Баҳодир Сидиқов: 'Араб баҳори -мусулмонларнинг диктатурага қарши курашидир'

Image caption Баҳодир Сидиқов сиёсий Ислом ва Араб давлатларида дунёвийлик мавзуларини ўрганган

BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига Берн Университети тадқиқотчиси, исломшунос ва шарқшунос олим Баҳодир Сидиқов жавоб беради.

Баҳодир Сидиқов 1970 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.

Пойтахтнинг Юнусобод туманидаги 97- ўрта мактабни тамомлаган.

Санкт-Петербург Университетининг Шарқшунослик бўлимида таҳсил олган.

Тошкентдаги Тарих институтида тадқиқотчи, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетларида ўқитувчи, шунингдек, Жаҳон Банкининг Тошкентдаги идораси ҳамда Олмония Халқаро алоқалар ва хавфсизлик тадқиқотлари институтларида маслаҳатчи лавозимида ишлаган.

Олмониянинг Мартин Лютер ва Берлин Озод Университетларида тадқиқотлар олиб борган.

Сиёсий Ислом ва Яқин шарқдаги вазият, Араб давлатларида секуляризм (дунёвийлик) ҳамда исломий жангарилик мавзуларини ўрганган.

Ҳозирда Швейцариянинг Берн Университетида собиқ Русия шарқи (1914 йилгача) га оид тадқиқот устида ишламоқда.

Салом Баҳодир. Билишимча, сиз Ташқи ишлар вазирлигида ҳам бир-икки йил ишлагансиз. Шу жумладан, Президентга ҳам Германия сафаридами ёки Германиядан делегация келгандами, олмон тилидан таржимонлик килгансиз, шунингдек Ўзбекистондаги Даймлер Бенц компанияси ваколатхонасида ҳам хизмат килгансиз?. Савол:Ўзбекистон давлат ташкилоти(ТИВ)да ишлаш жараёнида ташкилотлардаги қанақанги нохуш муҳит ва ҳолатларга гувоҳ бўлдингиз? Ёки ўзбек Фанлар Академиясида олимларни ўзаро нохолис рақобатига дуч келдингизми?.Мард, тошкент

Баҳодир Сидиқов: Ҳа, ҳақиқатан ҳам мен 1992 йилдан 1998 йилгача Ташқи ишлар вазирлигида ишлаганман. Шунинг орасида, 1993-1995 йилларда Даймлер-Бенц компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонасида фаолият олиб борганман. Ўша йиллари Президент аппарати мамлакат раҳбариятининг Германияга сафарлари ёки немис делегациялари билан шартномалар тузиши пайтларида немис тили таржимони сифатида мени жалб қилиб турарди. Турган гапки, ахлоқ нормаларига кўра мен ўша вақтдаги иш фаолиятим хақида батафсил гапира олмайман. Фақат бир нарсани айтишим мумкин: шахсан мен учун ўша кунлар жуда қизиқ давр бўлган. Чунки мен янги давлатнинг ташкил топишини бошидан ва энг яқин «масофадан», яъни ичидан туриб кузатиш имкониятига эга бўлганман. Шу билан бирга бу давр афсусланишлар, кўнгил қолишлар ва амалга ошмаган орзулар пайти ҳам эди. Ўзбекистон халқлари барча ресурс ва имкониятларга эга бўлгани ҳолда, мустақилликка мутлақо тайёр бўлмай чиқишди. Улар самарадор фаолият олиб борувчи давлат институтлари ва бошқариш органларини шакллантира олмадилар, демократик сиёсий маданиятни ярата олмадилар. Бунинг бош сабаби бизнинг менталитетимиздадир. Булар сирасига тарафкашлик, маҳаллийчилик, регионализм, лаганбардорлик, катта миқёсдаги коррупция, демократик қадриятларга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш ва Ўзбекистон жамиятидаги омманинг демократияга қаршилик маданиятини киритиш мумкин.

Фанлар Академиясидаги ҳамкасбларим ҳақида фақат яхши сўзлар айтишим мумкин: уларнинг аксарияти фан фидойиларидир. Улар гуманитар ва фундаментал фанларни маблағ билан қоплаш (фақирона иш хақи бунга кирмайди) мутлақо мавжуд бўлмаган бир шароитда фақирона иш хаққига ишлаб, Ўзбекистон илм-фанини сақлаб қолишга муваффақ бўлиб келаяптилар.

