Олимжон Тўхтаохунов ("Тайванчик") унга қарши АҚШда очилган жиноий ишдан бехабар

Image caption Мен қўлимга бирорта ҳам қоғозни олганим йўқ. Менинг ўзим мени нимада айблашаётганини ҳам билмайман, дейди Олимжон Тўхтахунов.

АҚШда сиртдан пул ювиш ва ноқонуний қиморхона ташкил қилишда айбланаётган Олимжон Тўхтаохуновнинг Би-би-сига айтишича, жиноят иши борасида ўзига АҚШ ҳуқуқ-тартибот идораларидан ҳеч ким мурожаат қилмаган.

Америка ҳуқуқ-тартибот органлари мамлакат ҳудуди ва халқаро миқёсда фаолият юритганини айтаётган уюшган жиноий гуруҳ ташкил қилиш айбловини 34 кишига нисбатан илгари сурган.

Шу кунларда бу шахслардан 3 нафари ўзларига қўйилган айбларга иқрор бўлган.

Ушбу иқрорликларга сиз қандай муносабат билдирасиз, деган саволни Би-би-си Тайванчик номи билан танилган Олимжон Тўхтаохуновга берди.

Олимжон Тўхтаохунов: Қанақа жараён кетаётганидан менинг умуман хабарим йўқ. Бу ҳолат ҳақида мен умуман ҳеч нарса билмайман. У ерда ким борлигини ҳам билмайман. Нима учун? Менинг орқамдан қандайдир ишлар қилишаяпти. Менинг ўзимнинг эса бирорта ҳам ишдан хабарим йўқ. Мен гап нима ҳақида кетаётганини ҳам билмайман. Агар кимнидир нимадир қизиқтираётган бўлишса, менинг олдимга келишсин, мен ҳар қанақа саволга жавоб бераман. Мендан ҳеч ким бирор нарсани сўрагани йўқ. Ҳеч ким ҳеч нарсада айблагани йўқ. Қандайдир рўзномаларда, Интернетда менинг номимга айбловлар билдирилаётганини билиб қоламан. Гўё мен қандайдир ишларга аралашиб қолган эмишман. Менга қарши қандайдир араблар кўрсатма берган эмиш. Мен эса бундай одамлар ҳақида эшитмаганман, умримда кўрмаганман. Умуман билмайман. Ўзи бу нима деган гап? Нима учун америкаликлар бунақа нарсаларни ўйлаб чиқаришади? Агар уларга нимадир қизиқ бўлса, келиб ўзлари мендан сўрашсин. Нега улар мени сиртдан ҳукм қилишади, 150 йиллик-200 йиллик қамоқ жазоси тайинлашади? Нега бундай, тушунмайман.

Би-би-си: Бугунги кунгача Қўшма Штатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари сизнинг ўзингизга мурожаат қилишганми?

Олимжон Тўхтаохунов: Шу кунгача ҳеч ким мендан ҳеч нарсани сўрагани йўқ. Мен қўлимга бирорта ҳам қоғозни олганим йўқ. Фақат бирорта қариндошим газетада мақолани ўқиб қолиб менга "сен ҳақингда ёзишипти", "сен ҳақингда гапиришаяпти", деб қолади. Менинг ўзим мени нимада айблашаётганини ҳам билмайман. Мендан нимани хоҳлашаяпти, тушунмайман.

Би-би-си: Сизга қарши кўрсатма берган Хиллел Нахмад экани хабар қилинмоқда...

Олимжон Тўхтаохунов: Билмайман. Билишни ҳам хоҳламайман. Буни билиш менга нимага керак? Мен ўзимнинг мамлакатимда яшаяпман. Мен Россия Федерациясида яшаяпман. Мен Россия Федерациясининг қонунларини бузаётганим йўқ. Мен Россиядан ташқарига чиқмаганимга 10 йил бўлди. Қаердадир, кимдир ниманидир содир қилиб қўйган бўлса, менинг бунга қандай дахлим бор? Мен Россияда яшайману, мени Америкада қандайдир ташкилотми-жамият ташкил қилишда айблашаётгани ғалати.

"Тайванчик-Тринчер" ташкилоти

АҚШ ҳуқуқ-тартибот органлари 2013 йилнинг апрелида 34 кишига қарши жиноят иши очган.

Бу шахсларнинг аксари собиқ Шўро республикалари фуқароларидир.

Жиноят ишига кўра, "халқаро уюшган жиноий гуруҳ Нью-Йорк, Киев ва Москва шаҳрида жойлашган ва АҚШ... шунингдек халқаро миқёсда фаолият юритган".

Бу ишга "Тайванчик-Тринчер" ташкилоти деб ном берилган.

Бу гуруҳ аъзоларига пул ювиш ва ноқонуний қимор бизнесини ташкил қилиш айблови илгари сурилган.

Айбловга кўра, "Тайванчик" номи билан танилган асли Ўзбекистонда туғилган, ҳозир Россияда яшайдиган Олимжон Тўхтаохунов "Тайванчик-Тринчер" ташкилотининг раҳбарларидан биридир.

Унинг бу жиноий гуруҳга ноқонуний пулларни ўзлаштириш ва ноқонуний қиморхоналар ташкил қилишда кўмаклашгани ва гуруҳни ҳимоя қилгани айтилади.

Айбловчининг "Тайванчик"ка илгари сурилган айбловига кўра, у "куч қўллаш ва моддий зарар етказиш пўписалари" билан ноқонуний қимор ташкилотларининг мижозлари ўртасидаги баҳсларни ҳал қилиб берган ва 2011 йил декабридан 2012 йил январигача "Тайванчик-Тринчер" гуруҳидан 10 миллион доллар пул олган.

Ноябр ойининг ўртасига келиб айблов илгари сурилган 34 кишидан 14 таси ноқонуний амалларга қўл урганларини тан олганлари хабар қилинмоқда.

12 ноябр куни асли ливанлик 35 ёшли Хиллел Нахмад ўзига қўйилган айбловларга иқрор бўлган.

14 ноябр куни эса жиноий гуруҳ раҳбарларидан бири деб айтилаётган 52 ёшли Вадим Тинчер ва унинг 27 ёшли ўғли Евгений маҳкама қаршисида ҳозир бўлганлар ва ота-бола ҳам пул ювиш ва ноқонуний қиморхоналар ташкил қилиш мақсадидаги жиноий гуруҳни тузиш айбловини бўйнига олган.

Хабар қилинишича, айблов илгари сурилган шахсларнинг айби исботланадиган бўлса, узоқ йиллик қамоқ жазолари мўлжалланган.

Айбга иқрор бўлиш эвазига уларнинг қамоқ муддатлари 10-20 ойни ташкил этиши мумкинлиги хабар қилинмоқда.

Айблов хулосасида Тайванчик собиқ Шўролар Иттифоқи ҳудудидан кам ҳолларда четга чиқади, дейилади.

2002 йилда АҚШнинг Нью-Йорк маҳкамаси Олимжон Тўхтаохуновни Солт Лейк-Сити Олимпиадасида фигурали учиш мусобақалари ҳакамларини сотиб олишда айблаб жиноят иши қўзғатган.

У 2003 йилда Италияда қўлга олинган.

Бироқ Италия олий маҳкамаси АҚШнинг экстрадиция сўровини рад этиб, Олимжон Тўхтаохуновни озодликка чиқарган.

Бу мавзуда батафсилроқ