Илк бор пойтахт Кобулда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари қўлга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Афғонистонлик хавфсизлик масъулларига кўра, ҳибсга олинган бу икки шахс Кобулда террорчилик амалиёти уюштириш режасида бўлишган.

Уларнинг сўзларидан аён бўлишича, Фаҳим ва Ибодуллоҳ Покистонда 40 кунлик тайёргарликдан ўтиб, айни шу мақсадда Афғонистон пойтахтига келишган.

Ҳибсга олинган икковлон бундан аввал Афғонистоннинг қўшни Тожикистон билан чегарадош Бадахшон вилоятида кечган сўнгги қақшатқич жангларда ҳам фаол иштирок этганликларига иқрор бўлишган.

Аммо, хабарлардан аён бўлишича, улар, ҳатто, сўнгги йилларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати қайта фаоллашгани айтилаётган Афғонистон шимолидан ҳам эмаслар.

Икковлоннинг ҳам Афғонистоннинг пойтахт Кобулга яқин марказий Майдон Вардак ва Парвон вилоятларидан эканликлари маълум бўлган.

Уларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаолларининг ташвиқоти билан унга аъзо бўлиб киришган.

Минтақавий кузатувчилар ҳам сўнгги икки-уч йил ичида ҳаракатнинг Афғонистондаги фаолияти кенгайиб бораётганини таъкидлашади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати АҚШ бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ кучларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан қўшни Покистондан бошпана топиб келаётганди.

Охирги йилларда эса, ҳаракатнинг Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегараларига яқин шимолий минтақаларида қайта фаоллашишга муваффақ бўлгани кузатилади.

Маҳаллий масъуллар яқинда минтақада чуқур илдиз отган ишсизлик ва ночорлик боис, афғон ёшлари орасида ҳаракат сафларига ўтиб кетаётганлар сони кескин ортиб бораётганидан ҳам хавотир изҳор этишганди.

Сўнгги ҳодиса эса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ҳозирга келиб, ҳаттоки, пойтахт Кобулга ҳам кириб бораётганига далолат қилади.

Шу йил бошида Кобулдаги президентлик саройига уюштирилган йирик ҳужум ортида ҳам Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари турганликлари гумон этилганди.

Ҳаракатнинг ҳозир яна Марказий Осиё қолиб, Қофқоз минтақасидан ҳам янги жангарилар ёллашга уринаётгани ҳақида хабарлар бор.

Ўтган яқин йиллар ичида маҳаллий ва халқаро иттифоқ кучлари томонидан Афғонистоннинг бир қанча шимолий вилоятларида ҳаракатнинг оддий аъзолари қолиб, қатор юқори мартабали қўмондонлари ҳам қўлга олинишган.

Аммо шу кунга қадар ҳибсга олинган шахсларнинг қаерда сақланишаётгани ёки уларнинг устларидан бирор бир маҳкама жараёни бўлиб ўтганми-йўқлиги борасида деярли хабарлар йўқ.

Минтақадаги мухбирларимизга кўра, улар аксарият ҳолларда афв этиб, қўйиб юборилишади.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Ўзбекистонга ҳужум қилиш ва режим билан курашиш мақсадидан воз кечмаган.

Аммо, уларнинг таъкидлашларича, ҳаракатнинг режимни йиқитиш потенциали мавжуд эмас ва Ўзбекистон учун кўпроқ безовталик омили бўлиб қолаверади.