Умуман олиб қараганда, 1992 йилдан кейинги даврни қўлдан бой берилган имкониятлар замони, деб қараш лозим: биз замонавий демократик давлат ва иқтисодий хамда ижтимоий жиҳатдан эффектив бўлган экономикани яратиш имкониятини қўлдан чиқардик. Шу билан бирга, бу даврни қўлдан бой берилган насллар, авлодлар замони деб ҳам қараш мумкин.

Nima uchun islomshunoslik bilan O'zbekistonda shug'ullanmadingiz? O'zimizda manba'lar koproqmasmi? Savolim og'ir botgan bo'lsa, uzr.

Tadqiqotchi, Toshkent

Баҳодир Сидиқов: Исломшунослик билан шуғулланиш учун фақат бирламчи манбаълар билан ишлашнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун мураккаб феномен, ҳодиса бўлган Ислом динини замонавий ва долзарб муаммаолар ҳамда тарихий муҳит билан боғлаб ўрганиш керак. Бунинг учун тадқиқотчиларга эркинлик берилиши ва давлат органлари томонидан қатағон қилинишдан қўрқмаслик шароити мавжуд бўлиши зарур. Турган гапки, «эзоп тили» билан (яъни «қоғозга ўраб») тадқиқот ёзиб, уни чет тилларида хорижда нашр қилиш мумкин. Лекин бундай ҳолатда Ўзбекистонда яшаб қолишнинг нима маъноси қолади?.

Bahodirjon. Ayting-chi, O'zbekistonda terrorizm mavjudmi yoki mavjud emas? O'zbekistonda 25 yildan beri 6 marotabacha har- hil hujum va portlashlar bo'ldi, shundan keyin O'zbek hukumati har safar shu portlashlar ortida chet el homiylari bor, deb 10000 lab o'zbek yosh yigitlari qamaldi, nega?. Faqat bechora O'zbek qamalayapti, shu portlashlarni SNB uyishtirganmi yoki tub halqimiz vakillarimi?.

Ahmad, Toshkent

Баҳодир Сидиқов: Мантиқ фанида шундай гап бор: тўғри тузилган саволнинг ўзи ярим жавобдир. Сизнинг саволингиз тўғри тузилган. Ёпиқ ва антидемократик мамлакат бўлган Ўзбекистонда терроризм ҳодисасини илмий жиҳатдан ўрганишнинг имкони йўқ. Шунга қарамай, уч турдаги терроризм мавжудлигни тахмин қилиш мумкин: биринчиси ва энг мухими, сохта терроризм бўлиб, у давлатнинг ўзи томонидан хар қандай турдаги оппозиция ва норозиликларни босиш учун сохта тарзда уйлаб топилади, уюштирилади. Тингловчи ўзи берган саволида бунга ишора қилиб ўтди. Иккинчиси, бу ички терроризм бўлиб, бунда аҳолининг бир қисми, асосан ёшлар таъқиблар, қатағон сиёсати, оммавий қашшоқлик, ишсизлик ва келажакка ишончсизлик натижаси ўлароқ радикаллашади. Учинчиси, бу хориждан туриб қўллаб-қувватланувчи радикаллар терроризмидир. Бу тур озчиликни ташкил қилади. Улар мавжуд тузумни қуролли қаршилик воситасида алмаштириш зарурлиги масаласини кўтариб чиқади. Улар мамлакат ичида баъзи акциялар ўтказишлари ҳам мумкин. Лекин чет элдан туриб маблағлаштирилувчи терроризм хавфи давлат томондан бўрттириб кўрсатилган бўлиб, у халқ орасидаги хар қандай норозиликни йўқ килиш, эркин ва мустақил мусулмонларни ҳамда, умуман олганда, ҳар қандай турдаги мухолифатни бостириш учун ўйлаб топилади. Лекин бу турдаги терроризм тафсилотларини фақат тахмин қилиш мумкин. Улар хақида бўлиб ўтган ҳодисаларни бетараф, мустақил текширишлар амалга оширилган тақдирдагина бирор нарса билишимиз мумкин, холос. Айни пайтда таъкидлайманки, радикаллашув ва терроризм вужудга келишининг бош сабабчиси давлатнинг ўзи бўлиб, бу унинг аҳолини қашшоқлик, фақирлик ва ҳуқуқсизликка олиб борувчи сиёсати натижасидир.

