Гулнора Каримова ўз синглисининг Би-би-си интервьюсига "фикр билдирди"

Гулнора Каримова ўз синглиси Лола Каримова-Тиллаевнинг Би-би-сига берган интервьюсига муносабат билдира туриб, шарқона оилавий ришталарнинг аҳамияти ҳақида гапирди, ҳамда ўзи ва синглиси ҳақида "можаро келтириб чиқариш" ҳаракатларига аралашмаслигини айтди.

"Кимнингдир ожизликларидан фойдаланиш - бу инсоний амал эмас. Бу қандайдир можаро келтириб чиқариш, эҳтиросларни қўзғаш ҳаракатидир. Мен бундай йўл тутмайман," - деб айтди у Тошкентда октябрь охирида бўлиб ўтган "Art Week Style Uz" тадбирининг матбуот анжуманида. Анжуман видео тасмаси 5 ноябрда YouTube порталида чоп қилинди.

Каримова хоним shov-shuv.uz веб сайти журналисти Жасур Ҳамроевнинг Лола Каримова-Тиллаеванинг Би-би-сига берган интервьюси тўғрисида сўраган саволини хуш қарши олган, ва журналистни "энг қўрқмас" дея олқишлаган.

Ўзбекистон Президентининг кенжаси Лола Каримова-Тиллаева сентябрь охирида Би-би-си билан ёзишмасида опаси билан 12 йилдирки гаплашмаслигини айтиб, опасининг президент бўлиш имкониятларини "катта эмас" дея баҳолаганди.

Гулнора Каримова саволга жавоб бера туриб, Би-би-сининг ишлаш услубига ҳам тўхталди.

"Ҳар бир хабар агентлиги энг охирги хабарларни ёритишга уринади. Бу бошбошдоқ замонимизда бундай хабарларни ёритиш русумга айланган. Ижобий воқеалардан можаро келтириб чиқариб бўлмайди. Айнан Би-би-сига тўхталиб ўтирмайман, чунки бу бир вақтнинг ўзида ҳамманинг ёнини оладиган ва ҳаммага қарши чиқадиган хабар агентлиги. Бу уни қизиқ, ўқиш мароқли бўлган, можароли агентлик қилиб кўрсатади. Би-би-сига биноан, мен аллақачон 2-3 марта эрга текканман, лекин бу менинг ўтмишимга мос бўлмаган маълумот," - деди у.

Жавобсиз жавоб

Чайналиб ва тутилиб беш дақиқадан ошиқ гапирган Каримова хоним ўз синглисининг интервьюси тўғрисида фикри борлигини айтди, бироқ Шарқона тамойилларига содиқ қолган ҳолда буни очиқламасликка қарор қилди.

"Ҳамма ҳайрон бўлди. Менда бу борада ўз фикрим бор. Бу фикримни ўзимда қолдирсам керак. Нима учун? Чунки, Шарқнинг ўз одоб-ахлоқ қоидалари бор. Биз Шарқда яшар эканмиз ва ўзимизни шу жамият ва дунёқарашнинг бир қисми деб билар эканмиз, бу форматни, Шарқнинг таъмини ҳурмат қилишимиз керак. Агар бу тамойилларни барбод қилсак, одамларни чегаралаб турадиган ҳеч вақо қолмайди. Ва бундай жамиятда яшаш жуда қийин бўлади," - деди у.

Айни дамда у оилавий қадриятларни ҳурмат қилишини айтди.

Image caption Лола Каримова-Тиллаева ўзининг ягона опаси билан чиқишмаслигини илк марта Би-би-си билан ёзишмаларида очиқ айтди

"Мен оилавий ришталарни жуда ҳурмат қиламан, мен ўзимиздаги мезонлар, тамойиллар ва қадриятларни ҳурмат қиламан. Мен ҳар доим асрлар оша, авлоддан-авлодга ўз фамилияларини сақлаб келадиган, ўз анъаналари ва тамойилларини узатиб келадиган катта оилаларга ҳар доим ҳавас билан қарайман," - деди Гулнора Каримова.

Журналистнинг саволини олқишлаган, бироқ бир маънода уни жавобсиз қолдирган Каримова хоним ўз нутқини дўстона чақириқ билан якунлади.

"Окуджава "Келинг, бир-биримизга хушомад қилайлик" деб айтган. Лекин, баъзида хушомад қилиш қийин, шунга қарамай, у ўзини ҳурмат қиладиган инсонлар учун бу каби буткул кераксиз, ўткинчи нарсалардан кўра кўпроқ кучга эга," - дея фалсафий чақириқ билан ўз жавобига якун ясади у.

Риторикага муносабат

Бироқ, Гулнора Каримованинг сешанба тонгида ёзган твити унинг инсоний қадриятлар ва ўзаро ҳурмат ҳақидаги фалсафий чақириқларидан бироз фарқ қилди.

Жаҳонгир исмли фолловерининг: "Гулнора Каримова, сиз ўзингиз танқид қилаётган одамлардан нима билан ажралиб турасиз? Саволим риторик савол эмас, балки очиқ савол", - деб қилган мурожаатига, президентнинг қизи қуйидагича жавоб берди:

"Жаҳонгир Йўлдош, Севганларимни севаман ва Худо мени севади! Сизнинг риторикангизга эса, очиғи, чич.. қўйдим. Тушунарли бўлди деб умид қиламан. Бекорга вақтимни олманг."

Бу каби жавобдан Жаҳонгир афтидан бироз безовта бўлди.

"Гулнора Каримова, саҳарги 4дан қўпол экансиз-ку! =) Мен ахир савол йўллагандим холос. Энди мени бунинг учун СНБ эмас, сизнинг одамларингиз уриб кетишмаса бўлди", - дея гап қайтарди.

Бу мавзуда батафсилроқ