Ўзбекистонда радиотўлқинлар бўйича кенгаш иш бошлаган

28 октябр куни Ўзбекистон президентининг радиочастоталардан фойдаланишни такомиллаштириш мақсади кўзлангани айтилган қарори кучга кирган.

Шу пайтгача Ўзбекистонда радиочастоталар бўйича комиссия фаолият юритган, энди бу комиссия ўрнига кенгаш тузишга қарор қилинган.

Ушбу кенгаш, қайси телеканал қайси частотада ўз кўрсатувларини намойиш этади, қайси радиостанция қисқа, ўрта ёки FM радиотўлқинидан фойдаланади, мамлакатдаги мобил алоқа ширкатларига қайси частота берилади, ҳарбийлар, фавқулодда вазиятлар вазирлиги, соғликни сақлаш ва бошқа радиочастоталарга эҳтиёжи бор хизматларга жой берилади, қарорлар қабул қилади.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов радиочастоталар бўйича кенгаш ташкил қилиш қарорини 22 октябр куни имзолаган.

Бу кенгашга радиочастоталарга бағишланган қонунчиликни назорат қилиш ва ушбу соҳадан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифалари ҳам юклатилган.

Ушбу қарор имзоланишидан бир кун олдин Тошкентдаги тўртта телеканал фаолияти тўхтатилган эди.

Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли деб ишониладиган TV Markaz, Forum TV, NTT ва Россиянинг STS Mediaси билан ҳамкорликда ташкил қилинган "СофтС" телеканаллари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз кўрсатув намойиш қилмай қўйди.

Орадан икки кун ўтиб эса Zamin FM, A’lo FM ва Terra FM радиоканаллари эфири тўсатдан узилган.

Бир ой олдин эса янги радиочастоталар кенгаши ҳал қилиши талаб этиладиган яна бир ҳодиса юз берган.

Ўзбекистон ҳукумати ўзи Қирғизистоннинг фойдаланишига рухсат бериб қўйган Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги Ўнгортепа устига ўрнатилган теле ва радиоантенналардан норозилик билдирган.

Асосан Қирғизистон ҳудудига радио-телевизион ва мобил алоқа тўлқинлари тарқатадиган Ўнгортепадаги ретранслятор марказини Ўзбек чегарачилари текширганлар.

Ўзбек томонига кўра, Қирғизистон ўзбошимчалик билан икки мамлакат ўртасида келишилмаган антенналарни ўрнатган ва бу антенналар эшиттиришлари Ўзбекистон ҳудудига ҳам тарқалган.

Ушбу масала Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиялари ўртасидаги музокараларга етаклаган.