Гулнора Каримова президент бўлиш нияти йўқлигига яна бир бор ишора қилди

Image caption Гулнора Каримованинг Ўзбекистондаги раҳбар шахсларни фош қилувчи кетма-кет твитлари "сарой ичидаги ўйин" эканлиги айтилмоқда.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи, Гулнора Каримова, президент бўлиш нияти йўқлигига яна бир бор ишора қилган. Твиттердаги саҳифасида Гулнора Каримова президентлик "халқ томонидан сайланган кучли эркакнинг иши" деб ёзган.

Кеча "mik-updown" номли твиттер фойдаланувчиларидан бири: "Шарқ аёллари эркакларга нисбатан ақллироқ бўлади! Ўзбекистонни Гулнора, Қозоғистонни Дариға бошқарсин!" , дея ёзди.

Гулнора Каримованинг бунга жавоби анчайин кескин янгради:

"Бу қандай алайҳсираш? Ҳеч ким, ҳеч қачон президентликни муҳокама қилмаган ва қилмаяпти. Бу халқ томонидан сайланган кучли эркакнинг иши!", дея жавоб қайтарди Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи.

Кечанинг ўзида Гулнора Каримов бошқа бир твитида ўзининг сиёсий арбоб эмаслигини ёзди.

Сиёсатга қайтасизми деган саволга, Каримова хоним: "мен сиёсатчи эмасман!" - дея жавоб қайтарди.

Бугун Гугуша келажакда ўзини "рассом, шоира ва суратгир" сифатида тасаввур қилишини айтди.

30 октябр куни эса Гулнора Каримова ҳукмдор бўлиши нияти режаси йўқлигини билдирган эди.