Навбат Гулнора Каримованинг радиоканалларига етиб келди

Бундан олдин Каримованинг телеканллари ўчиб қолган

Гулнора Каримовага тегишли эканлиги айтиладиган 3 та радиостанция бир вақтнинг ўзида эфирдан йўқолиб қолган. Тошкентдан келаётган хабарларга кўра 24 октябр куни Zamin FM, A’lo FM ва Terra FM радиоканаллари эфири тўсатдан узилган.

Terra group компаниялар гуруҳи таркибига кирувчи ушбу радиоканаллар Гулнора Каримовага тегишли эканлиги айтилади.

Terra group дан ўзини Ирода дея таништирган ходим Би-би-сига ушбу радио каналлар 24 октябрдан бошлаб эфирга чиқмаётганини тасдиқлади.

“Профилактика ишлари ўтказилаётгани сабаб ушбу радиостанциялар эфирга чиқмаяпти. Профилактика ишлари қанча давом этишини билмаймиз. Компаниялар гуруҳи таркибидаги босма нашрлар одатий режимда ишлаяпти”, - деди Ирода.

Компания ходими бундан олдин ҳам профилактика сабаб эфирда узилишлар бўлганини билдирди. У нима учун ҳамма каналда бир вақтнинг ўзида профилактика ўтказилаётгани тўғрисида маълумотга эга эмаслигини айтди.

Айни вақтда Terra group компаниялар гуруҳнинг веб саҳифаси terragroup.uz ҳам “янгиланиш ишлари олиб борилаётгани” сабаб ишламаяпти.

Бундан сал олдингроқ Каримова хонимга тегишли эканлиги айтиладиган 4 телеканал эфирдан ғойиб бўлган эди. Ушбу каналларнинг эфирга чиқмаётганлиги техник носозлик билан изоҳланган.

Гулноранинг телеканаллари

TV Markaz ва SofTS мусиқий кўнгилочар кўрсатувларга мўлжалланган телеканаллар бўлиб, улар Terra Group гуруҳига тегишли бўлган.

Terra Group эса, хабарларга кўра, Гулнора Каримова томонидан назорат қилинади. SofTS Uzbekistan телеканали эса Terra Group билан Россиянинг STS Mediaси қўшма лойиҳаси.

У Россиянинг етакчи телеканали STSнинг машҳур теледастурларини Ўзбекистон ҳудудида эфирга узатиб келган.

Forum TV ёшларга мўлжалланган маданий-маърифий телеканал.

Бу канал таъсисчиси одамлар орасида НАЭСМИ номи билан машҳур Электрон Оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бўлган.

Бироқ бу телеканал асосан "Фонд Форум" лойиҳаларини ёритиш билан шуғулланган. NTT мамлакатдаги энг машҳур ноҳукумат кўнгилочар ва янгиликлар каналларидан бирига айланган.

SofTSдан ташқари учта телеканал мунтазам равишда Гулнора Каримова етакчилигидаги "Фонд Форум" фаолиятини ёритган.

Кузатувчилар Гулнора Каримованинг сўнгги пайтларда жуда фаоллиги ва омма эшитиши керак бўлмаган гапларни интернетга олиб чиқиши отаси Ислом Каримовга ёқмаган бўлиши мумкинлигини фараз қилишади. Каримов тизгинни қўйиб юбормаслик мақсадида Гулноранинг мавқеъни бироз пасайтиришга қарор қилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.