"Ўзбекистон учун жуда муҳим воқеалар бўлмоқда"

Форин полиси (Foreign policy) журнали Ўзбекистонда президент тўнғич қизи Гулнора Каримова атрофида нималар бўлаётганини англашга ҳаракат қилинган мақола чоп этган.

"Каримовлар билан бирга давом этиш" деб номланган мақола муаллифлари Халқаро Инқироз гуруҳи вакили сифатида Гулнора Каримова билан баҳсга киришган Эндрю Штролайн ва Хюман Райтс Уотч ходими Стив Свердлов.

Ўзбекистон учун жуда муҳим воқеалар бўлмокда, дейишади муаллифлар.

"Гулноранинг дунёси ҳозир алғов-далғов дейиш мумкин. Прокуратура унинг ҳамкорларидан бирини ҳибсга олди. Ҳукумат бошқа бир яқин ҳамкорининг йўқолиб қолгани борасида қидирувни бошлаган, маълумотларга кўра у Каримовани алдаган бўлиши мумкин. Гулноранинг айтишича, унинг қўриқчиларидан бир нечтаси калтакланган. Ҳукумат шунингдек унинг бир қанча ҳисоб рақамларини музлатган. Хабарларга кўра, унинг мамлакатдан чиқиши ҳам тақиқланган. Ва ниҳоят унинг учта хайрия ташкилотлари устидан расман текшира бошланган.

Каримовага қарши мисли кўрилмаган босимларнинг орқасида тахмин қилинишича, унинг бу шарафсиз унвони учун унга қарши чиқаётган кимдир турипти: Балки бу бошқа рақиблар билан бирлашган Рустам Иноятовдир.

Ўзбекистонда нима бўлаётгани ҳақида уч фаразлар мавжуд. Биринчидан, 75 ёшли Каримовнинг соғлиги, унга аввалгидек мамлакатнинг юқори бўғинларидаги рақобатлашадиган гуруҳларни бошқаришга изн бермай қолган. Унинг аҳволи ҳақидаги миш-мишлар илгари ҳам тарқалган, лекин тасдиқланмаган эди.

Иккинчи тахмин шуки, Каримов ниҳоят қизи Гулноранинг хорижда нималар қилиб юрганидан хабар топган ва ғазабга минган. Балки у қизининг Оврўподаги молиявий жанжалларидан хабардор бўлган. Балки у мамлакатга киритилмайдиган ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар билан Твиттердаги мулоқотини билгандир. Балки Каримов қизининг "еб тўймас"лигидан дарғазаб бўлгандир. Балки Гулноранинг йоганинг турли кўринишларида ва очиқ-сочиқ кийимларда тушган суратлари элчилик мақомига тўғри келмаслигини тушунгандир.

Учин фараз шуки, бу мураккаб чалкашликлар ота ва қизнинг ўзларига содиқларни аниқлаб олиш учун керак бўлиши мумкин. Усмон Хақназаров номи остида Президент оиласи тўғрисида шов-шовли мақолалар муаллифининг таъкидлашича, Гулнора билан боғлиқ воқеаларнинг барчаси ҳийла бўлиб, унинг хориж банкларида йиғилган ноқонуний пулларини яна мамлакат хазинасига қайтаришни кўзлайди. Бу жуда мураккаб кўринади. Лекин баъзилар Каримовнинг мамлакатдаги ҳар бир ишнинг орқасида турганига ишониш қийин дейди.

Воқеаларнинг охирги сабаби камроқ муҳимдир. Ҳокимиятнинг юқори бўғинларидаги бу қадар очиқдан- очиқ бўлиниш ҳар қандай авторитар давлатда бўлгани каби ўзгача фикрлашга тоқат қилолмайдиган Ўзбекистонда, айниқса юқорига энг яқин доира орасида илгари кузатилмаган. Бу жуда ўзгача. Ва сиз воқеаларни Ўзбекистонда туриб кузатаётган бўлсангиз, бу жуда катта воқеадир.

Албатта бу воқеалар мамлакатдаги аксарият кишиларнинг ҳаётини ўзгартириши қийин. Ўнлаб тинч мухолифлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистлар ўзларининг тинч фуқаролик фаоллиги туфайли қамоқларда азоб чекмоқда. Минглаб мусулмонлар ва кўпгина насронийлар ҳам диний эътиқодлари туфайли сиёсий айбловлар билан қамалган. Эркин намойишлар, йиғилишлар ўтказиш йўқ. 2005 йил ҳукумат кучлари Андижонда юзлаб тинч намойишларни отиб ташлаган эди".

Bular hammasi 2015 yilda bo'ladigan prezidentlik saylovi oldidagi I. Karimovning nayranglari . I .Karimov go'yoki hatto o'z qizini ham ayamasdan jazolagandek qilib hammani ishontirish va yana bir muddatga saylanish , qo'polroq qilib aytilsa, umrini ohirigacha prezidentlikda qolish. Lochinbek, Sveden.

Бу мавзуда батафсилроқ