Владивосток туғруқхонасига ўзбекистонлик аёлни қабул қилишмаган

Image caption Полиция ходимлари аёлни туғруқхонага олиб киришгандан бир неча дақиқа ўтиб чақалоқ туғилган.

Россия ахборот воситалари хабар беришича, Владивостокдаги 1-туғруқхонага дарди тутиб келган ўзбекистонлик муҳожир аёл дастлаб қабул қилинмаган.

Гувоҳларнинг айтишича, маҳаллий туғруқхона ходимлари аёлнинг пули ва ҳужжатлари йўқлигини рўкач қилиб қайтаришган.

Кўчага ҳайдалгач, оғриқнинг зўридан йўл четида ётиб қолган аёлни ўша атрофда яшайдиган кишилар кўриб қолиб, полицияга хабар берганлар.

Гувоҳлар соат бирларда туғруқхона эшигини тақиллатиб, ёрдам сўраганларини, рухсат беришмагач, МЧС ва полицияга хабар беришганини айтганлар.

Полиция ходимлари аёлни туғруқхонага олиб киришгандан бир неча дақиқа ўтиб чақалоқ туғилган.

Айни пайтда полиция туғруқхона ходимларининг ҳаракатлари қанчалик қонунийлигини текшираяпти.

Шифокорлар ўзларининг ноинсоний ҳаракатларини аёлнинг ёнида шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат ва туғруқ учун пули йўқлиги билан оқлашган.

Воқеага тегишли ҳужжатлар суриштирув идораларига топширилгани айтилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