдаги ўзини тарғиб қилувчи воситаларнинг ёпилиб қолиши оиланинг ичидаги зиддият ва курашнинг қарама қарши нуқталарга чиқаётганини ва бу курашда Гулнора асосий рақиб сифатида кўрилаётганидан дарак бериши мумкин”, - дейди Суҳроб Исмоилов.

Исмоиловнинг иккинчи тахминига кўра, ушбу ҳодисалар олдиндан режаланган ва оиланинг ичидаги келишмовчиликларни бўрттириб кўрсатиш орқали тахт учун даъвогарларни очиққа олиб чиқиш.

- Оиланинг ичидаги натижани бўрттириб кўрсатиш натижасида, оиладан ташқари президентликка даъвогарларни аниқлаб олиш, уларни ҳаракат қилишга мажбур қилиш ва шу орқали уларни нейтрал ҳолатга тушириш ёки зарба бериш, - дейди Суҳроб Исмоилов.

Кузатувчилар Гулнора Каримованинг сўнгги пайтларда жуда фаоллиги ва омма эшитиши керак бўлмаган гапларни интернетга олиб чиқиши отаси Ислом Каримовга ёқмаган бўлиши мумкинлигини фараз қилишади. Каримов тизгинни қўйиб юбормаслик мақсадида Гулноранинг мавқеъни бироз пасайтиришга қарор қилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.

Бу мавзуда батафсилроқ