Muhtaram Bi-bi-si mehmoni!. Sizga savolim- Arab bahori aslida Islom bahoridir, degan fikrga qanday qaraysiz? Suriyadagi voqealar Arab bahori tugaganini angltadimi?. Rahmat

Jahongir, Sankt Peterburg

Баҳодир Сидиқов: «Араб баҳори» - бу, албатта, кўчма маънодаги ибора. Ислом масаласига келсак, мен исломга нисбатан «баҳор», «қиш», «куз» ёки «ёз» сўзларини қўлламаган бўлардим. Ислом дини ё бор, ё йўқ. Ислом дининг на «қишки уйқуси», на «баҳорги уйғониши» бўлади. «Араб бахори»нинг ижтимоий моҳиятига келсак, бу араб халқларининг фуқаролик ва ҳарбий диктатураларнинг кўп йиллик бошқаруви ва халқни эзишга қарши ҳамда ижтимоий адолат ва миллий бойлик ва ресурсларнинг адолатли тақсимланиши учун олиб борган кураши натижасидир. Айни курашнинг Ислом шиорлари остида ва Ислом мафкуравий қобиғида ўтказилиши бежиз эмас. Чунки Араб-Ислом дунёсида аҳолини мобилизация қилишнинг бошқа самарали системаси мавжуд эмас. Бундан ташқари, шуни хам унутмаслик керакки, Араб Шарқидаги диктатурага қарши мусулмон аҳолиси чиқишларида маҳаллий христианлар, масалан, Мисрдаги коптлар ва Суриядаги араб-христианлар ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Менимча, Суриядаги фуқаролар уруши «Араб баҳори»нинг сўнги бўлмай, балки унинг давомидир. Балки, келажакда «Араб баҳори» араб дунёси ҳудудларидан ташқарига чиқиб, Шарқнинг бошқа халқлари «баҳор»ига айланар.

Assalomu alaykum, Islomiy Halifalikni qayta tiklash mumkin, deb oylaysizmi? O'zbekistonda Islomiy davlat qurilishi mumkinmi sizning-cha? Javobingiz uchun oldindan rahmat.

Аbdulfattoh, Seul

Баҳодир Сидиқов: «Ислом халифалиги»га келадиган бўлсак, шуни таъкидлаш керакки, бир дарёга икки марта тушиб бўлмайди. Яъни, ўша қадимги «мумтоз» тарздаги, тарихдан бизга яхши таниш бўлган Ислом халифалигини тиклаб бўлмайди. Бу аниқ нарса. Айни ҳолатда, бугунги «Ислом халифалиги» ғояси остида нима яширинган, деган савол туғилади. Исломшунос сифатида фақат бир нарсани таъкидлай оламан: айни ғояни қайси сиёсий кучлар илгари сурмасин, мазкур ғоянинг сиёсий ёки ижтимоий-иктисодий мазмуни қанчалик турли-туман бўлмасин, унинг ортида халқнинг адолатли ҳукмдор, адолатли бошқарув ва ижтимоий адолат хақидаги орзу-умидлари ётади. Нега айнан «Ислом халифалиги» восита қилиб олинмоқда? Ҳамма гап шундаки, дунёвий давлат ва уни бошқариш ғояси Араб-Ислом дунёсида ҳам, Кавказ ва Ўрта Осиёда ҳам ҳарбий ва фуқаролик диктатураларининг ўн йиллаб ҳукмронлик қилишлари ортида уларга бўлган ишончнинг йўқолишидан келиб чиққан. Сабаби айни диктатуралар бир гуруҳ одамлар манфаатлари учун хизмат қилиб, халқнинг миллий бойликларини талон-торож этаяптилар ва халқнинг катта қисмини қашшоқ яшашга маҳкум этиб келмоқдалар. Шунинг учун балки, «Ислом халифалиги» лойиҳаси кўплаб мусулмонларга, шу жумладан, Ўзбекистон мусулмонларига илҳом берувчи ғоя, назария ва амалиётга айланиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бошқача қилиб айтганда, «Ислом халифалиги» бугунги кунга келиб мусулмонларнинг ўзига хос Сионига айланмоқда ва унга миллионлаб мусулмонларнинг ниятлари ва ҳиссиётлари қаратилгандир.

Бу мавзуда батафсилроқ