Муҳим иттифоқчиси ўлими ортидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига нима бўлади?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, Покистон Толибон ҳаракати раҳбари Ҳакимуллоҳ Маҳсуднинг ўлими ортидан бу икки гуруҳ орасидаги иттифоқчиликка жиддий путур етмайди.

"Покистоннинг, айниқса, қавмлар яшовчи Вазиристон ҳудудидаги жуда кўп сонли толиблар бу ҳаракатнинг жудаям заифлашиб кетишига йўл қўйишмайди. У ерда кучли қўмондонлар кўп. Ҳарбий ва сиёсий салоҳият анча қудратли. Ва айни пайтда биз биламизки, толибларнинг Покистон махсус хизматлари билан ҳам, ҳарбийлари билан ҳам алоқалари бор. Тўғри, зиддиятлар ҳам мавжуд, лекин маълум бир алоқалар ҳам бор. Яъни, Покистон ҳукумати толибларнинг маълум бир восита сифатида қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилаяпти", - дейди таҳлилчи.

Таҳлилчига кўра, бу икки ҳаракатнинг ўртасида жудаям кучли мафкуравий, диний муштараклик мавжуд.

"Бу мафкуравий қараш, яъни жиҳодчилик сиёсий, фалсафий оқимига мансуб уларнинг иккаласи ҳам. Яъни, мусулмон дунёсидаги, Ислом умматидаги ички ва ташқи муаммоларни фақатгина ва биринчи ўринда жиҳод орқали ҳал қилиш мумкин ва лозим, бундан бошқа мақбул йўл йўқ, деган тафаккур, концепция бу иккала ҳаракатда ҳам жудаям кучли".

Аммо, Камолиддин Раббимовнинг айтишича, толиблар бундан кейин ўз олдига Марказий Осиёга кириб бориш каби аниқ вазифани қўйишмайди. Бироқ бу икковлон Ўзбекистон учун безовталик омили бўлиб қолаверади.

"Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ёки ўша Исломий Жиҳод иттифоқи Мовароуннаҳр бўлими олдига қўйган вазифаси, яъни Ўзбекистонга ҳужум қилиш ва режим билан курашиш мақсадидан воз кечмаслиги тайин. Лекин уларнинг режимни йиқитиш потенциали мутлақ мавжуд эмас, назаримда", - дейди таҳлилчи.

Унга кўра, шу боис ҳам, толиблар ҳам, уларнинг иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам Ўзбекистон учун назарий таҳдид ва кўпроқ безовталик омили сифатида сақланиб қолаверади.

"Уларнинг потенциали ва уларнинг қудрати Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатларидаги сиёсий тизимларни йиқитишга етмайди".

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистондан Покистонга қочиб ўтган ва Толибон ҳаракати раҳнамолиги остида улар назорати остида бўлган қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасидан бошпана топишганди.

Аммо сўнгги йилларда уларнинг Афғонистон шимолида қайта фаоллашишга муваффақ бўлгани кузатилади.

Ҳаракатнинг шу йўл билан Марказий Осиё чегараларига яқинлашишга ҳаракат қилаётгани ва шу мақсадда минтақадан янги жангарилар ёллашга уринаётгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Орада, яъни 2009 йилда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг асосчиси Тоҳир Йўлдош ҳам америкаликларнинг дрон ҳужумида ўлдирилган.

Ўтган йил эса, унинг ўрнига тайинланган куёви Усмон Одил ҳам ҳалок этилганди.

Ҳозир Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига Усмон Ғозий исмли шахснинг раҳбарлик қилаётгани айтилади.