'Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини тақиқланг'

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Хитойнинг талаби билан Покистон ҳукумати мамлакатдаги уч экстремист гуруҳни тақиқлашга қарор қилган.

Айтилишича, Хитой ушбу гуруҳларнинг Шинжон вилоятидаги исёнкорлик ҳаракатларига алоқаси борлигига ишонади.

Бу ерда гап Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Исломий Жиҳод Иттифоқи ҳақида боради.

Франциядан етакчи минтақавий таҳлилчи Камолиддин Раббимов ҳар томонлама олганда ҳам, бу уч гуруҳни бемалол иттифоқчи дейиш мумкин дейди.

"Уларнинг иттифоқчилиги ўз олдларига қўйган мақсадлари ва мафкуралари билан боғлиқ. Биз биламизки, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Исломий Жиҳод Иттифоқи гуруҳининг Мовароуннаҳр бўлими ўртасида маълум бир зиддиятлар бор. Лекин айни пайтда уларнинг олдларига қўяётган мафкуравий вазифалари ягона дейиш мумкин", - дейди таҳлилчи:

Суҳбатдошимиз 90-йилларнинг охирлари ва 2000 йилларнинг бошларида бир қанча жиҳодчи ҳаракатларнинг ҳаммасини бирлаштириб, Туркистон Исломий Ҳаракатини тузишга уринишлар бўлгани ва бу йўлда маълум бир муваффақиятларга эришилганини айтади.

"Бугунги Хитой ҳукуматини қўрқитаётган нарса - бу ҳаракатлар раҳбариятларининг ўртасида маълум бир зиддиятлар бўлса-да, уларнинг ўз олдига қўяётган глобал мақсади, яъни Хитой Халқ Республикасидан Уйғур Шинжон вилоятини ажратиб олиш ва у ерда исломий давлат қуриш".

Таҳлилчи Афғонистон ёки Покистоннинг чегара ҳудудлари бўлсин, бу уч гуруҳнинг шу пайтгача бир-бири билан ҳамкорликда иш олиб боришганини ҳам таъкидлайди.

"Уларнинг ҳаммаси Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Умарга байъат қилган, толиблар билан ҳамкорликда, параллел равишда фаолият олиб бораётган ташкилотлар", - дейди суҳбатдошимиз.

Аммо, унга кўра, бу гуруҳларнинг Хитой ичкарисидаги фаолиятлари анча заиф.

Лекин Хитой ҳукуматини қўрқитаётган нарса - толибларнинг ҳокимиятга келиши ва булар фаолиятининг қайтаттан кучайиши, дейди Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистонлик таҳлилчи ҳам сўнгги тақиқ амалда нимани англатиши борасида покистонлик экспертларнинг фикрларига қўшилади.

"Буни расмий Исломобод томонидан рамзий бир илтифот дейиш мумкин. Чунки Покистон ҳукуматининг Афғонистон билан чегарадош қабилалар яшовчи ҳудудларини назорат қила олиш қобилияти жуда ҳам паст. Шунинг учун ҳам, бу фақатгина расмий Исломобод томонидан Пекинга кўрсатилган сиёсий бир ҳурмат-эҳтиром дейишимиз мумкин, холос. Лекин бунинг ҳеч қандай амалий аҳамияти бўлмайди, назаримда".

Бу уч иттифоқчининг бугун минтақага солиши мумкин бўлган таҳдиди даражасига тўхталаркан, суҳбатдошимиз, "уларнинг толиблардан айириб олинган ҳолдаги потенциали жуда ҳам заиф", дейди.

Лекин, унга кўра, Хитойни қўрқитаётган нарса - 2014 йилдан кейинги бир стратегик бўшлиқ, стратегик ноаниқлик ва толибларнинг ҳокимиятга келиш эҳтимоли.

"Толибларнинг ҳокимиятга келиш эҳтимоли кучайса ёки бу амалга ошадиган бўлса, Хитой учун жиддий бошоғриқлар бошланади. Чунки толиблар мафкуравий ҳаракат сифатида ҳеч қачон Хитой билан келишмайди ва уйғурларни топширмайди. Ва уйғур мустақиллиги исломий ҳаракатлари Афғонистонда плацдарм топиши эҳтимоли кучаяди".

