Россия: ўзбекистонлик аёл депортация қилинади

Image caption Миграция хизмати билдиришича, Россияда ноқонуний турган 3,6 миллион муҳожир чиқариб юборилиши керак.

Владивосток маҳкамаси ўтган ҳафтада ҳужжатлари йўқлиги сабабли дастлаб туғруқхонага қабул қилинмаган ўзбекистонлик аёлни икки ҳафта ичида мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор берган.

Ўзбекистонлик Шоира Улашева кўрсатилган муддат ичида Россиядан чиқиб кетишга улгурмаса ёки хоҳламаса, уни мажбуран депортация қилиниши айтилган.

Муҳожирлик хизматига кўра, Шоира Улашеванинг эри топилмаяпти, унинг ўзи эса болаларини олиб, ўз хоҳиши билан чиқиб кетишга рози бўлган.

Шоира Улашева Россияда 2009 йилдан буён ноқонуний яшаб келгани айтилмоқда.

Бироқ бир ойликдан кичик бола билан учоққа чиқиш тақиқлангани боис, у қандай йўл орқали депортация этилиши номаълум.

Владивосток шаҳар 1-туғруқхонаси бош шифокори Виталий Мелников муҳожир аёл касалхонага ҳужжатсиз, пулсиз ва суғурта қоғозисиз келгани учун қабул қилинмаганини айтган Би-би-си мухбирига.

Кўчага чиқариб юборилган ҳомиладор аёл тўлғоқ тутиб, одамларни ёрдамга чақира бошлаган.

Бу ҳолатни эса туғруқхона ходимлари спектакл деб аташган.

Бироқ, дарди тутиб келган аёл атрофдаги одамлар ва улар хабар берган полиция ходимлари ёрдамида ичкарига олиниши билан боласи туғилган.

Шифокорларга кўра, Шоира Улашева эртаси куни туғруқхонадан қочиб кетган.

Ўтган ҳафта жума куни муҳожирлик хизмати ходимлари аёлни чақалоғи ва бошқа болалари билан Владивостокдаги уйлардан бирининг ертўласидан топишган.

Россиядаги ўзбекларнинг "Адолат" жамоатчилик ташкилоти раиси Баҳодир Нураковнинг айтишича, аёлнинг икки боласи вақтинча унинг танишлари қаромоғига топширилган.

Россия ҳуқуқ тартибот идоралари бу воқеа билан боғлиқ туғруқхона ходимларининг ишида жиноят белгилари топилмаганини билдирган.

Бундан олдин ҳомиладор аёл соғлигини хавфли ҳолатда ёрдамсиз қолдирганлик бўйича суриштирув ишлари бошлангани айтилганди.

Миграция хизмати ҳисобича, Россияда ноқонуний турган 3,6 миллион муҳожир чиқариб юборилиши керак.

Бу мавзуда батафсилроқ