“Ҳашарчилар кетиши билан газ ҳам, чироқ ҳам ўчди”

Пахтазорларни тўлдирган ҳашарчилар кетиши билан газ ва чироқда узилишлар бошланган
Image caption Пахтазорларни тўлдирган ҳашарчилар кетиши билан газ ва чироқда узилишлар бошланган

Минтақага совуқ ҳаво кириб келиши билан Ўзбекистонда ҳар йилгидек газ ва электр таъминотида узилишлар бошланган. Ҳукуматнинг ўзи ҳам газ таъминотида муаммолар борлигини тан олган.

Табиий газининг бир қисмини Россия ва Хитойга экспорт қиладиган Ўзбекистон ички истеъмолчиларнинг эҳтиёжини қондира олмаётгани кузатилади.

Жиззахлик исми ўзгартирилган Нодирбек кун совуши билан чироқ ва газда узилишлар бошланганинин айтади.

“Чироқ эрталаб саккизда ўчган бўлса, шу билан кечги 6-7 ларга ёнади. Бир соат ёниб яна ўчади. Кейин 10 да ёндириб яна ўчиради. Шу билан тунги 3-4 да ёнади. У вақти ҳеч кимга керак бўлмайди”, дейди Нодирбек.

Суҳбатдошимизнинг айтишича,электрнинг йўқлиги овқат тайёрлашда ҳам қийинчиликлар туғдирмоқда. Ҳаттоки деярли ҳамма уйда мавжуд қўл телефонларини қувватлантириш ҳам муаммога айланган.

“Битта уйда 3-4 телефон бор. Чироқ ёнгандан ҳамма ҳеч бўлмаса зарядни тўлдириб олайлик деб токка қўяди. Ҳозир битта сим картани 3-4 телефонга алмаштириб суҳбатлашаяпмиз. Мана ҳозир сиз телефон қилганингиздан кейин, иккинчи телефоннинг зарядкаси ўчиб қолди. Учинчи телефонга алмаштирдим”, - дейди Нодирбек.

Нодирбекнинг айтишича, пахта мавсуми вақтида улар яшайдиган ҳудудга ёрдамчилар келади. Ўша вақти чироқ ҳам газ ҳам ўчмаган. Ёрдамчилар кетиши билан иккаласида ҳам узилишлар бошланган. Ҳозир уйдаги бор газда бир чойнак чой 2 соатда қайнамоқда.

“Пахта терилаётган вақти ёниқ эди. Теримчиларнинг орасида жанжал чиқмасин, деб ўчиришмайди. Икки-уч ой яхши бўлади. Уч ойдан кейин умуман йўқ бўлади. Пахта терим тугаганига 3-4 кун бўлди, яна эски аҳвол. Одамлар ҳам ўрганиб қолди. Теримчилар кетди, энди нима қилади ёқиб дейди”, - дейди жиззахлик Нодирбек.

Image caption Ўзбекистон йилига ўртача 20 млрд куб метр газ экспорт қилади

“Бизни газсиз қолдирган ўша Хитойни...”

Газ ва электрдаги узилишлар ижтимоий тармоқларда ҳам муҳокама қилинган.

“Бир ҳафтадан бери уйда газ йўқ. Бизни газсиз қолдириб ўзи сотиб олаётган ўша Хитойни ...”, - дея сўкинади бир фойдаланувчи.

“Табиий газ муамоси бошланди, агар ҳамма хўжаликлар газдан оқилона фойдаланса камида 3-4 баравар тежаш мумкин. Ўша газ борми:)”, дея киноя қилади Бухороги номли твиттер иштирокчиси.

У минимал газдан уйни қандай қилиб максимал иситиш мумкинлиги ҳақида тажрибасини ўртоқлашади.

Танқидчи номли юзер деярли 5 ойдан бери газ йўқлигини энди эса чироқда ҳам узилишлар бошланганидан ёзғиради.

“Газ йўқ! Деярли 5 ойдан бери. Одамларни токка бўлган эҳтиёжи ортгани сабаб, чироқ ҳам шаҳарга кетворяпти. Шунда ҳам ривожланяпмизми”, - дейди танқидчи.

