Ўзбекистонда бензин тақчиллиги давом этмоқда

Чекланган бензин учун навбатлар одатий ҳолга айланган
Image caption Чекланган бензин учун навбатлар одатий ҳолга айланган

Ҳайдовчилар айрим шаҳарларда ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида умуман бензин сотилмай қолаётган кунлар бўлаётганини айтмоқда. “Ўзнефтмаҳсулот” эса сукут сақламоқда. Бензин нархи вилоятларда қўлда 5 минг сўмга кўтарилиб кетган.

Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, бир кун олдин Самарқанд шаҳрининг бирорта ҳам ёнилғи қуйиш шаҳобчасида бензин сотилмаган. Бугун айрим шаҳобчаларда пайдо бўлган бензин аввалига 20 литр кейинчалик 10 литр чеклов билан сотилиб эрталабки соат 10:00 дан кейин умуман сотилмай қўйган.

Самарқандлик ҳайдовчининг Би-би-сига айтишича, шаҳарликлар шаҳобчаларда бензин йўқлигига кўникиб қолишди.

“Охирги ойларда Самарқанддаги заправкаларда бензин пайдо бўлса ҳам 1 - 1,5 соатда сотиларди. Лекин ҳозир умуман келмаяптими, бензинни қўлдан литрини 5 мингдан олдим. 15 мингга 3 литр олдим, кўчада қолиб кетгандим, уйга етиб олиш учун”, - дейди самарқандлик ҳайдовчи.

Ҳайдовчининг қўшимча қилишича, шаҳарнинг бирор ерида бензин пайдо бўлиши билан одамлар бир бирига телефон орқали маълум қилади ва ўша ерда бир пасда турнақатор навбат юзага келади.

“Шаҳарда бензин йўқ. Бирор жойда пайдо бўлса, одамлар бир бирига фалон жойда бераяпти, дейди. Кейин навбат бўлади. Бугун қўлдан олганимда, "намунча 5 минг сўм, 2,5 минг 3 минг қилинг", десам, “бензинни олиб келадиган одам кеча кечқурун соат 6 да кетиб, бугун тонги соат 4 ларда қайтиб келди”, шунча вақт навбатда турган, деб жавоб берди”.

Интернетда Самарқанд шаҳрида бензин учун юзага келган бир неча чақиримлик навбат акс этган видео жойланган. Видеода машинада кетаётган одам 9 соат навбатда туриб жанжаллар билан бензин олганини ва вазиятни одамларга кўрсатиш учун навбатни видеога олаётганини айтади.

“Одамлар 5 километргача навбатда турибди. Самарқанд бўйича умуман бензин йўқ. Заправкагача мен ҳозир камерада оламан, сизлар томоша қилиб кетинглар. Мостларнинг устида ҳам машиналар турибди. Бечора халқ бензинсиз азоб чекаяпти. Свет йўқ, сув йўқ, газ, йўқ, бензин йўқ. Бечора одамлар сарсон. Буни ҳаёт деб қўйибди”, - дейди видео муаллифи.

Бензин тақчиллиги Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмоқда. Пойтахт Тошкент шаҳрида ҳам ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида навбат юзага келгани ва қиммат нархдаги бензинлар пайдо бўлгани айтилмоқда.

“Тошкентда бензин бор, аммо жуда қиммат. 2500 сўмдан бензин бор. 1680 сўмдан бир келиб қолади, лекин навбат”, - дейди Тошкентдан суҳбатдошимиз.

Журналист Алексей Волосович бир неча кун олдин Фарғона водийсида бўлиб қайтган ва у ерда ҳам бензин тақчиллигини кузатган.

“У ердаги заправкаларда ҳам узун навбатлар бор. Ҳайдовчилар фақат 10 литрдан бензин бераётганидан нолишди. Болаларнинг қўлда 5 минг сўмдан бензин сотиб юрганини кўрдим. Ҳайдовчидан улар қанақа маркали бензин сотаяпти, деб сўрадим. Ҳайдовчи, “оддий бензин, қанақа бензин сотаётганини ҳеч ким билмайди”, деб жавоб берди”, - дейди Алексей Волосович.

Пропан газнинг ҳам нархи кўтарилди

Бензин тақчиллиги ортидан унга муқобил бўлган пропан газнинг нархи ҳам кескин кўтарилиб кетган.

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бир литри 1100 сўм бўлган пропан 2000-2200 сўмга кўтарилиб кетган.

Самарқандлик ҳайдовчи пропан нархи сўнгги ҳафтада кўтарилиб кетганини айтади.

“Сўнгги ҳафтада нархлар ҳаддан ташқари ошиб кетди. Бизлар 1200-1400 дан бир литр газ олган бўлсак, сўнгги бир ҳафта давомида бирданига 1800 га чиқиб кетди. Мана бугунги кунда 2000 минг сўм бўлди”, - дейди самарқандлик ҳайдовчи.

Ўзбекистондаги расмийлар бензин тақчиллиги борасидаги муаммони тан олишмайди. Хориж матбуотида ёнилғи тақчиллиги борасидаги хабарлардан кейин “Ўзнефтмаҳсулот” акционерлик компанияси бензин тақчиллиги йўқлигини айтиб чиқди.

Ширкат юзага келган муаммони ёнилғини етказиб беришдаги муаммолар билан боғлади.

Би-би-сининг “Ўзнефтмаҳсулот” масъулларидан изоҳ олиш ҳаракатлари бесамар кетди. Компаниянинг ахборот бўлимидаги телефон гўшакларини ҳеч ким кўтармади.

Жамғарма бўлмидагилар эса бу саволга фақат бўлим бошлиғи Жалолиддин Бекмуродов жавоб беришини билдиришди. Аммо Бекмуродовни жойидан топиб бўлмади.

Ўзбекистонда бензин етишмаслиги пахта мавсуми тугаб совуқ кунлар бошлаши билан ҳар йили кузатилади.

Кузатувчилар бензин тақчиллиги борасида турли версияларни олдинга суради. Сўнгги етишмовчилик Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи директорининг ишдан олинганлиги тўғрисидаги хабарларга боғлиқ бўлиши мумкинлиги фараз қилинади.