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати

Гуруҳнинг фаолиятини яқиндан кузатиб келаётган экспертларга кўра, уларнинг бугунги фаолиятларига оид янги ва 100 % ишончли маълумот йўқ.

Аммо уларнинг Покистоннинг қавмлар яшовчи Шимолий Вазиристон минтақасидан Афғонистон шимолига ўтишга уринаётганликларига оид хабарлар бор.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари бундан 10 йил бурун Афғонистоннинг Америка бошчилигидаги ишғоли ортидан Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларига қочиб ўтишга мажбур бўлишганди.

Нато ҳам ўтган бир неча йил давомида Афғонистоннинг Қундуз дохил қатор шимолий вилоятларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг лидерлари ва аъзоларини ўлдиргани ёки қўлга олганини даъво этиб келади.

Гуруҳнинг Афғонистон шимолидан туриб, Ўзбекистон ва Тожикистондан янги жангарилар ёллаётганига оид хабарлар ҳам бор.

Ҳаракатнинг фаолиятини узоқ йиллардан бери кузатиб келаётган покистонлик журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзайнинг айтишича, сўнгги йилларда улар Афғонистон орқали Марказий Осиё чегараларига яқинлашишга уринишмоқда.

Аммо, шуниси аёнки, йўлбошчиси Тоҳир Йўлдошнинг ўлими ортидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг фаолияти анча заифлашган ва ҳужумларининг суръатию кўлами ҳам аввалгидек эмас.

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бугун Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг сонини бир неча юзта дейиш мумкин.

Тоҳир Йўлдошнинг ўлимидан бир йил ўтиб, 2010 йилнинг сентябр ойида унинг куёви Усмон Одил Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг раҳбари этиб тайинланган.

Аммо ўтган йили май ойида дрон ҳужумида қурбон бўлиши ортидан, унинг ўрнини Усмон Ғозий исмли шахс эгаллагани айтилганди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Покистон ва Афғонистонда Толибон ҳаракати ҳамда "Ҳаққоний" жангари гуруҳининг қўллови билан ҳаракат қилишади.

Муштарийлар фикр-мулоҳазалари

Имкон қадар стратегик манфаатлардан келиб чиқиш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Толибонлар учун бу учта ҳаракат фақатгина ўз мавқеини кучайтириш учун керак. Аммо Хитой учун катта хавф ҳам эмас. Хитой ва Россия ўзаро келишган ҳолда иш тутиб келаётган экан, уларнинг Эрон билан стратегик манфаати, фикри бир хил экан, шундан келиб чиқиб қатъий айтиш мумкинки, катта хавф ЙЎҚ. Бунда Россия ҳарбий томондан, Хитой иқтисодий томондан ҳамжиҳатликда иш тутадилар. Ҳатто Толибларни чўчитиш учун бошқа стратегик аҳамиятга молик ички зиддиятларни кучайтириш ва қўшимча буфер зона яратишга харакат қилинади. Бу ўринда Афғонистондаги ўзбеклар, тожиклар, ҳазорилар ва бошқаларнинг мавқеига ҳам кўп нарса боғлиқлигини ёддан чиқармаслик лозим. 30 йиллик тажрибага эга бўлган бу кучлар юқоридаги ҳаракатдан кучлироқки, кам эмас. Марказий Осиё давлатлари ҳамкорликда уларни буфер сифатида ушлай олса яхши, акс ҳолда Россия ва Хитой Марказий Осиёни буфер зонага айлантириши мумкин. Лекин Хитой учун барқарор МО керак. Россия учун эса стратегик манфаат муҳимдир. Ғарб ва Россия ўртасида Толиблар билан келишувга бориш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Буни назарий асосда ҳам кузатиш лозим.

Алижон Раҳимов.

Бу мавзуда батафсилроқ