Ўзбекистонда яна бешта телеканал эфирга узатилмаган

Image caption Оддий аҳоли телеканаллар узиб қўйилганидан ҳали бехабар.

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, республикадаги нодавлат телеканаллар тармоғида бўлган яна 5 та телеканал эфири тўхтатилган.

Тармоқнинг Фарғона, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида эфирга узатилган 5 телеканал фаолияти устидан текширув бошлангани айтилмоқда.

Би-би-си гаплашган исми сир қолишини сўраган журналистга кўра, телемарказнинг ҳамма ходимлари ишдан бўшатилган. Студиялардаги техник воситалар миллий хавфсизлик ходимлари томонидан олиб чиқиб кетилган.

Унинг айтишича, телеканаллар қайта очилган тақдирда ҳам бир йил муддатсиз иш бошламаслиги ҳақида гаплар бор. Сабаби текширувлар катта бўлаяпти дейди у.

Шунингдек ТВ марказнинг ходими Ўзбекистон телевидениеси таркибида иккита янги- мусиқа ва кино телеканали иш бошлаётганини айтиб ўтди.

Ўзбекистон телевидениесида ишлайдиган журналистнинг айтишича, айни пайтда нодавлат телекомпания тармоғида бўлган барча каналлар устидан текшириш бошлангани ҳақида миш-мишлар катта.

Шунингдек тармоқ раҳбари бўлган Фирдавс Абдухолиқовга тегишли матбуот нашрлари ҳам текширилади деган гаплар бор, дейди телевидение журналисти.

Айни пайтда қаршилик ва сурхондарёлик оддий аҳоли телеканаллар узиб қўйганидан хабарсиз.

Қаршилик аёлнинг айтишича, якшанба куни Қарши телеканали эфирга узатилган. Душанба куни одатда вилоят ва шаҳар телеканалида профилактика ишлари бўлиши боис, одамлар узиб қўйилганини сезмаганлар.

Бугун маҳаллий вақт билан соат олтида чиқиши керак дейди у.

Қашқадарё ва Сурхондарёдаги манбаларимизга кўра, телеканаллар асосан маҳаллий янгиликлар, рекламалар ва кино-концертлар қўйгани учун одамлар кўпроқ шу каналларни томоша қилишган.

Октябр ўртасида Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканаллари эфири тўхтатилган, сўнгра мустақил СТВ канали узиб қўйилганди.

СТВ нинг раҳбари, йирик медиамагнат Фирдавс Абдухолиқов устидан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабарлар чиққан. Лекин бу ҳақда расман бирор маълумот берилмаган.

Фирдавс Абдухолиқов Гулнора Каримовага яқин шахслардан бўлиб, Фонд Форум ташкил қилган тадбирларда фаол иштирок этган ва уларни телеканал ҳамда нашрларида ёритиб келган.

Телеканалларнинг тўхтатилиши Гулнора Каримова раҳбарлик қилган Фонд Форум фаолияти ва унга боғлиқ ташкилотлар устидан текширувларнинг давоми сифатида кўрилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