Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Акмал Саидов БМТ минбарида бақирди

Мажлис иштирокчилари юқори мартабали ўзбек дипломатининг ўзини тутишидан ларзага келганликларини айтишмоқда.
Сурат тагсўзи,

Мажлис иштирокчилари юқори мартабали ўзбек дипломатининг ўзини тутишидан ларзага келганликларини айтишмоқда.

Давлат раҳбарларининг БМТнинг юксак минбаридан туриб бақиришлари ноодатий ҳол эмас. Аммо дипломатларнинг жазавага тушишлари камдан-кам содир бўладиган ҳодиса.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош музокарачиси Акмал Саидов 30 октябр, тушдан сўнг Женевада ўзини сўроққа тутган Бирлашган Миллатларнинг Қийноқларга қарши қўмита аъзоларига бақирган ва столни муштлаш билан жавоб берган.

Мажлис иштирокчилари юқори мартабали ўзбек дипломатининг ўзини тутишидан ларзага келганликларини айтишмоқда. Мажлисда иштирок этган Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти вакили Стив Свердловнинг айтишича, жаноб Саидов қийноқлар билан боғлиқ конкрет саволларни жавобсиз қолдирган.

Стив Свердлов: Ўзбекистон ҳукумат ҳайъати реал одамларнинг қийноққа солингани ҳақидаги жуда ҳам жиддий, аниқ ва батафсил саволларга бақириб-чақириш билан жавоб қайтарди. Бу бизни ларзага солди, аммо ҳайратга солгани йўқ. Улар қийноқлар бўйича мустақил, халқаро экспертлар олдида ўз далилларини айтиш имконига эга эдилар. Аммо буни томошага айлантиришди. Қийноқларга қарши қўмита ўзбек мулозимларидан сиёсий маҳбуслар, жумладан, қамоқдаги ҳуқуқ фаоллари қийноққа солинмаган, деган даъволарини аниқ далиллар билан исботлашни сўради. Аммо ҳукумат ҳайъати аниқ далилларни тақдим этиш ўрнига қўмита аъзоларини ҳақоратлади ва мажлисни сиёсийлаштиришга уринди ва қийноқларнинг мавжудлигини рад қилишда давом этди.

Би-би-си: Қўмита ўзбек мулозимларидан Жаслиқ қамоқхонасининг нима учун ёпилмагани ва қийноқ даъволарининг нега текширилмаётгани сингари аниқ саволларни сўраган. Уларнинг жавоблари қандай бўлди?

Стив Свердлов: Жаслиқ қамоқхонасини ёпиш қийноқларга қарши қўмитанинг узоқ вақтдан буён тавсия этиб келаётган чораларидан биридир. Бу БМТ Қийноқларга қарши махсус маърузачисининг 2002 йилда берган тавсиялари орасида ҳам бор эди. Аммо ўзбек ҳукумат ҳайъати раҳбари Акмал Саидовнинг бунга жавобини жавоб эмас, балки айблов деб айтган бўлардим. Жаноб Саидов Қийноқларга қарши қўмита Ўзбекистонга қандай яшаш кераклигини ўргатмаслиги керак, қабилида жавоб қайтарди. Унинг айтишича, Жаслиқ қамоқхонасидаги муаммо фақат об-ҳаво, иқлим шароитлари билан боғлиқ, холос. У халқаро экспертларнинг Жаслиққа ҳаддан зиёд эътибор қаратишларидан норозилик билдирди. Аммо у ердаги маҳбуслар, жумладан, инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Фармоновнинг нинг қийноққа солингани ҳақидаги хабарларнинг биронтасига ҳам жавоб қайтаргани йўқ.

Би-би-си: Жаноб Саидовнинг қўмита аъзоларига бақириб-чақиришини қандай баҳолаган бўлардингиз?

Стив Свердлов: Бу ўзбек ҳукумати ўзининг халқаро мажбуриятлари борасида танлаган стратегияси, фалсафасини ошкор қилиб қўйди. Жаноб Саидов қийноқлар борасида дунёдаги энг етакчи экспертларни ўз ичига олган БМТ қўмитасини жиддий қабул қилиш, уларга профессионал муомала қилиш ўрнига жуда ҳам тажовузкор бир мавқеъни эгаллади ва ўшқира кетди. Ишончим комилки, унинг бақир-чақирларини мамлакат ичкарисидаги ўзбеклар кўришганида, уларнинг ҳам ҳафсалалари пир бўлган бўлур эди. Нуфузли бир ташкилотнинг минбаридан туриб, жазава қилиш муаммони ҳал қилмайди, қайтага Ўзбекистоннинг халқаро нуфузига жуда катта зарар етказади. Менимча, ҳукумат ҳайъати қўмитани қийноқлар ҳақидаги аниқ фактлардан чалғитиш мақсадида ўзини шундай тутди, аммо бу иш бергани йўқ.