Гулистонда пахтага бораётган ўқувчилар автоҳалокатга учраган

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти матбуот хизмати хабар беришича, 4 ноябр куни Гулистон Тиббиёт коллежининг 10 нафар ўқувчи қизларини пахта даласига олиб кетаётган Дамас автомашинаси "Ваз-2107" автомобили билан тўқнашиб, ағдарилиб кетган.

"Дамас" автомобилидаги ҳайдовчи ва йўловчиларнинг барчаси турли даражадаги тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. Қизлардан бирининг аҳволи оғирлиги, унинг шифохона жонлантириш бўлимида қолаётгани айтилмоқда.

"Эзгулик" фаолларига маълум бўлишича, 4 ноябрь куни "Озодбек-Асадбек" маъсулияти чекланган жамиятига қарашли давлат рақами 20 Е 689 АА бўлган "Дамас" русумли автомобиль Сирдарё вилояти ИИБ Йўл патрул хизмати ходими Санжар Маматов томонидан тўхтатилиб, ҳайдовчи Ўроқ Суюнов Гулистон Тиббиёт коллежининг 10 нафар ўқувчи қизларини пахта даласига олиб боришга мажбур қилинган.

Йўл патрул хизмати ходимининг ғайри қонуний кўрсатмасидан бўйин товлаган Ўроқ Суюновнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси, техник талони ҳамда автомобилнинг техник паспорти олиб қўйилади.

Гулистон - Боёвут оралиғи бўйича йўналишли такси фаолиятини амалга оширувчи Ўроқ Суюнов милиция ходимларининг босими остида Гулистон Тиббиёт коллежининг 10 нафар ўқувчисини машинасига миндиришга мажбур бўлади. Натижада 6 нафар йўловчига мўлжалланган йўналишли такси Гулистон шаҳрида қаршидан келаётган автомашина билан тўқнашиб ҳалокат юз беради.

"Кўкрагимдан олган жароҳатим туфайли кечалари ухлай олмаяпман. Текширув қовурға ва ўмров қисмимда жиддий гематома борлигини кўрсатди. Жигули ҳайдовчиси эса менинг машинамга етказган зарарини қоплай олиш имконияти йўқлигини айтди. Машина ягона тирикчилик воситам, рўзғоримга яраб турган эди. Биз тендерда ғолиб чиқиб, Боёвут - Гулистон" йўналиши бўйича хизмат кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритгандик" деб айтган ҳайдовчи Ўроқ Суюнов "Эзгулик"ка.

Ўзбекистонда ҳар йили пахта мавсуми пайти пахтага мажбуран жалб қилинган ишчилар билан турли бахтсиз ҳодисалар рўй бергани кузатилади.

Мавсум бошида 6 ёшли бола дохил бир неча киши пахта мавсуми қурбони бўлгани айтилганди.

Инсон ҳақлари ташкилотларининг ўқувчи ва талабаларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаслик ҳақидаги чақириқларига қарамасдан Ўзбекистон ҳукумати бу талабларни жавосиз қолдириб келади.

Бу мавзуда батафсилроқ