Uzwebiston: Энг яхши пахтакорларга "навбатсиз" машина сотиб олиш ҳуқуқи берилди

Image caption Ўзбекистонда энг илғор пахтакорларга навбатсиз машина бериладиган бўлди

Olam.uz янгиликлар порталининг 23 октябр куни тарқатган хабарида ёзилишича, Ўзбекистонда яхши пахта ҳосили олган фермерларга имтиёзлар берилади.

Қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари, Молия ва Иқтисод вазирликлари чиқарган қўшма қарор пахтадан кўп ҳосил олган фермерларни тақдирлаш тартибини тасдиқлаган.

Қарорга кўра, энг яхши фермерларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар навбатсиз сотиб олиш учун сертификат берилади, дея қўшимча қилинади хабарда.

Хабарда шунингдек энг яхши фермерларни аниқлашнинг узун ва мураккаб тартиби берилган.

Қарорга мувофиқ, гектаридан камида 40 центнердан пахта кўпроқ пахта етиштириб олган фермер хўжаликларга сертификат берилиши мумкин.

Бундан ташқари илғор фермерларга қишлоқ жойларида қурилаётган уйлардан бирини олиш ҳуқуқи берилган.

Ушбу хабарга муносабат билдирган веб фойдаланувчиларнинг кўпи ҳукумат қарорини "уят" дея баҳолашган. Баъзиларга кўра, бу қарор, ҳукумат инкор этса-да, маҳаллий машиналарга катта навбат борлигини кўрсатади.

"Аноним" фойдаланувчи "Фермерларни усиз ҳам тинкаси қуриган", деб ёзган.

Яна бир фойдаланувчи "ҳар қандай инсон навбатсиз машина олиши керак", дея қўшимча қилган.

Ўз исмини қолдиришни истамаган яна бир веб фойдаланувиси: "Демак, Сиз автомобил сотиб олиш учун навбат борлигини тасдиқлайсиз эканда?!" дея фикр билдирган.

Веб саҳифада фикр қолдирган яна бир ўқувчи: "Ўйлаб топган нарсаларини қаранга! Бундай мукофотни ўйлаб топган одам - мамлакатни бутун дунё ўнгида шарманда қилди!" деб ёзган.

"Бу шармандаликдан бошқа нарса эмас", дея фикр билдирган яна бир веб саҳифа ўқувчиси.

Аввалроқ Olam.uz портали орқали намойиш этилган видеода Тошкентдаги автосалонлардан бирига кириш учун "ур-йиқит саҳнаси" тасвирланганди.