Танқидчи халқ бундай қийинчиликлардан қачон қутилиши мумкин дея савол беради.

“Айтинг, айтинг, қачон кузни хорғин, тушкин кайфиятда эмас, ҳурсандчиликда кутиб олади бу миллат? Айтинг, айтинг, қачон бу миллатнинг мўриларидан ўтин, тезак, кўмир тутини чиқиши тўхтайди? Кечирасизу, тагида йўқ бўлса экан, ҳа ўзимизда йўқда, деймиз. Лекин борини ҳам беришмаса қачон миллат миллат бўлади”, - дея оғриқли саволлар беради у.

Газ таъминотидаги муаммоларни ҳукумат тан олдими?

“Ўзбекнефтегаз” ширкати матбуот хизмати сал олдинроқ айрим вилоятларда газ тақчиллиги ҳақида хабарлар “асоссиз миш-мишлар” эканлигини таъкидлаб мақола ёзган.

Мақолада Ўзбекистонда газ тақчиллиги кузатилмаётгани ва аксинча аҳолига етказиб берилаётган газ ҳажми йилдан йилга кўпайиб бораётганини ёзилган.

Бироқ Ўзбекистон президентнинг қарори бунинг аксини кўрсатади.

Шу йилнинг 5 июл куни чиқарилган президентнинг “Республика иқтисодиёти тармоқларини 2013-2014 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш тўғрисида”ги қарорида табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудлар рўйхати тасдиқланган.

Ўзбекистон овози газетасига интервью берган «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси бош директори ўринбосари Фатхулла Ахмеджонов, кейинги йилларда республика ҳудудларида табиий газ истеъмолчилари сонининг кўпайганлиги ҳам­да аксарият табиий газ истеъмолчилари ностандарт газ ускуналаридан фойдаланишлари оқибатида газ қувурларининг охирги нуқталарида жойлашган истеъмолчиларга етказиб берилаётган табиий газ босими тушиб кетиш ҳолатлари учраб туриши ҳақида гапирган.

Бундан ташқари кўп қаватли уйларда иссиқлик тизимининг яроқсизлиги сабабли хонадонларни иситишда режалаштирилмаган ҳажмдаги газ сарфланиши босимларнинг камайишига сабаб бўлаётгани билдирилган.

Фатхулла Ахмеджонов газ таъминотида муаммолар бор бўлган ҳудудларда огоҳлантириш ишлари олиб борилаётганини таъкидлаган.

“Ушбу рўйхатга (Президент қароридаги рўйхат. Би-би-си таҳр.) асосан ҳудудлардаги аҳоли хонадонларини қиш мавсумидан талофатсиз олиб чиқиш мақсадида ёз фаслининг июль ойидан бошлаб қишлоқ ва маҳалла фуқаролари йиғинлари билан биргаликда аҳоли ўртасида қўшимча ёқилғи турларидан (кўмир, ўтин, суюлтирилган газ ва ҳ.к.) фойдаланишлари тўғрисида огоҳлантириш ишлари олиб борилди”, - дейилади суҳбатда.

Лекин аҳолининг табиий газдан бир неча баробар нарсаларни сотиб олишда ҳар доим ҳам имконияти бўлавермайди. Улар Хитой ва Россияга оқиб ётган газда бизнинг ҳам ҳаққимиз бор деб ўйлашади.

Фарғоналик журналист ва ҳуқуқ фаоли Баҳодир Элибоев Риштон аҳолиси ўтган қишни газсиз ўтказганини, агар бу йил ҳам келмаса халқ ҳаққини талаб қилиш ниятида эканлигини айтади.

“Шу йили чиқса керак. Чунки 30 мингдан йиққан пулга ўтган йили газ бериши керак эди, ҳали йўқ. Энди халқ чиқса керак, ноябрни ҳам кутайликчи деб турибди. Ҳали совуқ суякка етиб борадиган даражада эмас. Совуқ келганда газ бермаса, халқ кўтарилиб кетса керак”, - дейди Баҳодир Элибоев.